Муаммолар муҳокамаси учун очилган Халқаро мулоқот майдони



 
  Расм манбаси : 

Жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари  Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» Миллий мажмуасида «Tashkent Law Spring» («Тошкент ҳуқуқ баҳори») халқаро юридик­форуми бўлиб ўтди. Ҳуқуқ соҳасининг 1000 дан ортиқ вакиллари ва экспертларини жамлаган, жумладан, дунёнинг 40 та мамлакати ва халқаро ташкилотларидан 250 га яқин етук мутахассислар ташриф буюрган мазкур йирик тадбирда 100 га яқин маҳаллий ва хорижлик адвокатлар ҳам иштирок этди. Биз ушбу тадбирни Advokatnews.uz сайти орқали он-лайн тарзда ёритишга, шунингдек, маърузачи ва экспертлар билан қисқа суҳбатлар ҳам ташкил этишга имкон қадар ҳаракат қилдик. Шундай бўлса-да, электрон нашримизни кузатиб бориш имкони ҳаммада бўлмаганлигини инобатга олган ҳолда, мазкур тадбирнинг мағзини мухтасар ҳолда журналимизда ҳам чоп этишга қарор қилдик.

Яхши ниятлар билан...

Форумнинг асосий иш вақти ҳали бошланмасидан турибоқ катта айвонда кимдир кимни қучоқ очиб қаршилаётган, кимлардир ўзаро қизғин суҳбатлашаётган, яна кимлардир гуруҳ-гуруҳ бўлиб суратга тушаётган бир жараён вужудга келдики, шу ҳолатнинг ўзи ҳам алоҳида бир йирик тадбирга қиёслагудек эди. Бундай фурсат, айниқса, мухбирлар учун айни муддао — бурчак-бурчакда суҳбатларни тасвирга тушириш, овоз ёзиш ишлари бошланиб кетган. Шулар қатори биз ҳам меҳмонлар орасидан адвокатларни топиб, уларнинг ушбу йирик анжумандан нималар кутаётгани билан қизиқдик:

Юрий ПИЛИПЕНКО, Россия Федерацияси Федерал адвокатлар палатаси президенти:

– Тошкентга биринчи келишим. Тан олишим керак, шаҳар менга жуда ёқди. Кеча маза қилиб Тошкентни айландим: анчадан бери бунақа озода, кўкаламзор шаҳарни кўрмаган эдим.

Бутун дунёдан бир талай мутахассисларни, меҳмонларни тўплаган халқаро юридик форум айнан шу шаҳарда ўтказилаётганидан хурсанд­ман. Тушунишимча, бу ўзбек давлати ҳаётидаги янги анъана. Форум жараёнида бепул ҳуқуқий ёрдамга бағишланган жиддий мунозаралар бўлади. Биз, россиялик адвокатлар, ўз қонунчилигимиз, ўз ютуқларимиз ва хатоларимиздан келиб чиққан ҳолда тажрибаларимизни баҳам кўришга тайёрмиз.

Ўйлайманки, ўзбекис­тонлик ҳамкасбларимизнинг ҳам бизга айтадиган гаплари кўп. Уларнинг тажрибалари билан танишишни хоҳлаймиз, улардан ўрганадиган жойларимиз борлигини биламан.

 

Азиз САТТОРОВ, «Reliable Lawyer» адвокатлик фирмасининг бошқарувчи ҳамкори:

— Биз ушбу кенг кўламли анжумандан янги ғоялар, илғор мақсадлар ва дадил ташаббуслар кутмоқдамиз. Бу майдон долзарб масалаларни муҳокама қилиш, конструктив мулоқот олиб бориш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

Ўйлайманки, биз Ўзбекистонда мазкур соҳада мавжуд оғриқли саволларни муҳокамага кўтариб чиқиб, форум якунларига кўра муайян ижобий ўзгаришлар бўлишига эришамиз, зеро бу қонунчилигимизнинг такомиллашувига хизмат қилган бўлур эди. Адвокат сифатида мен учун энг муҳими эса, янада сифатли ва малакали юридик хизматлар кўрсатиш, хизматлар кўламини кенгайтириш масаласидир. Халқаро миқёсда бу қандай амалга оширилишини билиш, тажриба алмашиш ва уларнинг фаолиятини яқиндан ўрганиб, орттирган билимларимни келгусида одил судловни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва адвокатура институтини ҳимоя қилишда татбиқ этиш ниятидаман.

Биз Ўзбекистонда асосан процессуал қонунчилик бузилиши ҳоллари билан тўқнашамиз. Албатта, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳуқуқий соҳада қатор ўзгаришлар юз бермоқда. Жиноят ишларида оқлов ҳукмлари кўпая бош­ланганини кўриб турибмиз. Шундай бўлса-да, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига янада эътиборли бўлишимиз керак, зеро, бу юриспруденциянинг пойдеворидир.

 

Салимжон ЖЎРАЕВ, «Imkoniyat» адвокатлик фирмаси адвокати:

– Форумга ўзимни жуда қизиқтирадиган саволларга жавоб олиш, хорижнинг илғор тажрибаларидан хабардор бўлиш учун келдим. Хусусан, юридик компанияларни самарали бошқаришнинг замонавий методларини чуқурроқ ўргансам, кейинчалик амалиётда ўзимга ҳам, фирмамиз мижозлари учун ҳам фойдали бўлур эди.

Бизда адвокатлик ташкилотлари фирма, бюро ва ҳайъат шаклида фаолият юритса, чет элда асосан масъулияти чекланган жамият, ижтимоий шерикчилик асосида ташкил қилинган. Бу тажрибани кенгроқ ўргансам, миллий шароитимиздан келиб чиқиб, адвокатуранинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини ўзгартириш юзасидан таклифлар киритиш ниятим бор.

2016 йилда Қўшма Штатларда бўлиб, жиноят ҳуқуқи бўйича ҳимояни амалга ошириш масалаларида тажриба алмашдик. Ундан аввал Украинага, Россияга борганман. Хусусан, АҚШда одил судлов билан келишув битими тузиш амалиёти маъқул тушган, буни босқичма-босқич Ўзбекистонда ҳам татбиқ этиш мумкин, деб ўйлайман.

 

Муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапиришга тайёрмиз!

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек ДАВЛЕТОВ сўзга чиқиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар йўлига кирган мамлакатимиз олдида турган ҳуқуқий муаммолар ҳамда бу борадаги асосий вазифаларга алоҳида тўхталди:

– Бугун жамиятимизни янгилаш, унинг демократик асосларини мус­таҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритар эканмиз, биз бу жараёнда муаммодан холимиз деган фикрдан йироқмиз. Чунки модернизация ва трансформация жараёнига халақит бераётган, йиллар давомида ечилмасдан келаётган турли хил муаммолар ҳозирги кунда мавжуд, ҳуқуқий таҳдидлар ҳануз сақланмоқда. Бу ҳақида биз очиқ-ойдин гапиришга, халқаро ҳамжамият билан уларнинг ечимлари устида ишлашга тайёрмиз.

Рухсат берсангиз, бугунги кунда Ўзбекистон олдида турган ҳуқуқий вазифалар ҳақида сўз юритсам ва биз ишлайдиган энг устувор йўна­лишлар бўйича фикр алмашсам.

Биринчидан, бу бугунги кундаги қонунлар ижросидир. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегия­си доирасида 90 та қонун, 2000 га яқин қарор ва фармонлар қабул қилинган. Бугунги кунда энг долзарб масала – бу уларни амалда татбиқ этиш.  

Иккинчидан – бу инвестиция соҳаси. Инвестицияларсиз Ўзбекистон ривожланмаслигини тан оламиз. Бунинг учун эса муҳит яратиш керак. Бунда юристларга катта масъулият юкланади. Қабул қилинаётган қарорлар барқарорлиги, келаётган инвестор уни нима кутаётганини билиши ва ҳар қандай давлат органининг бу мақсадда бирлашиши мақсадга мувофиқ. Юз бераётган ўзгариш­ларга ҳамма гувоҳ: молия-банк, солиқ сиёсати соҳасида, рақамлаштириш бўйича 2030 йилгача давлат дастури ишлаб чиқилди, ҳаттоки ерни хусусийлаштириш биринчи марта қонуний асосга эга бўлади. Бу жараённи секинлаштириб бўлмайди. Бугун муҳит яратсак, эртага бизга инвестор келади.  

Учинчи йўналиш – бу мулк ҳуқуқи. Мулк ҳуқуқини қадрият сифатида қадрлаш керак. Шунинг учун ҳам унинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича чора қабул қилиш жуда муҳим масала.

Тўртинчи масала – меҳнат қонунчилигини либераллаштириш. Чунки бизнинг Меҳнат кодексимиз ўша собиқ Иттифоқ даврида шаклланган концепция асосида бугунги кунгача сақланиб қолган. Унда эса хусусий секторга хос бўлган мослашувчанлик принципи етишмайди.

Бешинчиси – фуқаролик қонунчилиги. Оператив ва хўжалик бошқаруви деган жиҳатларни концептуал томондан ўрганиш лозим.

Олтинчиси – қишлоқ хўжалиги. Бу соҳага ҳам замонавий бошқарув механизмларини татбиқ қилиш лозим. Бизга кластер деган институт кириб келди. Буларнинг ҳаммасини ҳуқуқий томондан тартибга солиш муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Биз бу борада кўмакчи бўлиб қоламиз. Бундан ташқари, тобора шиддат билан ривожланиб келаётган интернетдаги муносабатларни тартибга солиш (блокчейн) бўйича илк изланишларни бошладик. Қолаверса, биз ҳозирданоқ ўзимизга 15 йилдан кейин Ўзбекистон ҳуқуқ нуқтаи назаридан қанақа бўлиши кераклиги ҳақидаги саволларни беришимиз керак.

 

Меҳмонлардан тажриба ва таклифлар

Очилиш маросимида сўзга чиққан хорижлик меҳмонлар иштирокчиларни ушбу йирик анжуман билан табриклаб, форум ишига муваффақият тилар экан, фурсатдан фойдаланиб, ўз мамлакатлари қонунчилиги тажрибалари ­билан ҳам ўртоқлашдилар:

Кэролин ЛЕММ, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси, «White & Case» халқаро юридик фирмаси бошқарув партнёри (АҚШ):

– Административ қонунларнинг сонини камайтиришга ҳаракат қилиш керак, ортиқча нормалар чиқариб ташланса, ноўрин аралашувларнинг олди олиниб, шу орқали иқтисодиёт секторларининг бемалол ишлаши учун шароит яратилади. Фаол админист­рация масаласида биз тез ўзгарувчи муҳитларга мослашиш ҳақида ўйлаймиз ва ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзгараётган муҳитга ўз вақтида жавоб бериш учун самарали инструментларни қўллаш зарур. Қонунларни ишлаб чиқаётганда ҳар хил соҳадаги одамларнинг фикрларига қулоқ тутишимиз керак, чунки қонунлар уларнинг ҳаётига бевосита таъсир қилади.

 

Эдвин ТОНГ, Сингапур ҳуқуқ ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат катта вазири:

— Сингапурда ҳам Ўзбекистондаги каби турли миллат вакиллари бир оила бўлиб яшайди. Юртингизга биринчи бор келишим бўлса-да, менда жуда илиқ таассурот қолдиряпти. Ҳудудимиз Ўзбекистондан 600 марта кичик, табиий ресурслар йўқ, аҳолимиз 5,5 миллион.

Биз ҳам бошқа давлатлар каби мустақиллигимизнинг илк йилларида қийинчиликларга дуч келганмиз. Бу қийинчиликдан асосан қонунчиликни такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш орқали қутулдик. Хусусан, «Қонунлар – фақат Сингапур аҳолиси учун» деган маънога амал қилиб, ўзимизнинг юриспруденциямизни яратдик.

Айниқса, мамлакатда инвестициявий муҳитни яратишга алоҳида эътибор қаратдик. Бунинг учун аввало чет элликларнинг юртимизга инвестиция киритишлари ва эмин-эркин фаолият юритишлари учун қонуний шароит яратдик, соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни кучайтирдик. Бу эса бизнинг иқтисодиётимизнинг ривожланишида, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб келяпти.

 

Альберто МОРА, Ҳарвард университети профессори, АҚШ Юристлар ­ассоциацияси Ҳуқуқ устуворлиги департаменти директори:

– Ўзбекистон олдида турган муҳим вазифаларга келсак, биринчи нав­батда, инвестицион иқлимни яратишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, фуқаролик жамиятининг ролини ошириш ва, албатта, адлия тизимини ислоҳ қилиш керак.

Тўғридан-тўғри хориж инвестициялари Ўзбекистоннинг келажаги учун катта аҳамиятга эга. Бу иқтисодиётнинг тараққий этиши, янги иш ўринлари ва барқарорлик деганидир.

Қонун устуворлиги бизнес учун ниҳоятда зарур. Ўзбекистонга четдан келувчилар узоқ муддатли аҳд билан келишини назарда тутсак, қонун устуворлиги жуда ҳам муҳим. Низоларни ҳал қилиш масаласи адлия тизимига асосланган, шаффоф ва адолатли бўлиши керак. Шу боис ҳам ҳуқуқ устувор мамлакатга инвестиция оқими катта бўлади.

Шунингдек, жиноят ҳуқуқи ҳам муҳим йўналиш. Айбланган инсонларнинг ҳуқуқлари таъминланиши лозим.

Фуқаролик жамияти ташкилотларининг фаол иштироки Ўзбекистонга Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларига эришишга ёрдам беради. Улар жуда муҳим шериклар ҳисобланади мамлакатнинг ривожланишида. Давлат уларнинг эҳтиёжларини қондиришга алоҳида эътибор қаратиши керак. Зеро, улар ўз ҳуқуқларини талаб қила олмайдиган инсонларнинг фикрларини, талабларини давлатга етказувчи бўғин ҳисобланади.

 

«Энг яхши корпоратив юридик хизмат»

Форумда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган «Энг яхши корпоратив юридик хизмат» республика танловининг натижалари эълон қилиниб, ­ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Биринчи ўринга муносиб деб топилган ­«ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» корхонасининг юридик хизмати 1-даражали диплом ҳамда 10 000 000 сўм пул маблағи билан тақдирланди. 2-даражали диплом ҳамда 5 000 000 сўм пул маблағи «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга, 3-даражали диплом ҳамда 3 000 000 сўм пул маблағи «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖга насиб этди.

Шунингдек, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда «Ипак Йўли» АИТБ «Намунали юридик хизмат» сертификати билан тақдирланди.

 

Форумда «Юридик хизматлар» ­йўналиши

Форумнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан юритиладиган «Юридик хизматлар» йўналиши муҳокамалари режалаштирилган бўлиб, унда қуйидаги мавзулар бўйича маърузалар кўзда тутилган эди:

«Ёпиқ ва очиқ юридик хизматлар бозори: қай бирини танлаш керак?»

Маърузачи: Юрий Пилипенко, Россия Федерацияси Адвокатлар палатаси президенти.

«Pro bono ва давлат томонидан молиялаштириладиган юридик ёрдам:

мувозанатни таъминлаш».

Маърузачи: Фред Хюстон, Ҳуқуқий ривожланиш халқаро ташкилоти (ҲРХТ)нинг ­Марказий Осиё бўйича минтақавий директори.

«Россияда адвокатлик тузилмаларининг турлари».

Маърузачи: Сергей Бородин, Халқаро адвокатлар (ҳамкорлиги) уюшмаси вице-­президенти (Россия).

«Бизнес ривожига юридик хизматнинг таъсири: адвокатуранинг аҳамияти».

Маърузачи: Виктор Чайчиц, Беларус Республикаси адвокатлар ҳайъати раиси, ­Беларус Республикасининг Миллий кенгаши сенатори.

«Халқаро юридик амалиётнинг энг илғор тажрибаси – халқаро юристнинг ­қарашлари».

Маърузачи: Киран Гор, Америка юристлари ассоциацияси аъзоси, Ж.Вашингтон ­номидаги университет профессори (АҚШ).

«Адвокатлик фаолияти: энг яхши амалиёт».

Маърузачи: Лиза Ричман Келли, «McDermott Will and Emery» халқаро юридик ­фирмаси ҳамкори (АҚШ).

«Хитойда халқаро юридик фирмаларнинг фаолиятини тартибга солиш режими».

Маърузачи: Чжан Чженли, «ДэХэн» юридик офисларининг партнёри, Пекин адвокатлар ассоциацияси Ташқи ишлар департаментининг аъзоси (ХХР).

«Юридик хизматлар сифатини қай тарзда баҳолаш керак?»

Маърузачи: Дариус Гибашевич, « GIBASIEWICZ » юридик фирмасининг адвокати (Польша).

 

«Тажрибаларни ўртоқлашиш ­имкони»

«Юридик хизматлар» йўналишидаги муҳокамаларни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров кириш сўзи билан очиб, ўз нутқида Россия, Беларусь, Туркия, Озарбойжон, Хитой, Қўшма Штатлар ва Европадан ташриф буюрган ҳамкасбларига миннатдорлик билдирди:

– Форум шундай майдонки, у ҳамкасбларга юзма-юз мулоқот қилиб, ўз ютуқлари ва ­камчиликлари, назарий режалари, қарашларини муҳокама қилиш, таж­рибаларни ўртоқлашиш имконини беради. Бундай йирик анжуманга ташриф буюрганингиз учун ҳаммаларингизга раҳмат айтмоқчиман.

Бугунги иш куни­миз жуда қизғин ўтади. Бу даврада профессионал адвокатлар билан бирга юридик хизмат бўйича машҳур мутахассисларнинг ҳам жам бўлгани биз учун айни муддаодир.

 

Роботларнинг келиши — хавотирли!

Россия Федерацияси Адвокатлар палатаси президенти Юрий ­ПИЛИПЕНКОнинг маърузасида ҳозирги кунда ривожланган мамлакатларда кузатилаётган хавотирли тенденция ҳам тилга олинди.

Маърузачининг сўзларига кўра, бугунги кунда юридик хизматлар бозорининг инсон билан робот ўртасида тақсимланиши жараёни кетмоқда. Қатор ҳуқуқий процесслар юристлар иштирокисиз кечаётир.

«Никоҳ бекор қилингани ҳақидаги ҳужжатни олиш учун интернетда бир нечта «дарча»да бланка тўлдириш кифоя қиляпти, – дейди эксперт. – Аҳоли билан ишлайдиган кўплаб йирик корпорациялар яқин йилларда аксарият юрист­ларини бўшатиб юборади. Масалан, банклар ипотека кредитларию шартномалар тўлдириш билан шуғулланаётган мутахассислардан воз кечиши аниқ бўлиб қолди. Биз ишимизни роботларга бериб, бекор қолмаслигимиз керак. Акс ҳолда циви­лизация сифатида ҳалокатга учраймиз»2.

 

«Грузияда Pro bono мукаммалликка анча яқин»

Ҳуқуқий ривожланиш халқаро ташкилоти (ҲРХТ)нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ­директори Фред ХЮСТОН ўз ­маърузасида постсовет ­маконидаги давлатларда Pro bono тизимини ­жорий этиш борасидаги аҳволни қисқача ­таҳлил қилди.

— Pro bono доираси, албатта, бутун мамлакатни қамраб олган бўлиши, жўғрофий жойлашувидан қатъий назар, барча ҳудудлар аҳолисини бирдек таъминланмоғи лозим, — дейди у. — Шунингдек, бундай ёрдам ортида инсон тақдири ётар экан, у жудаям сифатли бўлиши шарт.

Хўш, юридик ёрдам билан таъминланганлик даражаси қайси давлатда қандай?

Масалан, Қирғизистонда юридик ёрдам кўрсатиш бўйича Миллий кенгаш фаолият кўрсатса-да, ҳали ечилмаган муаммолари кўп. Жумладан, аҳолини Pro bono билан таъминлаш учун қанча ҳуқуқшунос кераклиги ҳам аниқланмаган. Чунки бунга бюджетдан етарлича маблағ ажратилмаган, зарур маблағлар учун манбалар мавжуд эмас. Pro bono фақат талаб бўлгандагина кўрсатилади.

Қозоғистонда эса,  маълумотларга қараганда, давлат Pro bono бўйича нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан шартнома тузиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга келишиб олиб ишлайди.

Грузияда эса тамомила бошқача шароит. Давлат нафақат жиноий ишларга тааллуқли масалаларда, ҳатто оилавий низоларни бартараф этишда ҳам фуқароларга алоҳида ҳуқуқий кўмак беради. Бу борада жуда ҳам ривожланган қонун намунаси мавжуд. Ҳуқуқий хизмат шу даражада сифатли йўлга қўйилганки, адвокатнинг олдига борсангиз, албатта бир соат вақт ажратиб, сизни тинглайди ва керакли маслаҳат беради. Тўлиқ, сифатли юридик ёрдам кўрсатади. Бу жуда ҳам жиддий ва мустаҳкам тизим. Бу тизимдаги ҳуқушунослар ташқаридан борган мижоз билан ишламайди. Улар фақат рўйхатда кўрсатилган тоифадаги мижозларгагина ёрдам кўрсатишади. Умуман, бу мамлакатда Pro bono марказлашган ҳолда бошқариб турилади. Бу муҳим, чунки Pro bono билан банд бўлган адвокат албатта ­таъминланиб, рағбатлантириб турилиши керак.

АҚШда ҳам иккита тизим бор: давлат таъминотидаги ва хусусий ёрдам тизими. Pro bono тизими давлат таъминотида бўлиб, унда ишлайдиган авокатларнинг ойлигини ҳукумат тўлайди ва улар  бу тизимда тўлиқ маош олиб ишлашади. Адвокатлар ўз фирмаларини очишдан олдин шу тизимда 5-6 йил ишлаб, каттагина тажрибани қўлга киритишади.

Канадада эса озгина фарқ бор. Аввало Ғарб дунёси каби бу ерда ҳам адвокатлар диққат билан ишлашади. Чунки мижоз адвокатнинг ишидан кўнгли тўлмаса, уни судга беради-да! Шу боис Канада мазкур тўловни ҳам суғурталаш бўйича қарор қабул қилди.

Германияда юрист маълум бир иш ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаса, ишдан воз кечишга ҳақли. Мижоз ҳам ўзи хоҳлаган ҳуқуқшуносни танлаши мумкин. Аммо унга мурожаат қилиб, ўзи ҳақида гапириб  бериши учун 10 евро тўлайди. Қизиғи шундаки, бу мамлакатда ҳуқуқшунослар ўзининг оила аъзолари ва қариндошларига ёрдам кўрсатиши мумкин эмас.

Бизнинг ўрганишларимиздан келиб чиқиб айтаманки, агар Pro bono масаласини яхши йўлга қўйишни режалаштирсангиз, кўпроқ Грузия тажрибасини, уларнинг бу борадаги қонунчилигини ўрганиб, ўзларингиздаги ҳолат билан солиштириб чиқсангиз, кўп нарсага ойдинлик киритиб олишларингиз мумкин деб ўйлайман.

Албатта судларда одамларнинг ўзлари учун ўзлари адвокат ёллаши ҳамиша ҳам арзон хизмат эмас. Шу боис бу борада уларга ёрдам керак. Уни қайси йўл ­билан ҳал этишни эса мамлакатдаги ҳолатдан ва салоҳиятингиздан келиб чиқиб ҳал қиласизлар. Лекин, унутмаслик лозимки, бутун дунё учун хос бўлган битта қоида бор — бу ҳуқуқий жамиятда ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқароларга юқори сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатилишига эришишдир.

 

Мижоз билан шошилмасдан гаплашиш керак!

«McDermott Will and Emery» халқаро юридик фирмаси (АҚШ) ҳамкори Лиза Ричман КЕЛЛИ ўз нутқида кўпроқ адвокат этикаси билан боғлиқ масалаларга тўхталди:

– Адвокатлар ўз мижози билан шошилмасдан, бемалол гаплашишлари керак. Чунки, хотиржам сўзласангиз, мижоз ўзини эркин тутади ва саволларини беришда қийналмайди. Тасаввур қилинг, ҳамсуҳбатингиз билан гаплашиб ўтирибсиз, тез-тез, шошиб гапирсангиз у қандай аҳволга тушади, аксинча, бемалол мулоқотга киришсангиз, у ўзини эркин тутади ва сиздан тортинмасдан, дилдан суҳбатлашади.

Худди шундай, бирор мавзу юзасидан тақдимот ўтказаётганингизда ҳам шошилманг. Ана шунда гапларингиз ҳавога учиб кетмайди, аксинча самара беради. Ахир, мақсад натижа-ку!

 

Бир йилда ўндан ортиқ оқловга эришган адвокат ғолиб!

Tashkent Law Spring форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан ташкил этилган «Энг яхши адвокат» ва «Энг яхши адвокатлик тузилмаси» танловлари ғолиблари эълон қилинди:

«Энг яхши адвокат» – Қашқадарё вилоятидаги «Protsessual kafolat» адвокатлик бюроси адвокати Каттабоев Сафар Ашурович;

«Энг яхши адвокат­лик тузилмаси» – «SEVINCH» адвокатлик ҳайъати (Ҳайъат раиси Абдивали Норбоев).

Ўзбекистон Респуб­ликаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров «Йилнинг энг яхши адвокати» йўналишида ғолиб бўлган адвокат Сафар Каттабоевга мукофот ва эсдалик совғаларини топширишдан олдин, танлаш жараёнига тўхталиб ўтди.

– Адвокатлар палатаси вакиллари ва амалиётчи адвокатлардан иборат Ишчи гуруҳга 50 дан ортиқ номзод тақдим этилганди, – деди А.Эрназаров. – Танлаш хийла қийин бўлди. Шунда Сафар Катта­боев фаолиятидаги бир жиҳат эътиборимизни тортди: у 2018 йилда ўндан ортиқ оқлов ҳукми чиқарилишига эришган экан! Бизнинг-ча, бу натижа алоҳида ­эътирофга лойиқ.

 

Туркий тилли ва қардош давлатлар ­адвокатлари уюшмасига таклиф

Режадаги маърузалардан сўнг, муҳокамалар пайтида турли мамлакатлар адвокатлар уюшмаларидан вакил сифатида ташриф буюрган меҳмонларга ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан қисқача ўртоқлашиш учун имкон берилди.

– Давлатларнинг миллий қонунчилигида, халқаро шартномаларда «адолат», «инсон ҳуқуқлари устуворлиги» ва «тенг ҳуқуқлилик» каби гўзал ва ажойиб тамойиллар акс этади. Бироқ, дунё шундайки, бу гўзал тамойиллар ҳаётда ҳар доим амал қилади ёки тўла ва тўғри татбиқ этилади, дея олмаймиз. Ушбу муқаддас тамойиллар амалга оширилмоғи учун ҳам жамиятнинг адвокатларга эҳтиёжи бор, – деди жумладан ўз фикрлари билан ­ўртоқлашган Туркия адвокатлар ҳайъатлари иттифоқи вакили Кюршат КАРАЖАБЕЙ.

Туркиялик меҳмон адвокатларни миллий ва халқаро миқёсда доимий ва қизғин ҳамкорлик олиб боришга чақирди:

– Ҳар ким ҳуқуқбузарлик содир этиши мумкин. Шундай ҳоллар ҳам бўладики, мутлақо айбсиз одам қонунни бузганликда айбланади. Бундай пайтда адвокат – ҳеч кими йўқ кишиларнинг таянчидир. Зотан, у ҳақиқат рўёбга чиқишига ­ёрдам беради.

Айни чоғда, адолат йўлида самарали курашмоғи учун адвокатнинг ўзи кучли бўлиши керак, бунга эса ҳамкасблар ўртасида бирдамлик ва ҳамкорликни сақлаш, миллий ва халқаро адвокатлик жамиятлари билан алоқаларни мус­таҳкамлаш орқали эришилади.

Худди шу мақсадда Туркий тилли ва қардош давлатлар адвокатлари уюшмасини ташкил этганмиз. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини ҳам бу ташкилот аъзоси сифатида кўришни хоҳлар эдик.

 

Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди

Tashkent Law Spring халқаро юридик форуми доирасида Ўзбекистон Респуб­ликаси Адвокатлар палатаси билан анжуманга ташриф буюрган олти мамлакатнинг адвокатлик уюшмалари ҳамда Халқаро адвокатлар (ҳамкорлиги) уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳужжатга:

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси номидан – Палата раиси Алим Эрназаров;

Озарбойжон Республикаси Адвокатлар ҳайъати номидан – Ҳайъат раиси Анор Багиров;

Беларусь Республикаси Адвокатлар ҳайъати номидан – Ҳайъат раиси Виктор Чайчиц;

Россия Федерацияси Федерал адвокатлар палатаси номидан – Палата президенти Юрий Пилипенко;

Халқаро адвокатлар (ҳамкорлиги) уюшмаси номидан – Иттифоқ вице-президенти Сергей Бородин;

Хитой адвокатлар ассоциацияси номидан – Синцзянь адвокатлар ассоциацияси раиси Цин Шанг;

Америка адвокатлар ассоциацияси номидан – Ассоциация ижрочи директори Альберто Мора;

Туркия адвокатлар ҳайъатлари иттифоқи номидан – Иттифоқ вакили Кюршат Каражабей имзо чекдилар.

 

«Юридик хизматлар бозори учун кураш бошланибди!»

— Биласизми бугунги форумда мен учун қандай янгилик бўлди, яъни қандай хулоса чиқардим: дунёда юридик хизматлар бозори учун кураш бошланибди, — дейди «Йилнинг энг яхши адвокати» танлови ғолиби сифатида эътироф этилган Сафар КАТТАБОЕВ «Advokat» журнали мухбири билан суҳбатда. — Агар эътибор қилган бўлсангиз, хитойлик ҳамкасбимиз сўзга чиққанида Тожикистонда, Қирғизистонда ўзларининг филиалларини очишганини, Ўзбекистонда ҳам очиш режалари борлиги айтди. Россияликлар эса мамлакат бойлари, миллиардерлари маҳаллий адвокат ўрнига хориждан адвокат ёллаётганидан ташвишда эканлигини яшириб ўтирмади. Мана шу икки мисолнинг ўзи ҳам кўрсатяптики, шу пайтга қадар кийим-кечак ё техника бозори учун қандай кураш кетган бўлса, энди дунёда юридик хизматлар бозорини эгаллаш учун ҳам худди шундай ҳаракат авж олади. Чунки бу хизматнинг ўрни ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти учун муҳим омил бўлиб, сифатли юридик хизматга эҳтиёж тобора ошиб бормоқда.

Худди мана шу масала бугун Адвокатлар палатаси томонидан республика тарихида биринчи бўлиб кўтарилди. Бунинг учун уларга катта раҳмат. Саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижасини беришига тилакдошман. Чунки бу давр талаби. Бошқалар шу бозор учун интиляптими, демак биз ҳам улардан орқада қолишимиз керак эмас. Камида улар билан баробар, иложи борича эса улардан илгари юришга интилишимиз шарт.

Шу маънода ҳам мазкур форум жуда вақтида ташкил этилган ва бугуннинг энг долзарб масаласини қамраб олган йирик тадбир бўлди деб ҳисоблайман. Жумладан, бугунги биз иштирок этган «Юридик хизматлар» йўналишидаги мавзуларнинг ҳаммаси ҳам соҳа келажаги учун жуда муҳим мавзулар эди. Шу боис шахсан ўзим Адвокатлар палатаси ва бошқа ташкилотчилардан жуда миннатдор бўлдим. Зеро, биз уларни эшитиб чин маънода жуда кўп нарсалардан хабардор бўлдик, ўргандик. Яна айтаман, замондан орқада қолмаслигимиз зарур! Мазкур форум эса бу борада бизга катта манба, кўзимизни каттароқ очишга, илгари интилишга ундовчи куч вазифасини ўтайди деб ўйлайман...

Қашқадарё вилоятидаги «Protsessual kafolat» адвокатлик бюроси адвокати С.Каттабоев мазкур суҳбат давомида яна кўплаб масалалар юзасидан ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, давлат ҳокимияти топшириғини бажарадиган суд билан мамлакатга хориж сармоясини жалб этиб бўлмаслиги, бугунги оқловлардан ҳуқуқ-тартибот тизими ҳалигача хулоса чиқариб олмаётгани, оқловлар реабилитациясида зарарни қоплаш учун керак бўладиган маблағ бюджетда кўзда тутилмаётгани каби мавзуларда кечган қизғин суҳбатнинг тўлиқ матни журналимизнинг ке­йинги сонида чоп этилади.

 

«Ҳар доим ҳам давлат амалдорлари танқидга ижобий ёндашавермайди...»

Америка юристлари асоциацияси аъзоси, Ж.Вашингтон номидаги университет (АҚШ) профессори Киран ГОР «Advokat» журнали мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг ­Форум очилиш маросимида сўзлаган нутқидан ҳайратланганини айтди:

– Давлетов «Биз форум иштирокчилари томо­нидан билдириладиган янги фикр, ғоя ва тан­қид­ларга очиқмиз» деди ўз маърузасида. Бу ростдан менда ижобий таассурот қолдирди. Сабаби, ҳар доим ҳам давлат амалдорлари ва мансабдор шахслари танқидга ижобий ёндашавермайди!

Ва, албатта, ҳозир Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар жадал бораётгани ва янги ҳуқуқий масалаларга ечимлар ишлаб чиқиш лозимлигини ҳисобга олган ҳолда мансабдор шахслар ва давлат идораларининг танқид­га очиқ бўлиши, танқидни ижобий қабул қилиши ва унинг асосида тегишли ўзгаришларга, янги ислоҳотларга тайёр бўлиши алоҳида ­эътирофга лойиқ.

 

Меморандумлар бизга нима беради?

Халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон Рес­публикаси Адвокатлар палатаси олтита мамлакатнинг адвокатлик бирлашмаси ва битта халқаро ташкилот билан меморандум имзолагани ҳақида Advokatnews.uz сайтида хабар эълон қилинганидан кейин ўқувчиларимиз бу ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда улар Палата ва мамлакатимиз адвокатлари учун нима бериши ҳақидаги саволлар билан мурожаат қила бошлашди. Шунга кўра Халқаро адвокатлар (ҳамкорлиги) уюшмаси (ХА(Ҳ)У) вице-президенти, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий маслаҳат кенгаши раиси Баҳром САЛОМОВга мурожаат қилдик. Қуйида унинг жавобини имкон қадар ихчамлаштирган ҳолда эътиборингизга ҳавола этяпмиз:

— Ўзбекистон адвокатларининг бошини қовуштирувчи идора сифатида Ўзбекистон Респуб­ликаси Адвокатлар палатаси билан халқаро доирадаги ҳужжатларнинг имзоланиши катта ҳодиса бўлиб, у, энг аввало, Палатамизнинг мустақил ташкилот сифатида хорижда тан олинаётганини англатади. Бу эса келгусида ўзаро манфаатли ҳар қандай ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши учун замин яратади. Хўш, ўша ҳамкорликлар нималарда акс этиши мумкин?

Биринчидан, мамлакатлар адвокатларининг турли кўринишдаги халқаро тадбирларини ташкиллаштириш имкони яратилади. Бундай тадбирлар давомида эса томонлар, мана бу Форумда бўлгани каби, ўзаро тажриба алмашадилар, ­фикрлашадилар. Шунингдек, тадбир бўлмаган тақдирда ҳам, соҳада бизни қийнаётган айрим муаммолар бошқа мамлакатларда қандай ечим топаётганини, бу муамоларни ечиш борасида улар тутган йўл қанчалик натижа берган ёки бермаганини ўрганиш, шунга кўра келгуси ишларни режалаштириш, қонун лойиҳаларига қўшимча ва ўзгартиришлар тавсия қилиш, жумладан, улар йўл қўйган хатоларни такрорламаслик маъносида ўзаро маслаҳатлашиб туриш мумкин бўлади. Умуман, ҳамкорликнинг бошланғич ҳужжати ҳисобланадиган меморандум келажакда аниқ мақсадларда шартномалар имзолашга асос яратади.

Қолаверса, адвокатларнинг бевосита фаолиятларида ҳам бундай ҳамкорликнинг фойдаси кўп. Масалан, хорижда кўрилаётган ишлар учун у ердан салоҳиятли адвокатларни топиб ёллашимизда ўша мамлакат адвокатлик бирлашмаси ёрдам берса, ўз навбатида, улар ҳам ўз мамлакатлари фуқароларига доир бизда кўрилаётган ишлар учун Палата орқали биздан адвокат олиши мумкин бўлади. Бу борада, айниқса, ХА(Ҳ)У билан имзоланган меморандум муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим 2005 йилдан бери ушбу ташкилотнинг аъзосиман. Шунга кўра улар орқали хориж фуқароларига доир мамлакатимизда кўрилаётган ишларда адвокат сифатида иштирок этиб беришимни сўраб илтимос қилиб туришади. Яширмайман, бундай ишлар учун улар катта пул тўлашади. Шу маънода олганимизда ҳам биз учун фойдали иш ҳажми топилишига йўл дегани бу! Қолаверса, агар шундай ишончли ҳамкорлик бўлмаса, улар ҳам қийналган бўлишарди. Чунки бизнинг қонунчилигимизга кўра судларимизда хорижлик адвокатларнинг иштирокига рухсат берилмаган. Аммо Ўзбекистонга келмасдан туриб ишончли адвокат топа олишнинг ўзи улар учун вақт борасида ҳам, маблағ борасида ҳам, ишнинг сифати борасида ҳам қулайлик яратади. Бунда хорижлик адвокат ўз ҳимоясидаги шахс билан ўзи хоҳлаганича шартнома тузиб ишлайверади. Ўз ҳимоясини амалга оширишда эса у адвокат бизнинг ёрдамимиздан фойдалангани (масалан, судда иштирок этиб берганимиз) учун бизга шартнома асосида ҳақ тўлайверади.

Албатта бу ерда ҳамкорлик меморандуми имзолаган ташкилотлар муаммони бевосита ҳал қилиб беришни бўйнига олмайди, балки ишонч­ни таъминловчи, тавсия қилувчи ролини бажариб беради. Яъни улар ўз ташкилотлари аъзоси сифатида менинг алдаб кетмаслигимни, энг муҳими, шу ишда сифатли ёрдам кўрсатишга имконим етишини билишади. Ишонч кафолати ва тўғри тавсия эса дунёда энг қиммат баҳоланадиган ёрдамдир. Бу ҳақда ХА(Ҳ)У вице-президенти Сергей Бородин Палата раиси Алим Эрназаров билан бевосита учрашув пайтида ҳам жуда батафсил гаплашиб олишди.

Бундан ташқари, ташкилотлар ҳамкорлиги орқали мамлакатлар адвокатларининг бир-бирларига беғараз ёрдамларини ҳам йўлга қўйиш мумкин. Масалан, дейлик, ўзбекистонлик адвокат ҳимоясидаги даъвогар шахснинг жавобгар томони бошқа мамлакатга чиқиб кетган. Содда бир мисол билан айтганда, бир киши болаларига алимент тўламасдан қочиб кетиб, қайсидир мамлакатда яшаб юрибди. Аммо у ўша мамлакатда кўрсатилган манзилда ростдан ҳам яшайдими-йўқми? Буни билиш учун вақт ва маб­лағ сарфлаб ўша юртга бориш ўрнига Палата орқали шу мамлакатдаги ҳамкасблардан ёрдам сўраш мумкин. Буни мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Жумладан, яқинда ҳам Чилонзор туманидаги маълум манзилда бир фуқаронинг яшаш-яшамаслигини билиб беришимни илтимос қилишди. Суриштириб, унинг бир неча йил олдин бу ердан кўчиб кетганини осонгина аниқлаб бердим. Тасаввур қилинг, Россиядан келиб буни билиб кетиш у ерлик ҳамкасбимизга қанча машаққат туғдирар эди...

Ёки яна бир масала бор: бизнинг адвокатларнинг хорижда фаолият юритишлари масаласи. Агар ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилиб, хориж мамлакатлари қонунчилиги доирасида тегишли келишувларга эришилса, адвокатларимизнинг ўша мамлакатларда ҳам белгиланган тартибда ишлашларига йўл очилади. Масалан, ўзбекис­тонлик адвокатлар Россия Федерациясида бизнинг қонунчилигимиз бўйича маслаҳат бериш борасидагина хизмат кўрсатишлари мумкин. Судлардаги иштирокига эса судья ёки терговчининг қарори билан рухсат берилади. Бошқа мамлакатларда яна ўзгача талаб ва шартлар бордир. Юқори доирадаги ҳамкорлик ана масалаларга ойдинлик киритиб беради.

Шу ўринда, тажрибамдан келиб чиқиб, маслаҳат сифатида бир нарсани айтиб ўтишим керакки, адвокатларимиз Россия судларида қатнашишга рухсат олган тақдирларида ҳам маҳаллий адвокатлардан ўзларига шерик қўшиб олишса, ишнинг сифатига жуда катта ижобий таъсир қилади.

Хуллас, булар меморандумнинг фойдали жиҳатларига доир оддий мисоллар. Бу каби ҳамкорликка эҳтиёж эса фаолият давомида пайдо бўлаверади. Ана шундай пайтда фалон мамлакатдан кимга мурожаат қилишни билмай турмасдан, Палата орқали қисқа фурсатда ишончли шерик, ҳамкор топиш мумкинлигини ҳис қилиб туришнинг ўзи муҳим.

2019-06-24 10:56:23  |  2399 |   0  | 

2 изоҳлар

Март 13, 2021  14:54

1.TAHRIRIYAT

Hurmatli, Feruza Ko‘chimovna, @advokatnews_bot orqali yozing, qayerda yashaysiz?

Март 13, 2021  14:05

2.Азимова Феруза Кучимовна

Илтимос менга оиламга нисбатан адолатсиз хукм укилмокда ёрдамингизга мухтожман айбсиз углим камалиб кетиши мумкин илтимос тел килишни иложиси борми яхши адвакат ва хукукий кумак керак



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация