Ўзбекистоннинг Cайлов кодекси ишлаб чиқилди



 
  Расм манбаси : Бобруйский курьер

Ўзбекистонда сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартлар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда сайлов тизими ва қонунчилиги босқичма-босқич либераллаштирилади.

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4004-сонли қарорида ўз аксини топган.

Президент қарорида эътироф этилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда демократик тамойиллар ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Дастур билан лойиҳани кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш (15 ноябргача), шунингдек, уни ЯИДХПга жойлаштириш режалаштирилган. Шундан кейин кодекс қабул қилинади (ноябрь-декабрь), амалдаги қонун ҳужжатлари унга мувофиқлаштирилади (2019 йил январь-февраль) ва унинг асосида қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилади (2019 йил март).

МСК Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда сайлов жараёнига “битта сайловчи – битта овоз” тамойилини амалга оширишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини жорий этиш бўйича ҳам иш олиб бормоқда.

Президент қарорида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва котибияти ходимларининг штат бирликлари, уларга ҳақ тўлаш тартибига ҳам ойдинлик киритилган.

Хусусан, энди МСКнинг 7 нафар аъзоси, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котиби доимий асосда ишлайди. 2019 йил 1 январдан бошлаб олий юридик маълумотга эга бўлган доимий асосда ишловчи аъзолар ва Котибият ходимларига адлия идора ва муассасалари ходимлари учун назарда тутилган унвон-мартаба даражалари берилади ҳамда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ва қўшимча ҳақ тўланади.

Эслатиб ўтамиз, МСК аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларига тенглаштирилган эди.

2018-11-09 15:39:04  |  2147 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация