​Ишонувчанликнинг “мукофоти”...



 
  Расм манбаси : Aniq.uz

Бухоро шаҳар "Талижа" кўчасида яшовчи 63 ёшли Акром Юсуфалиев шаҳар ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилди.

Унинг бу идорага мурожаат қилиш учун бир тўхтамга келиши қийин бўлди.

Ҳаммаси анча илгари, аниқроғи 2012 йил май ойида бошланган. Ўшанда Бухоро туманининг “Зарманоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рашид Ағабоев А.Юсуфалиевга тадбиркорликда ҳамкор бўлган ҳолда, кўриладиган фойданинг бир қисмини бериб боришни ваъда қилиб, ундан 26 минг доллар маблағ олади. Бироз вақт ўтиб, зарманоқлик “тадбиркор” шеригига бизнесдан унган фойда, деб 3 минг 600 доллар беради. Бу ишончга киришнинг бир йўли – “қармоқ” эканини Акром сезмайди.

Орадан бир йил ўтиб, (2013 йил 22 июлда) зарманоқлик ҳамкор ундан яна 19 минг доллар, 2014 йил апрель ойи бошларида тағин 3 минг долларни санаб олади. Афсуски, Рашид Ағабоев пулларни қайтариш у ёқда турсин, олинган фойдадан ҳам ҳеч нарса бермайди.

Номаълум бизнесга пул тиккан жабрланувчи “тадбиркор” ошнасидан даромад ҳақида кўп сўради. Қоп-қоп ваъдалар бор, лекин натижа йўқ. Бу ўринда Акром Юсуфалиевга ишонувчанлик қимматга тушганини англаш қийин эмас.

Одатда, айёр шеригидан зада бўлган инсон у билан олди-бердини йиғиштиради. Лекин чув туширишга устомон Р.Ағабоевдаги ишонтириш санъати кучлилик қилди шекилли А.Юсуфалиев яна “тўр“га илинади. 2014 йил 16 апрель куни унинг ваъдасига учиб, 1 минг 256 долларга баҳоланган буюмларини сотиб бериш учун қўш-қўллаб топширади. Аммо яна пулдан дарак бўлмайди.

Орадан кўп вақт ўтиб, А.Юсуфалиев “бизнесмен” танишининг ваъдалари пуч эканини тўла англаб, ички ишлар идорасига мурожаат қилади.

Вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Рашид Ағабоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, материалда келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган.

 

Эркин Ёдгоров,

ЎзАдан олинди.

2018-09-21 18:14:41  |  1769 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация