Яна бир прокурорнинг ҳибсга олингани хабар қилинмоқда



 
  Расм манбаси : Баҳром Қобилов. Халқаро пресс-клуб

Баҳром Қобилов ўз вақтида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосарлигигача кўтарилган. Охирги марта Бўка тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётганди. Уни “Рашит Қодиров иши” фигурантларига нисбатан қийноқлар қўллаганликда айбланаётганлиги айтилади

“Озодлик” радиоси ўз манбаларига таяниб, Тошкент вилояти Бўка тумани прокурори Баҳром Қобиловнинг қўлга олингани ва унга жиноят иши очилгани ҳақида хабар берди. Айтилишича, Қобилов 12 март куни ўз кабинетидан қўли кишанланган ҳолда олиб кетилган.

Терговга яқин бўлган ҳуқуқшуноснинг “Озодлик”ка билдиришича, у Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Қодировни тергов қилиш пайтида унга ва ушбу жиноят иши фигурантларига нисбатан қийноқ ва рухсат берилмаган тергов усулларини қўллаганликда айбланмоқда.

Қобиловга “қамоқ” эҳтиёт чорасини белгилаган Республика ҳарбий суди вакили "барча қарор ва ҳужжатларга "давлат сири" деган муҳр босилгани ва шу боис матбуот ҳамда жамоатчиликка ошкор қилинмаслигини" айтиб, маълумот беришдан бош тортган.

“Озодлик” манбаларининг иддаосига кўра, “Қобилов собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан очилган жиноят ишини олиб борган тергов гуруҳини бошқарган Улуғбек Тошев билан биргаликда “Қодиров иши” фигурантларини тергов давомида қийнагани юзасидан” гумон қилинган. Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев қўлга олингани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

“Қодиров иши”га терговчи сифатида жалб қилинган пайтда Қобилов Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси терговчиси бўлган.

Баҳром Қобилов Бош прокуратура тизимида Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимигача кўтарилган.

Турли йилларда Тошкент шаҳар, Миробод туман прокуратурасида терговчи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармасида алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимларида ишлаган.

Кейинроқ бошқарма прокурори, 2018 йилнинг май ойида эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси бошлиғи лавозимига тайинланган Коленко Евгений Вячеславович ўрнига бошқарма бошлиғи ўринбосарига айланганди.

Қобилов Тошкент вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи сифатида ишлаëтганида президент танқидига учраган ва 2018 йил 23 октябрида лавозими пасайтирилиб, яқингача Бўка тумани прокурори сифатида ишлаëтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Баҳром Қобилов 2018 йилда журналист Бобомурод Абдулла ишида давлат қораловчиси сифатида ҳам иштирок этган.

2019-03-20 12:50:24  |  2519 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация