БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига доир тавсиялари ҳақида эълон қилди



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга доир тавсияларининг умумий мазмунини эълон қилди. Тавсиялар 6 банддан иборат бўлади ва мамлакат ҳукуматига тақдим этилади. Бу ҳақда Махсус маърузачи бугун, ўз миссияси якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берди.

Қайд этилишича, тавсиялардан иккитаси – судлар фаолиятини Давлат хавфсизлиги хизмати ва прокуратура органларининг таъсиридан холи этиш тўғрисида. Жаноб Гарсия-Саян прокурорлар ёзган айблов хулосаларининг суд актларида деярли айнан акс этаётгани ҳақида гапириб, бу каби ҳолатлар ва уларнинг омиллари бартараф этилмас экан, судьялар қарор қабул қилишда холис ва мустақил бўла олмаслигини таъкидлади.

Яна икки тавсия судлов тизимидаги ислоҳотларга оид. БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистонда судьяларни тайёрлаш, ўқитиш ва тайинлаш амалиётидаги янгиликларни умуман олганда ижобий баҳолайди. Шу билан бирга, ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш ва тизимни мумкин қадар шаффофлаштиришга интилиш лозимлигига урғу берди. Жумладан, деди жаноб Гарсия-Саян, суд мажлисларини ёзиб олиш, судьялар чиқарган актларни матбуотда мунтазам чоп этиш йўлга қўйилса, катта ижобий қадам бўлур эди.

БМТ махсус маърузачисининг яна бир тавсиясида инсон ҳуқуқлари таъминланишини кафолатловчи халқаро меъёрларни миллий қонунчиликка сингдириш хусусида сўз боради.

Ниҳоят, олтинчи тавсия адвокатура соҳасига бағишланди. Жаноб Гарсия-Саян ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан адвокатларга тазйиқ ўтказиш, адвокатнинг профессионал фаолиятига ва шу орқали унинг ҳимоясидаги фуқаронинг ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланишига халал бериш ҳолатлари ҳақида маълумот олганини айтди ва “муаммо тизимли тус олмаганига умид қилишини” билдирди.

“Ўтган кунларда мен тергов изоляторларида, маъмурий қамоқ жазосини ўташ жойларида бўлдим, – деди Махсус маърузачи. – Адвокат ўз мижози билан учрашиши учун алоҳида хоналар жиҳозланганини кўрдим. Бу ишлар яхши, албатта. Энди бу хоналардан амалда тўлақонли фойдаланилишига шароит яратиш керак”.

2019-09-25 20:38:26  |  1839 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация