Қарорлар бор, амалий ўзгаришлар йўқ



 
  Расм манбаси : UzReport.news

Конституциявий суднинг 23 йиллик фаолиятига назар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Конституциявий судга алоҳида ҳуқуқий мақом берилган. У умумий юрисдикция судларидан (туман, вилоят судлари, Олий Суд) фарқ қилиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимияти ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини текширади ва қонун нормаларига расмий шарҳ беради.

Фаолиятига 23 йилдан ошганига қарамай, Конституциявий суд ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш, қонун устуворлиги, демократия, инсон ҳуқуқлари, Конституциянинг бошқа қонун ҳужжатларидан устунлигини таъминлашга деярли ҳеч қандай ҳисса қўшмади. Афтидан, ҳукумат бу муаммодан хабардор, чунки 2017 йил 31 майда Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. Аммо мана қарийиб бир ярим йил вақт ўтишига қарамасдан, Конституциявий суд фаолиятида жонланиш кузатилмаяпти.

Ислоҳотлар муаммо моҳияти ва кўламини тушунишдан бошланиши керак. Қуйида эътиборингизни муаммо кўламига қаратиш мақсадида, Конституциявий суднинг 1995 йилдан 2018 йилгача бўлган фаолиятига тўхталамиз.

1995 йилдан бери Конституциявий суд нечта қарор қабул қилди?

Конституциявий суд бугунгача атиги 32 ҳуқуқий масала юзасидан қарор қабул қилган. Бу йилига ўртача 1,4 қарор қабул қилинди деганидир. Яъни, йилига ҳеч бўлмаса иккита қарор қабул қилинмаган.

Суд фаолиятини декадаларга бўлганда, қуйидаги натижаларни кўриш мумкин:

2000 йилгача 12 қарор (1995 – 0; 1996 – 0; 1997 – 4; 1998 – 6; 1999 – 0; 2000 – 2);

2010 йилгача 18 қарор (2001 – 5; 2002 – 3; 2003 – 2; 2004 – 2; 2005 – 0; 2006 – 3; 2007 – 1; 2008 – 1; 2009 – 1; 2010 – 0)

2018 йилгача 2 қарор (2011 – 0; 2012 – 0; 2013 – 0; 2014 – 1; 2015 – 0; 2016 – 0; 2017 – 0; 2018 – 1).

Диаграммада кўрсатилганидак, Конституциявий суд фаолияти 2002 йилдан кейин кескин сусайиб, 2005 йилдан турғунлик бошланган.

Конституциявий ҳуқуқлар ҳимоя қилинмоқдами?

Конституциявий суднинг асосий вазифаси Конституцияни ҳимоя қилиш, унинг барча бошқа қонун ҳужжатларидан устунлигини таъминлаш ҳисобланади. Бугунгача қабул қилган қарорлар асосан солиқ, меҳнат муносабатлари, тадбиркорлик фаолияти, лицензиялаш, ижтимоий суғурта, чет эл инвестициялари, адвокатлик фаолияти, Конституциявий суд ваколатлари ва фуқароликни йўқотиш масалалари бўйича бўлиб, бевосита фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича деярли қарор қабул қилинмаган. Шу ўринда Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилган икки истисноли қарорга эътибор қаратиш мумкин. Қуйидаги ишларда Конституциявий суд муҳим ҳуқуқларни ҳимоя қилиб қарор чиқаради, аммо бу қарорлар ҳеч қандай амалий ўзгаришларга сабаб бўлмади.

1997 йилда Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилган ишга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокими ўз фармойишида пахта тайёрлаш ҳиссадорлик жамияти зиммасига 5.800 000 сўм пул маблағини ҳомий ташкилот ва корхоналар ҳисобидан тўлаш мажбуриятини юклайди. Конституциявий суд ҳоким ҳиссадорлик жамиятининг хўжалик ишларига аралашиб, ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаган ва бундай ҳаракатлар Конституциясининг 54-моддасига («Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади») мувофиқ эмас, деган тўхтамга келади. Мазкур қарор мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида ўта жиддий аҳамиятга эга бўлишига қарамасдан, унга бугун умуман амал қилинмаяпти. Зеро, ҳокимият томонидан хусусий тадбиркор, ташкилот ва корхоналар ҳисобидан турли тадбирлар учун пул ўтказиш, ҳомийлик қилиш мажбуриятини юкловчи ёзма ва оғзаки буйруқлар жуда кўп учраши кўп кузатилади.

2018 йилда Конституциявий суд Маъмурий суд ишларини юритишда суд мажлисининг аудиоёзуви суд рухсати билан амалга ошириладими ёки бу мажлис залида ҳозир бўлганларнинг ҳуқуқими, деган саволга жавоб берди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекснинг 143-моддасига биноан, «суд ташаббусига кўра ёки [суд] иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин» Мазкур модданинг тўртинчи қисмида «мажлис залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, […] овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга» дейилади. Амалда эса овоз ёзиб олиш бўйича топширилган илтимоснома суд томонидан муҳокама қилиниб, суд озов ёзиб олишга рухсат бериши ёки рухсат бермаслиги мумкин.

Конституциявий суд ҳақли равишда бундай амалиёт суд иштирокчиларининг ҳуқуқларини бузиб, овоз ёзиб олиш суднинг рухсатисиз амалга оширилиши мумкинлигини айтади. Афсуски, қарор қилишга келганда Конституциявий суд бундан буён суд иштирокчиларининг овоз ёзиб олиш ҳуқуқий чекланиши мумкин эмас, деб қарор қилмайди, балки «суд мажлисида овоз ёзиб олишни амалга ошириш ягона тартибини белгилаш» мақсадида қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилсин, деб қарор қилади. Аммо қонунда очиқ-ойдин «мажлис залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, […] овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга» деб аниқ кўрсатилган бўлса, фуқаролар мазкур ҳуқуқни амалга ошириш учун нимага алоҳида тартиб белгиланишини кутиши керак?

Қайси масалалар аллақачон кўриб чиқилиши керак эди?

Конституциявий суд эътибор қаратиши керак бўлган ҳуқуқий муаммолар кўп. Мазкур муаммолардан қуйидаги энг асосий тўрттасини алоҳида ажратиш мумкин:

Тошкентда доимий пропискадан ўтиш: Конституциянинг 28-моддасига кўра, фуқаролар Ўзбекистон ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқига эгалар. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно. Аммо мазкур конституцион ҳуқуқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропоска қилиниш тўғрисидаги қонун билан чекланади. Тўғри, баъзи конституциявий ҳуқуқлар чекланиши мумкин. Аммо барча чекловлар аниқ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мақсадни кўзлаб амалга оширилиши керак. Қонунда прописка тизимини асослаб биронта жўяли сабаб келтирмайди. Натижада Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари билан бирга, қонуний имконият ва имтиёзлари жиддий чеклаб келинмоқда. Конституциявий суд эса мазкур ҳолатга ҳалигача эътибор қаратмади.

Сўз эркинлиги: Конституциянинг 29-моддасига кўра, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Амалда эса Ўзбекистонда маълумотлар узатиш тезлиги ақл бовар қилмайдиган даражада секинлиги (5 Мбит/с), чет эл нашрлари ва ижтимоий тармоқлар блоклангани ва/ёки кириш чеклангани сўз эркинлигини ҳам жиддий чеклайди. Бу масала ҳам Конституциявий суднинг диққат марказидан четда қолмоқда.

Чет элга чиқиш учун рухсат олиш: Конституциянинг 28-моддасида фуқаролар Ўзбекистонга келиш ва унда чиқиб кетиш ҳуқуқига эгалиги кафоланланади. Чекловлар эса фақат қонун билан белгиланиши керак. Мазкур конституциявий қоидага қарамасдан, амалда фуқаронинг чет элга чиқиш ҳуқуқи қонун ости ҳужжатида назарда тутилган мавҳум «мақсадга мувофиқ эмас» асоси билан чекланиши мумкин. Бу ерда нафақат конституциявий ҳуқуқнинг бирор жиддий сабабсиз чекланаётганини, балки бу амалиёт қонун ости ҳужжати билан амалга оширилаётганини кўриш мумкин. Конституциявий суд эса мазкур тартиб ҳақида 1995 йилдан бери ҳеч қандай фикр билдирмади

Диний эркинликлар: Конституциянинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Мазкур конституциявий ҳуқуқ ичига ибодат қилиш, диний қарашлари кўра кийиниш ҳуқуқи ҳам киради. Аммо Виждон эркинлиги тўғрисидаги Қонуннинг 14-моддаси «ибодат либоси»ни тақиқлайди. Мазкур тушунчанинг маъноси мавҳумлигини, жиддий ҳуқуқий-амалий муаммоларга сабаб бўлаётганини Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам таъкидлаганди. Шунга қарамасдан, ушбу тақиққа асосланиб минглаб фуқароларнинг виждон эркинлиги қўпол бузилаётганини кўриш мумкин. Конституциявий суд эса, қонунларга шарҳ берувчи орган сифатида, мазкур ҳуқуқий муаммога ҳалигача эътибор қаратгани йўқ.

Қарорларнинг сони камлиги-ку майли, сифати қандай?

Конституциявий суд қарорларини ўқиган киши биринчи навбатда уларнинг қисқалигини кўради. Қарорларнинг ўртача узунлиги 2-4 саҳифани ташкил қилади. Батафсил ҳуқуқий таҳлилни умуман кўрмайсиз. Бу эса Конституциявий суд мақоми ва ҳуқуқий тизимдаги ўрни учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Қандай қилиб мамлакатимизнинг энг юқори малакали ҳуқуқшуносларидан ташкил топган Конституциявий суд қонун ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини текширишда ва қонун нормаларига расмий шарҳ беришда икки, узоғи билан тўрт бет билан чекланиши мумкин?

Суд қарорлари сифатини таҳлил қилишда 2014 йил 22 апрелда кўриб чиқилган ишни мисол қилиб келтириш мумкин. Мазкур ишда Конституциявий суд Фуқаролик тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддасида белгиланган, агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса, Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши тўғрисидаги қоидани кўриб чиқади. Афсуски, Конституциявий суд ҳеч қандай жиддий таҳлилсиз, мазкур қоида «доимий яшаш учун чет элга чиқишга рухсатни тегишли равишда расмийлаштирмасдан ва беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмасдан чет элда доимий яшаётган шахсларга» нисбатан қўлланилиши мумкин, деган хулосага келади.

Аммо Фуқаролик тўғрисидаги Қонуннинг 1-моддасида Ўзекистон фуқаролиги шахс билан давлатнинг доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди, деб айтилган. Бу ерда «доимий» қандай тушунилиши керак? Қолаверса, фуқароликни йўқотиш навбатда нон кутиш эмаску ахир? Киши фуқароликдан чиқарилиши ўта жиддий ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлгани учун, ўзига хос қонуний жараён ишлаб чиқилиши керак. Бу жараёнда фуқароликни йўқотиши мумкин бўлган шахс ва/ёки оиласини хабардор қилиш билан бирга, фуқароликни йўқотмаслигини асослаб бериш учун имкон берилиши керак. Боз устига, фуқароликдан чиқариш қарори устидан судга шикоят келтириш жараёни ҳам ишлаб чиқилмаган. Конституциявий суд энг камида юқоридаги ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтиши шарт эди.

Конституциявий ҳуқуқлар ҳақида гап кетганда, Конституциявий суд ҳамиша муҳокамани алоҳида ҳуқуқ ёки қоиданинг моҳияти ва аҳамиятини муҳокама қилишдан бошлаши керак. Шундан кейин алоҳида қонун нима сабабдан Конституцияни бузиши ёки бузмаслиги батафсил муҳокама қилиниши керак.

Хулоса ўрнида

Юқоридаги таҳлил Конституциявий суднинг бугунги фаолияти қониқарсизлигини кўрсатади. Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида ислоҳотларни Конституциявий суднинг фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шундай экан, Конституциявий суд ваколатлари доирасида мамлакатимиздаги энг оғриқли ҳуқуқий муаммоларга эътибор қаратиши, конституциявий қоидаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириши, Конституцияга мос келмайдиган қонунларни ноқонуний деб топиши ва ўз қарорларининг ижросини таъминлаши керак.

Миракмал Ниязматов,

ҳуқуқшунос

Kun.uz

2018-12-16 19:18:03  |  1881 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация