Палата адвокатлар малакасини оширишни ўз қўлига олади



 
  Расм манбаси : Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан. "Advokat" журнали фотоси.

Бунга ҳозирлик доирасида бир нечта муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда

Адвокатлар палатаси адвокатлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини ўз қўлига олишга техник ва назарий ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Палата раиси Алим Эрназаров БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судья ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашув чоғида маълум қилди.

Ўзбекистонда адвокатлар малакасини ошириш тизими айни пайтда давлат томонидан назорат қилинмоқда. Адвокат 3 йилда 1 марта Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўқийди.

Малака ошириш тизимига доир нормалар Палата билан келишилади, албатта. Аммо, А.Эназаровнинг фикрича, амалдаги тизим бугунги воқелик ва халқаро стандартлар талабларига монанд эмас.

“Мавжуд малака ошириш механизмининг бир неча жиддий камчилиги бор, – дейди Палата раҳбари. – Марказ Тошкент шаҳрида жойлашган, ҳудудларда унинг филиаллари йўқ. Вилоятлардан келган адвокатлар 2 ҳафта шу ерда яшаб, ўқишга мажбур. Яъни, 2 ҳафта давомида у иш амалиётидан, мижозларидан узилиб қолади. Ўз ёнидан пул сарфлайди. Бу жуда ноқулай тизим. Айниқса, ўқитишнинг жисмонан аудиторияда ўтириш талаб этилмайдиган замонавий усуллари кенг ёйилаётган ҳозирги шароитда”.

А.Эрназаров адвокатларни ўқитиш ва малакасини ошириш тизими тўлиғича Адвокатлар палатасига берилиши кераклигини таъкидлайди. “Тўғри, бизнинг ўз ўқув муассасаларимиз йўқ, бу қиммат турадиган “орзу-ҳавас”. Аммо сертификатланган ўқув муассасалари ва марказлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиб ишлашимиз мумкин”, – деди у.

Учрашувда маълум қилинишича, Палата адвокатларнинг малакасини ошириш тизимини давлатдан ўз қўлига қабул қилишни мақсад қилган бўлиб, бунга техник, назарий ва амалий ҳозирлик аллақачон бошлаб юборилган.

“Жумладан, Палата малака оширишни масофавий тамойиллар асосида йўлга қўйиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Ўқитишнинг турфа усуллари мавжуд. Масофавий таълимда адвокатларнинг ўқув залида ўтириши асло шарт эмас. Махсус дастурлар яратилган, адвокат ўзига қулай вақтда компьютерни очиб, ўқийверади. Муайян вақт ичида муайян балл тўплаб, якуний тестни мувафақиятли топширса бас”, – қайд этди Палата раиси.

Айтилишича, яна бир лойиҳа USAID (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У масофавий ўқитишнинг техник воситаларини жорий этишни назарда тутади. Лойиҳа доирасида Палатада махсус тизим ва унинг базасини барпо этиш, видеоконференц-алоқани йўлга қўйиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа дастлабки босқичда уч вилоятни қамраб олади.

“Бу лойиҳалар ниҳоясига етгач, Палата малака ошириш ишларини тамомила ўз қўлига олишга тайёр бўлади”, – дея маълум қилди Алим Эрназаров.

2019-09-20 18:48:51  |  1637 |   0  | 

1 изоҳлар

Сентябрь 20, 2019  19:32

1.Адвокат Абдумалик Абдуллаев

Кутилган ажойиб қадам. Марказда давом этиб келаётган "эскича" ёндашувдан воз кечилишига олиб келади деб ҳисоблайман. Палатанинг фикрини тӯлиқ қӯллаб қувватлайман.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация