Ҳокимият ўз қарори устидан судга даъво киритди!



 
  Расм манбаси : Дорихона биносининг лойиҳадаги кўриниши.

Тадбиркорга ер ажратилиши ноқонунийми ёки унга тегишли дорихонанинг бузилишими?

Кеча Риштон туман маъмурий судида амалиётда деярли кузатилмайдиган ҳолат юз берди – Қува туман ҳокимияти ўз қарори устидан қарши даъво аризаси киритди.

Гап шундаки, Қува туманида рўйхатдан ўтган “Кўҳи нур” хусусий корхонаси Фарғона вилояти Қува тумани маъмурий судига даъво аризаси киритиб, Қува тумани ҳокимининг 2019 йил 27 июндаги 3222-сон қарорининг “Кўҳи нур” хусусий корхонасига тегишли дорихона биносини бузиш қисмини ҳамда 2019 йил 29 июндаги 3410-сон қарорининг фуқаро Ю.га (Қисқартма бизники – Таҳририят) 324 квадрат метр ер майдони ажратиш қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бироқ Қува тумани маъмурий суди томонидан бу иш Фарғона вилояти маъмурий судига ўтказилган. Вилоят суди эса ишни кўриш учун Риштон тумани маъмурий судидаги тажрибали судья Х.Ҳакимовга юборган.

11 сентябрь куни бўлиб ўтган дастлабки суд мажлисида иштирокчиларнинг (аризачи томондан адвокат Б.Мамиров, жавобгар томондан Қува тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси А.Турдалиев ва манфаатдор шахс Х.Юлдашевлар) кўрсатмалари тинглангач, ишга туман қурилиш бўлими ва кадастр идораси вакилларини жалб қилиш ҳақида ажрим чиқарилиб, ишни кўриш бошқа куни даъвом эттирилиши эълон қилинган эди.

Мазкур ишнинг даъвоми кеча бўлиб ўтди ва суд мажлисида Қува туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Қува туман ҳокимининг 2001 йил 24 январдаги 62-сон қарорини бекор қилишни сўраб ариза берди. Аммо суд ушбу аризани МСИЮтК талабларига жавоб бермаслиги сабабли қайтарди.

– Суднинг мазкур аризани қабул қилмаслигини ўринли деб ҳисоблаймиз, – дейди “Кўҳи нур” ХК вакили, “Legist lider” адвокатлик бюроси адвокати Билолжон Мамиров. – Чунки даъво аризаси асосида ишни кўраётган суд мажлисида қарши томоннинг ҳам ариза билан мурожаат қилиши, яъни қарши ариза бериш тушунчаси МСИЮтКда мавжуд эмас, балки ҳар қандай ариза умумий тартибда берилиши керак ва шунда у алоҳида тарзда кўриб чиқилади. Қолаверса, эътибор берган бўлсангиз, аризада даъво муддати ўтиб кетган масала – қарийб 18 йил аввалги қарорни бекор қилиш сўралмоқда. Бунинг устига ҳокимият аризани топшириш учун лозим бўлган давлат божини ҳам тўламаган экан. Энг ачинарлиси эса, туман ҳокимининг тадбиркорга тегишли мулкни бузиб, унга ажратилган ерни бошқа фуқарога бериб юбориш ҳақидаги қарорини бекор қилиш юзасидан киритилган даъво кўриб чиқилаётганида ҳокимият ўша қарорининг қонун доирасида чиқарилганини исботлаш ўрнига ўзининг мазкур ер майдонини бино қурилиши учун ажратиш тўғрисидаги аввалги қарорини бекор қилишга ҳаракат қилмоқда. Ваҳоланки, ер ажратиш ҳақидаги қарор ноқонуний чиқарилган бўлган тақдирда ҳам бу масала бинони бузиш ва ер майдонини бошқага бериш ҳақида қарор чиқаришдан аввал ҳал этилиши керак эди. Шу маънода, ҳокимиятни кечаги ҳаракати сувдан қуруқ чиқиш йўлидаги талвасага ўхшаб кетади. Умид қиламизки, суд бунга тўғри баҳо беради...

Ҳокимият ариза берилганини рад этмоқда

Мазкур судда кўрилаётган масала тушунарлироқ бўлиши учун томонлардан интервью олишга ҳаракат қилдик. Аммо ҳокимият вакили – Қува туман ҳокимияти ҳуқуқшуноси А.Турдалиев тадбиркорга бино қуриш учун ер ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарори нотўғри бўлгани, чунки унга ҳоким эмас, балки ҳоким ўринбосари имзо қўйганини таъкидлаган бўлса-да, ҳокимият бу ҳақда судга ариза киритганию уни суд қабул қилмагани ҳақидаги хабарни рад этди. Ҳокимликнинг судга тақдим қилинган аризаси.Шунга қарамасдан, қўлимизда ҳокимият аризаси нусхаси борлиги сабабли биз ҳозирча ўз манбамизга ишондик. Олий суд матбуот хизматидан масалага ойдинлик киритиб бериш ҳақидаги илтимосимиз эса иш бермади.

Тадбиркор томон ўз даъвосида мустаҳкам...

Судда тадбиркорнинг вакили сифатида иштирок этаётган адвокат Б.Мамиров даъвогар томоннинг ўз даъвосида ҳамон мустаҳкам эканини таъкидлайди. Бунга эса қуйидагиларни асос қилиб кўрсатади:

1. Бинони бузиш учун кўрсатилган сабаб ўринли эмас. Зеро, туман ҳокимининг тадбиркорга тегишли дорихона биносини бузиш ҳақидаги қарорига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги  ПҚ-4067-сонли қарорига асосан Қува туманида Тиббиёт бирлашмаси (500 қатновли) кўп тармоқли марказий поликлиникаси биноси қурилаётгани важ қилиб кўрсатилган. Ваҳоланки, ҳоким қарори чиққан пайтда (2019 йил 27 июнь) мазкур поликлиника биноси қурилиши аллақачон (қарийб 7 ой муқаддам, яъни 2018 йилнинг декабрь ойида) бошланган ва деярли битай деб қолган бўлиб, энг асосийси, бузилиши белгиланган бино бу иншоот учун ажратилган майдондан 80 метр узоқликда жойлашган.

2. Бир фуқародан олинган жой бошқасига берилган... Ҳа, Президент қарори билан қурилаётган иншоотни рўкач қилиб бузишга қарор қилган ҳоким орадан икки кун ўтиб (2019 йил  29 июнь) айнан шу жойни бошқа бир фуқарога бериш ҳақида ҳам қарор чиқарган. Яъни фуқаро Ю.нинг аввалдан мавжуд 426 кв.м ер майдонига қўшиб, дорихона ўрни ҳисобланган 324 кв.м ер майдони ҳам ажратиб берилган.

3. Ҳоким қарорлари қатор қонун талабларига зид... Аввало, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 166-моддасига кўра “Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади”. “Қонунда назарда тутилган ҳоллар” деганда эса давлат ва жамоат эҳтиёжлари тушунилади. Юқорида тилга олинган ҳолатда эса тадбиркорга тегишли бинонинг бузилишига бундай эҳтиёж мавжуд эмас. 

Шунингдек, шундай эҳтиёж бор деб фараз қилган тақдиримизда ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-бандига мувофиқ, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда ҳам ер эгасининг розилиги талаб қилинади. Афсуски, ҳоким қарори чиқишидан олдин тадбиркордан розилик ҳам олинмаган.

Қолаверса, мазкур Низом кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейингина объектларни бузишга рухсат беради (мазкур норма ФКнинг 206-моддасига таянади). Бундан ташқари, мулкдорга унга қарашли иморат бузилиши ҳақида, тегишли маҳалий ҳокимлик қарори нусхаси илова қилинган ҳолда 6 ой олдин ёзма хабар берилиши лозим (4-банд). Мазкур Низомнинг 3-бандида “Олиб қўйилаётган ер участкаларида уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларнинг асоссиз бузилишига ва дов-дарахтларнинг кўчириб ташланишига йўл қўйилмайди”, деб кўрсатилган. Даъвогарга тегишли аптека биноси эса ҳоким қарори чиқиши билан ҳеч қандай огохлантиришсиз, зарар қопланмаган ҳолда корхонага тегишли дорихона биноси бузиб ташланган. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра ер эгаси (ердан фойдаланувчи ёки ижарага олувчи) ҳоким қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, бундай ҳолатда суд қарори кучга кирмагунича қарор талабларини ижро қилиш мумкин эмас.

Туман ҳокимининг дорихонани бузиш ҳақидаги қароридан икки кун ўтиб, унинг ўрни бўлган 324 кв.м ер майдонини бошқа бир фуқарога ҳоким қарори билан ажратиб берилиши ҳам қонун талабларига зид. Зеро, Президентнинг "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3677-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 493-сонли қарори билан 2018 йил 1 июлдан бошлаб, юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришни "Е-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби ўрнатилган.

Маълумот ўрнида

“Кўҳи нур” хусусий корхонасининг мазкур дорихона биноси қонуний қурилишига доир барча ҳужжатлар  мавжуд.

Дорихона қуриш учун ер майдони Қува тумани ҳокимининг 2001 йил 24 январдаги 62-сонли қарорига асосан ажратилган. 2004 йил 1 мартдаги 121-сонли қарори билан эса дорихона биноси фойдаланишга қабул қилинган.

Дорихона биноси 2015 йил 13 февралда Қува тумани “Ермулккадастр” хизмати ДК томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиб, бу FA 0028091-сонли гувоҳнома билан тасдиқланган”.

Ҳокимият вакили нима дейди?

Ҳуқуқшунос А.Турдалиев яна тадбиркорга аптека қуриш учун жой ажратиш ҳақидаги қарорнинг ўзи ноқонуний эканини таъкидлар экан (уни фойдаланишга қабул қилиш ҳақидаги қарор ҳақида ҳеч нарса демади), бинонинг бузилиши поликлиника қурилиши сабабли эмас, туман бош режаси асосида амалга оширилганини айтди (Бош режа тузилишидан олдин тадбиркор огоҳлантирилганми ёки йўқми, бунга аниқлик кирита олмадик). Шунингдек, унинг айтишича, бино бузилишидан олдин тадбиркор билан келишилиб, унинг зарарини қоплаш учун шаҳар марказидан 100 метр квадрат ер берилган (Бу ҳақдаги ҳоким қарорини топдик, 29.07.2019 йилда чиққан экан). Бу ҳақда унинг ўзи ариза берган. Ер ажратилганида рози бўлиб, раҳматини айтиб кетган (Бу ҳақдаги келишув битимини (агар бўлса) топишнинг имкони бўлмади). Энди эса тадбиркор яна битта аптека бузилмай қолиб кетгани учун фикридан қайтиб, даъво қилаётган бўлиши мумкин экан. Аптеканинг жойи белгиланган тартибда биржа орқали сотилмасдан, бошқа тадбиркорга ажратиб берилиши эса бу жой нархи жуда қиммат бўлгани сабабли (тахминан бир сотихи 10 миллион сўмдан ошиқроқ) ҳеч ким сотиб олмаслиги билан боғлиқ экан. Бош режага кўра бу жойда автотураргоҳ қуриш кўзда тутилган бўлиб, эгалик қилаётган тадбиркор уни ўз маблағидан ҳисобидан қуришни бўйнига олгани боис давлат бюджети манфаати учун фойдали деб топилган экан. Аммо жой қарорда ажратиб берилганига қарамасдан, ҳали тўполон қилишга ҳам асос йўқ бўлиб, автотураргоҳ қурилиши ҳали расмийлаштирилмагани боис аптеканинг жойи унга тўғри келадими-йўқми, номаълум экан.

Таҳририятдан: Шу ўринда қайд этишимиз керакки, биз юқорида суд мажлиси тафсилотларини, томонларнинг сўзларини ва қўлимизда мавжуд ҳужжатлар нусхаларини маълумот учун келтирдик, холос. Томонлардан бирини ҳимоя қилиш фикридан йироқмиз. Суд жараёни тафсилотлари тўғрисида эса қўшимча равишда хабар берамиз. Суднинг кейинги мажлиси ҳозирча 25 сентябрга белгиланган.

2019-09-19 15:39:15  |  396 |   0  | 

5 изоҳлар

Сентябрь 20, 2019  18:24

1.Advokat

Daʼvoni tan olish bu vaziyatda toʻgʻri yoʻl edi va oʻzini, qonunni hurmat qilgan boʻlar edi. Prezidentimiz bu holatlar haqida fikrini xam bildirdi. Viloyat hokimlari xam aybini tan olib kechirim soʻradi.

Сентябрь 20, 2019  11:19

2.Насимбек

Тугрироги чикарилган хужжатни конунга мослаб олишларини узи осон эмас. Аввал мосланмайди. Кабул килингандан кейин тугри йул ахтарилади

Сентябрь 20, 2019  11:17

3.Насимбек

Хокимият юристлари хокимнинг карорини конуний деб топишлари учун канча тер тукишини биламизку.

Сентябрь 20, 2019  10:33

4.Адвокат Сиддиков Ойбек

Кува туман хокимининг 3222-сонли ва 3410-сонли карорлари конун талабларига, Президент ва Вазирлар махкамаси карорларига зидлиги асослантирилган. Хоким томонидан кабул килинаетган норматив-хукукий хужжатларни конунчиликка мувофиклиги устидан юрист назорат олиб боради.Кува туман хокимлиги юристи позициясида катьий туриб,хоким томонидан конунга зид карор кабул килинаетганида истихола килмасдан унга тушунтириши керак.(малакали юристга талаб юкори,ишсиз колишдан куркманг).Еки аксинча хоким карор кабул килишдан олдин юридик хизмат хулосасига таянганида тадбиркор норозилиги келиб чикмасди.

Сентябрь 19, 2019  20:05

5.Адвокат Мелибоев Олимжон

Баьзи ишларда хокимиятларнинг юристларига одамни рахми келади. Конуний асосланмасдан турли манфаатлар таьсирида кабул килинган хоким карорларини химоя килиш хам осон эмас. Хоким жаноблари карор кабул килишдан аввал масаланинг конуний асосларини урганиш учун юристга хавола килганида бундай ноконуни й карорлар кабул килинмас эди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация