Қонунчилик палатаси “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди



 
  Расм манбаси : tusur.ru

Лойиҳада Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланган

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Депутат Расул Кушербаевнинг “AdvokatNews”га маълум қилишича, ҳужжат рақамли технологиялар даврида фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланишни соддалаштириш ҳамда қаерда ишлов берилишидан қатъи назар, билдирилган мақсад учун фойдаланишини таъминлаш имконини беради.

Қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Марказга шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилаш, бу борадаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳақида жисмоний ва юридик шахслар ижро этиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш ваколатлари берилмоқда.

Қонун жисмоний шахслар томонидан шахсий, маиший, профессионал ёки тижорат мақсадидаги фаолиятга, миллий ва бошқа архив фондларида мавжуд бўлган шахсий маълумотларни тўплаш, сақлаш, фойдаланишга, давлат сири таркибига кирувчи шахсий маълумотларни қайта ишлашга, жиноятчиликка қарши курашиш, разведка, контразведка, жиноий даромадларни легаллаштириш давомида қўлга киритилган шахсий маълумотларни қайта ишлашга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шахсий маълумотлар тарихий, статистик, социологик, илмий изланишлар олиб боришда шахсий маълумотлар базаси мулкдори, оператори ёки учинчи шахслар томонидан эгасизлантирилиши шарт. Шахсий маълумотни эгасизлантириш деганда, унинг айнан қайсидир шахс (субъект)га тегишли эканини билиш имконини бермайдиган ҳаракат тушунилади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонун лойиҳасида биометрик маълумотлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Биометрик маълумот сифатида шахснинг айнан ким эканини аниқлаш имконини берадиган анотомик ва физиологик хусусиятларини билдирувчи шахсий маълумотлар экани кўзда тутилмоқда.

2019-04-16 17:46:35  |  1036 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация