Адвокатура соҳасида оғир жудолик!
“Санджар Якубов адвокатлари” ҳайъатининг бошқарувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар номзоди Якубов Санджар Ахмеджанович 21 март куни 91 ёшида оламдан ўтди.
Асрга татигулик умри мобайнида бир неча авлод ҳуқуқшуносларни тарбиялаган Санджар Ахмеджанович мустақил юртимизнинг юриспруденция соҳаси тарихида янги саҳифа очган инсон, замонамиз қаҳрамони ва фахри сифатида таниқлидир. Кўпсонли шогирдлари ўз фаолиятларида устозларига ҳамиша тақлид қилиб, ундан андаза олиб келишлари баробарида, унинг ҳаётий матонатига, қатъиятига ва меҳнатсеварлигига ҳамиша тан бериб, эътироф этиб келганлар. Қолаверса, Санджар Ахмеджанович ўз юртининг фидойиси қандай бўлиши кераклигини, касбий фаолиятда учрайдиган қийинчиликларни қандай енгиб ўтиш ва тақдирини ишониб топширган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қандай ҳимоя қилиш лозимлигини ҳам ҳаётининг сўнгги кунларигача амалда намоён этиб яшади. Зеро, унинг ўзи турмушнинг оғир синовларидан ўтган, истибдоднинг адолатсиз сиёсати захмини тотган эди... Отаси қатағон туфайли қамалиб қолиб, “Ташсельмаш” заводида мина ишлаб чиқаришдек оғир ишларни бажаришга мажбур бўлган 14 ёшли ўспирин ҳаётнинг барча машаққатларини матонат билан енгиб ўтиб, алаоқибат ўзи суйган касбдан обрў-эътибор топишга муяссар бўла олди.
Санджар Ахмеджановичнинг борлиги адвокатура институти учун ҳам катта бахт, ютуқ ва мукофот бўлиб келган. Айниқса Ўзбекистон ўз давлатчилигини барпо эта бошлаган даврда Санджар Ахмеджанович ҳамиша энг зарур вақтда ва энг зарур жойда ҳозир бўлди. Жуда тўғри ва аниқ қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш, қонунчилик базаси пойдеворини солиш керак бўлган ўша даврда Санджар Ахмеджанович, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларини, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги иккита қонунни, “Адвокатура тўғрисида”ги ҳамда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этди. Шунингдек, у ўз даврида юрт бошига бало бўлган “пахта иши” жабрдийдаларини оқлашда катта жонбозлик кўрсатган ҳуқуқшунослардан бири ҳамдир.
Санджар Ахмеджановичнинг шахсий ҳаётдаги энг катта ютуқларидан бири — ўзига муносиб, издош фарзандларни тарбиялаб етиштиргани. Жумладан, унинг катта ўғли Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Александр Якубов ИИВ Академияси бошлиғи лавозимидан нафақага чиққан бўлса, иккинчи ўғли Искандер Якубов ўз адвокатлик бюроси орқали ҳуқуқ ва бизнес консалтинги соҳасида фуқаролар ва тадбиркорларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
— Республикамизда адвокатура тизимида фаолият юритаётган барча адвокатлар, ҳуқуқшунослар ҳамда Адвокатлар палатаси раҳбарияти номидан уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, — дейилади Палата сайтидаги таъзияномада. — Санджар Якубовнинг ёрқин хотираси ҳар биримизнинг қалбимизда ўчмас из қолдирди, унинг адвокатура институти ривожига қўшган ҳиссаси ҳамкасб ва шогирдларига доимо асқотади ҳамда тарих зарварақларида муҳрланиб қолади.
Марҳумнинг охирати обод бўлсин!
3 изоҳлар
1.Абдуллаева махсуда абдуразаковна
Техник хатолар учун узр
2.Абдуллаева махсуда абдуразаковна
Санджар ахмеджанович устозимиз эдилар оллох разматига олган булсин охиратлари обод булсин. Оиоа аьзоларига хамлардлик биллираман
3.Холмурод Исанов, юридик фанлар номзоди
Адвокатлар устози Санджар Ахмеджановични Аллох рахмат килсин. Охиратлари обод булсин. Якинларига хамдардлик билдираман.
Изоҳ қолдириш