Шартли ҳукм қилинган шахсларга электрон билагузуклар тақилади



 
  Расм манбаси : Newsru.com

2020 йилда Пробация хизмати амалиётига 3000 та электрон билагузук татбиқ этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 мартдаги 128-сонли қарори билан тасдиқланган дастурда белгиланган.

Шунингдек, дастурга кўра, 18 та жазони ижро этиш колонияларида 1 833 дона видеокузатув мосламаси ва 36 комплект шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) ўрнатилади.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати фаолияти 2019 йил 1 январдан йўлга қўйилган эди. Пробация давомида шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат амалга оширилади.

Ҳукумат қарори билан, Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасалари тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган бўлиб, унда жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги; тарбия колониялари; турмалар; маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхоналар жазоларни ижро этиш муассасалари сифатида тан олинган.

Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларидан 50 метр масофада маъмурий, маиший, хўжалик бино ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари ажратилишига, улар ижарага берилишига, шунингдек, баландлиги 6 метрдан юқори бўлган бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қарор билан 2020–2024 йилларда жазони ижро этиш колонияларининг яшаш ётоқхоналарини кубрик типидаги хоналарга ўтказган ҳолда уларни босқичма-босқич қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурга кўра, белгиланган йилларда 14 та жазони ижро этиш колониясининг жами 60 та яшаш ётоқхоналари кубрик типидаги хоналарга ўзгартириш йўли билан реконструкция қилинади. 3 та янги бино қурилади.

2020-03-09 17:20:13  |  120 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация