Алим Эрназаров – Палата раисини сайлаш тартиби ва “Самарқанд тажрибаси” ҳақида



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Адвокатлар палатаси раислигига номзодларни Ўзбекистон адвокатлари ўзлари кўрсатиши ва Конференцияда сайлашлари керак. Бу тартиб Палатанинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларини белгилаш жараёнига ҳам татбиқ этилиши зарур – Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судья ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашувда адвокатура соҳасида бошқарув мавзусига тўхталар экан, шундай фикр билдирди.

“Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга кўра Адвокатлар палатаси раиси Палатанинг олий органи – Конференцияда беш йилда бир марта сайланади. Адлия вазирлиги Палата раиси лавозимига номзод кўрсатиш ваколатига эга. Конфренция ишида 140 дан ортиқ адвокат (12 вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан 10 нафардан делегат) иштирок этади.

“Менинг фикримча, номзод кўрсатиш ваколати ҳам тўлиқ адвокатларнинг ўзларига ҳавола қилиниши керак. Бу адвокатурани том маънода мустақил тузилмага айлантириш йўлида муҳим қадам бўлур эди”, – деди Алим Эрназаров.

“Самарқанд тажрибаси” бошқа ҳудудларда ҳам қўлланилиши керак

Учрашувда Палатанинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғининг тайинланиши амалиёти эсга олинди. Яна бир карра эслатиб ўтамиз, Республикамиз адвокатураси тарихида илк бор ҳудудий бошқарма бошлиғини маҳаллий адвокатлар ўзлари танлади. Аниқроғи, вилоятда фаолият юритувчи 71 та адвокатлик тузилмаси раҳбарлари иштирок этган мажлисда ёпиқ овоз бериш жараёнида энг кўп овоз тўплаган номзод Палата раиси томонидан ҳудудий бошқарма бошлиғи этиб тайинланди.

“Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Низомига кўра Палатанинг ҳудудий бошқармалари бошлиғи лавозимига тайинловни амалга ошириш ваколати Палата раисига, яъни менга тегишли. Аммо вилоятда адвокатларни жипслаштириш, уларнинг ўз раҳбарлари билан нормал мулоқот қилиб, бирликда иш юритишларини таъминлаш ва шу орқали юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни мувафақиятли давом эттириш мақсадида, қонунчилик доирасида шундай йўл тутишга қарор қилдик. Бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этмоқчимиз”, – деди Палата раиси.

2019-09-20 19:49:30  |  3063 |   0  | 

1 изоҳлар

Сентябрь 20, 2019  20:27

1.Адвокат Усмонхон Салохиддинов

Ўз вақтида қабул қилинган муҳим қарор. Сайлов яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилиши лозим ва ҳаттоки АП нинг ҳудудий бошқармаларида бошлиқ муовини керак бўлса у ҳам овоз бериш тартибида сайланса ва улар АП раҳбари буйруғи билан тасдиқланса мақсадга мувофиқ бўлади. Фақат танлов эркин бўлгани маъқул. Ҳа албатта Адвокатлар Палатасини фаолиятини прогрессив баҳолаш мумкин. Яна сўз жипслик ва яна жипсликда. Адвокат тақдири АП эътиборида бўлиши керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация