Оммавий қабуллар хўжакўрсинга...ми?



 
  Расм манбаси : ЎзА

ёки ҳоким ва раҳбарларнинг “халқ билан мулоқоти” тобора сийқалашаётгани сабаблари хусусида айрим мулоҳазалар

Муддаога ўтишдан олдин мана бу атамаларга аниқлик киритиб олайлик:

Сайёр қабул – давлат органлари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг тасдиқланган жадвал асосида жойларга чиққан ҳолда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиши билан боғлиқ ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи (“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонундан).

Оммавий қабул – давлат органи раҳбарининг ёки бу борада ваколат берилган мансабдор шахсининг жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари билан оммавий учрашувларида мурожаатларни қабул қилишга доир ҳаракати (Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низомдан).

Тўғриси, бу атамалар истилоҳда кейинги пайтда аралаш бўлиб кетгандай. Аммо мақоламиз бу ҳақда эмас. Зеро, аслида ҳам, номи қандай бўлмасин, натижаси муҳим. Қолаверса, ҳоким ва мансабдор шахсларнинг сайёр қабул режасини рисоладагидек бажараётган-бажармаётгани тўғрисида қўлимизда аниқ маълумот ҳам йўқ. Аммо, билганимиз шуки, оммавий учрашув кўринишида ўтказилаётган аҳоли билан мулоқотлар ҳамиша ҳам кўнгилдагидек бўлмаяпти! Яъни, назаримизда, фуқаролар билан ишлаш маданияти ҳаминқадар бўлган жаноб амалдорларимиз бунақа тадбирларни аллақачон кўзбўямачиликка айлантириб қўйди. Шу боис, бизнингча, уларни ё бекор қилиш, ёки қатъий регламентлаштириш керакка ўхшайди.

Тўғри, беш қўл баробар эмас: қабулларни одамлар учун мумкин қадар қулай қилиб ўтказаётган ва ҳар бир арзгўйни расамади билан, алоҳида тартибда эшитишга ҳафсала топаётган раҳбарлар ҳам бор, лекин, бир неча йил аввал катта умидда бошланган “халқ билан мулоқотлар” расмиятчилик тусини олаётгани сайин ўшанақа “ҳафсалали” қабулларнинг камёблашаётганлиги умумий тасвирда тобора яққолроқ кўзга ташланмоқда. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган қабул лавҳаларини кузатиб юрганлар бўлса бу фикримизни тасдиқласа керак.

Хуллас, касбим тақазосига кўра турфа ташкилот ва идоралар бошлиқларининг омма билан учрашувларида кўп қатнашган одам сифатида бугун шу хусусдаги ўз мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Аввало, раҳбарларнинг оммавий қабулларида мени нималар қаноатлантирмаяпти:

Биринчидан, оммавий қабулларда раҳбарга дардини англатиш имконияти ўша ерда ҳозир бўлган ҳамма фуқарога тенг асосда берилмаяпти. Яъни сўзлагич дастак тегса гапирасиз, бўлмаса йўқ. Бу қурғурнинг кимга насиб қилишини эса аксар ҳолларда қабул ўтказувчи мансабдор тайин қилган ходимлар ҳал қилади. Уларнинг аввалдан махсус “йўриқнома” олмаганига, тўғриси, мен ишонмайман. Зеро, чигалроқ масала билан қабулларга қатнайвериб, бошлиқларнинг кўзига ёмон кўриниб қолган, баъзан ҳатто амалдорлар орасида “ёзувчи” деб ном олиб улгурган айрим арзгўйларни иложи борича гапиртирмасликка ҳаракат қилишларини биладиган бир мен бўлмасам керак. Хуллас, оммавий қабулларда тенглик йўқлиги менга маъқул эмас.

Иккинчи ва, назаримда, энг нозик масала – аҳоли билан бу кўринишдаги мулоқотларда фуқароларга ўз дардини жамоат орасида айтишдан ўзга чора қолдирилмаётганлигидир. Газ, электр ёки сув билан боғлиқ “беозор” муаммо билан борган бўлсангиз-ку, ҳар қандай вазиятда тортинмай, баралла сўзлашингиз мумкин. Лекин шахсий ҳаётингизга дахлдор, овоза қилиш ножоиз ишлар бўлса-чи? Турган жойингиздан ҳов а-а-анча нарида ўтирган раҳбарга қандай етказасиз дардингизни?

Ваҳоланки, қабулларда арзгўйларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этмоқда. Табиатан тортинчоқ ўзбек аёли эса маҳрамроқ гапини элга достон қилгандан кўра синган қўлини енг ичига бекитишда давом этишни афзал кўради. Шахсан ўз кузатувларимда ҳам “бекор юрган ўғлига иш”, “яримжон эрига нафақа” сўраб, ёки ҳатто собиқ эридан болаларига алимент ундириш илинжида сайёр қабулга келиб, кўпчиликнинг орасида ичидагини сиртига чиқаролмай сарғайиб ўтирган қанча аёлларни учратдим.

Қолаверса, оммавий қабул ўтказишга доир қонунчиликда (“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа ҳужжатлар) бу борадаги қоидалар мукаммал баён қилинмаган бўлса-да, конфиденциаллик тамойили эсга олинган, ҳарқалай. Масалан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга кўра, мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принципларидан бири – фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилишдир (4-модда); шахсий ҳаёт тўғрисидаги маълумотлар сир сақланиши ва эгасининг розилигисиз эълон қилинмаслиги керак (19-модда); фуқаро ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат этганлиги, шунингдек мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги учун таъқиб этилиши мумкин эмас (20-модда).

Шунингдек, бу каби меъёрлар Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомда (Вазирлар Маҳкамаси ишлаб чиққан) ҳам ўз аксини топган бўлса-да, биз муҳокама қилаётган ҳолатларни юзага келтириб чиқараётган жиҳатлар эътибордан четда қолган.

Қонунчилигимизда “оммавий қабулларда муаммосини айтишни хоҳламаганлар алоҳида тартибда тинглансин” деган талаб қўйилмагани эса, ўз-ўзидан, бу масала қабул ўтказувчи мансабдорнинг савияси (ҳамда виждони)га ҳавола бўлиб қолмоқда. Маданиятли амалдор жамоатни тўплагач, шикоятчиларни навбат билан уч-тўрт масъулдан иборат тор доирада тинглаб, ташвишини ўрганяпти. Қолганлар эса, юқорида айтганимиздек, Президент учун “хўжакўрсин”у халқ учун “чалғитиш” ўйинини ўйнаш билан овора.

Шу ўринда кимдир мазкур масаланинг жуда муҳим эканлигига эътироз қилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда унинг адвокатлик фаолиятига доир қисмидан мисол келтириб ўтмоқчиман. Зеро, бизнинг касбимизда “адвокат сири” деган тушунча мавжуд. Эътибор қилинг, бу тушунча фуқаронинг ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат этганлиги фактидан тортиб, мурожаат мазмуни, маслаҳатлар, насиҳатлар ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокат билан ўртада бўлиб ўтган суҳбатлар тафсилотларигача бўлган барча масалаларни қамраб олади. Ва адвокат, унинг ёрдамчиси, стажёри, умуман, адвокатлик идораси ходими бу маълумотларни сир сақлаши шарт (“Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддаси).

Бу талаб эса бежизга қўйилмаган. Адвокатлардан ҳуқуқий кўмак ёки маслаҳат сўраб келадиган фуқаролар учинчи шахс ёнида ўзларини эркин тута олишмайди, чунончи, шахсий ҳаёт ва оилавий муносабатлар сингари, овоза бўлиши кишининг ижтимоий мавқеига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни яширишга, табиий равишда, ҳаракат қилишади. Оқибатда адвокат масаланинг моҳиятини чуқур ўргана олмайди ва мижозига ёрдам беришда қийналади. Шу боис ҳам ҳузуримизга келган ҳар бир фуқарони якка қабул қиламиз.

Менга қолса, “давлат амалдори – шикоятчи фуқаро” муносабатлари ҳам “адвокат – мижоз” муносабатлари каби конфиденциал тарзда йўлга қўйилиши лозим. Лоақал оммавий қабуллар ўтказилаётганда арзгўйлар орасида муаммоси нозикроқ кишилар ҳам борлиги ҳисобга олиниб ташкил қилинса яхши бўларди.

Шунга кўра, балки, тегишли қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғри бўлар. Янаям ҳамкасблар ва мутахассислар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади деб умид қиламан.

***

Ушбу мақолани ёзишимга, тўғриси, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг сайёр қабули ҳақидаги мулоҳазаларимнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши сабаб бўлди. Чунки буни айримлар вилоятимиз ҳокимига тилёғламалик деб ҳам тушунибди. Аслида эса мен юқоридаги муаммони ўйлаб юрган бир пайтимда, ўтган йилнинг 24 ноябрида вилоят ҳокимининг Пахтачи туманидаги сайёр қабулида мижозим билан биргаликда иштирок этиб, илк бор бундай қабулдан кўнглим тўлган эди. Шундан кейин юқоридаги муаммони ҳам унутгандай бўлдим. Аммо яқинда ТВ орқали бошқа бир вилоят ҳокимининг сайёр қабули ҳақидаги лавҳани кўриб, ярам янгиланди ва ўша қабулни ўзим иштирок этган қабул билан солиштириб, орада жуда катта фарқ борлигини яна бир бор ҳис қилдим ва ана шу ҳиссиётларимни ўртоқлашгим келди, холос.

Фурсатдан фойдаланиб бу кечинмаларимни яна бир такрорламоқчиман. Зеро, Эркинжон Турдимов биргина Пахтачи туманида охирги 8 ой ичида 3 марта сайёр қабул ўтказди. У ҳар сафар фуқароларни индивидуал қабул қилиб, шахсан гаплашади. Қабуллар катта зал ёки боғда уюштирилса-да, фуқаролар тартиб билан, навбат асосида ҳоким қабулига бориб, ариза топширади ва юзма-юз гаплашиб, муаммосини айтади. Ҳоким ёнида микрофон ёки карнай бўлади, лекин ундан фуқаронинг шикоятига қараб тегишли ташкилот раҳбарини чақириш учун фойдаланади, холос (Қабул пайти вилоят ва тумандаги барча ташкилотлар раҳбарлари ўша жойда ҳозир туришади). Арзгўйнинг дарди достон қилиниб, ўзи сазойи этилмайди. Унинг масаласидан ҳам бир неча мутасадди шахсгина хабардор бўлади.

ОАВда эълон қилинган маълумотга қараганда Эркинжон Турдимов томонидан шу пайтга қадар Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида 15 марта сайёр қабуллар ўтказилиб, бу қабулларда 4063 нафар фуқародан 4 500 дан зиёд мурожаат қабул қилинган.  Жумладан, шундай сайёр қабуллардан бирида 500 дан ортиқ кишини индивидуал тартибда қабул қилиб, арзини эшитибди. Ёки аввалроқ бошқа ишлари билан Пахтачига келган вақтида ҳам туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида навбат билан 20-30 чоғли фуқарони микрофонсиз, якка тартибда қабул қилганлигидан хабарим бор (Вақти зиқлигини рўкач қилиб, қабулларни юмалоқ-ёстиқ мажлисга айлантирадиган мансабдорлар шунча аҳоли билан шахсан мулоқот қилиш мумкинлигини тасаввур қила олишармикан?).

Шу ўринда айтиш керакки, бу рақамлар шунчаки сон кетма-кетлиги эмас. Ёки Самарқанд вилоятида шикоят кўплигидан ҳам деб ўйламайман. Аксинча, ҳоким қабулига интилаётганларнинг камайиш ўрнига кўпаяётгани сабаби фуқароларнинг унга бўлган ишончи, шикоятининг албатта ижобий ҳал этилишига аминлиги туфайлидир. Чунки вилоятимизда қабул пайтида масъулларга ҳоким томонидан берилган топшириқлар натижаси алоҳида ходимлар орқали суриштириб борилади. Бунга ўзим гувоҳ бўлдим, мен билан бирга қабулга кирган аризачига қайта-қайта қўнғироқ қилишиб, бириктирилган ходимлар томонидан нима ёрдам қилинганини сўраб туришди. Ҳатто муаммо ҳал этилганидан кейин ҳам: “Бизга муаммоингиз ҳал бўлгани ҳақида ҳисобот беришди, ростми, ундан қониқдингизми?” деб тасдиқлатиб олишди. Ишонаверинг, бу эртак эмас! Раҳбар деганида аввало масъулият бўлса бундай натижаларга эришиш мумкинлигининг аниқ исботи бу!

Кези келганда яна бир гап. Эркин Турдимов ўз интервьюларидан бирида “Тушунмайдиган одам йўқ, тушунтиролмайдиган раҳбарлар бор” дебди. Менимча, бу ҳам ҳокимнинг иш тамойилини акс эттирувчи шиор! Зеро, шикоятчиларнинг ҳамма талабини ёки ҳамма шикоятчининг талабини тўлиқ қондириб бўлмаслиги аниқ, аммо буни уларга тўғри тушунтириб, имкон даражасидаги ёрдам кўрсатилишига уларни ишонтира билиш ва шундай ёрдамни кўрсатиш энг муҳимидир!

Вилоят ҳокими “сектор раҳбарлари фуқаролар билан кўнгилдагидек ишлаганида эди, маиший тусдаги аксар локал муаммолар жойидаёқ ҳал бўлиб, одамларнинг юқори раҳбарлар қабулига келиб овора бўлишига ҳожат қолмасди”, дейди яна интервьюсида. Ростдан ҳам, маҳаллий раҳбарлар ўз ҳудудида аҳоли билан ишни яхши ташкил қилса, ечими вилоят ҳокими ёки республика марказий идоралари аралашувини талаб қиладиган жиддий муаммолари бор аҳоли билан мулоқотларга кўпроқ вақт ва куч сарфланган бўлур эди. Ва бу, шубҳасиз, қабуллар самарадорлигини ҳам оширган бўларди.

...Назаримда, Президент раҳбарларни халқ билан ишлашга даъват қилганида айнан мана шундай мулоқотни хоҳлаган эди. Барча бўғиндаги раҳбарларнинг аҳоли билан мунтазам мулоқотлари халқ билан давлат идоралари ўртасида ўзаро яқинлашувни, ҳамоҳангликни таъминлаши керак эди. Аммо аксарият ҳолатда қабулларнинг сохтакорликка айланаётгани жамият учун хавотирлидир. Зеро, бу анъана, алалоқибат, яна амалдорларнинг реал воқеликдан узоқлашишига олиб келиб, бошланган яхши ислоҳотларни барбод қилиши мумкин.

Шу мулоҳазаларимиз ҳам Эркин Турдимов каби маълум натижаларга эриша олган раҳбарларнинг бу борадаги тажрибаларини таҳлилий ўрганиб, уларнинг ижобий томонларидан келиб чиққан ҳолда оммавий қабулларни ўтказишнинг тасдиқланган тартибини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш фойдадан холи бўлмаслигини яна бир бор тасдиқлаётгандай, назаримизда.

2019-08-07 14:46:51  |  2107 |   0     Насим Хидиров  | 

2 изоҳлар

Men oddiy bir ustaman va oilamni halol va mashaqqatli mehnatim bilan boqib kelyapman oilaliman 2 nafar farzandim va pensioner Ota -Onam bor . Menga avvaldan tanish bölgan Salomov Shuxrat 2021 yilni may oylarida ish taklif qilgan edi va men ishni 1 oylarda tugatib berishimni aytib oğzaki " telegram ishtimoiy tarmoğida yozma " ravishda ishni kelishdik va Salomov Shuxrat menga qurilish mollarini öz vaxtida yetkazmasdan va yaroqsiz xom ashyolarni yetqazib berib ishimizni chala topshirib ketishga undadi lekin men mahsulotlarni yaroqsiz ekanligini aytib 1 kivadrat joyga abrozes urib körsatib xoxlasangiz shu yaroqsiz bölsayam qurilish mollari bilan ishimizni bitqazib berishimiZni aytdim. Va Salomov menga böladi aka bu mahsulotlarga pul tölamasdan olishlarini aytib rozilik bildirgan va ishimiz yakunlangach polni kafel terish qismiga göyoki moddiy mablaği yetmaganligi sabab kafel terish ishini qoldirib bajarilgan ishlarimizni tölashlarini aytdilar va kelishganimiz (35.000 söm kafel terish xizmat haqqimizni "50.000 sömdan ushlab qolishlarini bunga rozi bölmasam bajarilgan ishlarimni kechiktirishda bizlarni ayblashlarini va ishimizni chala tashlab ketishda bizni ayblashini aytib qaysidir ma'noda mendan pora talab qildi " ) va men 2 yildan buyon ish haqqimni Salomovdan undirish maqsadida ichkiishlarga pirakiraturaga va Toshkent shaxar mirobod tumanlararo fuqarolik sudiga ariza bilan murojoat qildim va 1 chi instansiya sudida mening murojoatim qisman qanoatlantirilib ish haqqim undirib berildi . Ammo Salomov Toshkent shaxar sudiga apelliyasiya shikoyati bilan murojoat qilib yolğonlari evaziga menga chiqarilgan qarorni asossiz ravishda bekor qilishdi va men adolat izlab kasassieya shikoyatini yozib oliy sudga murojoat qildim va oliy sudda Oybek Qodirov mening dallillarimni qabul qilmasdan arizamni asossiz ravishda bekor qilib toshkent shaxar sudini yolğon körsatmalar asosida chiqargan qarorini öz kuchida qoldirdi . Shu masalada yordamingiz zarur edi va men bu aldoqchi firibgar poraxörni sudyalar qöllab quvatlashini qoralayman.........!!!! Hurmat bilan Abdiyev Baxtiyor Omondilloyevich 06.05.2023 yil

Мақола ўринли ва мулоҳазаларга бой, воқеликни акс этдира олиш санъати(тажрибаси) яхши чиқибди. Лекин, ҳар мақоланинг мақсади юзага келган муаммоларни ечимини топа билиш қобилияти ва реал таклифлар билан инҳтихо топгани маъқулмикан. Камчиликлар, фаолиятдаги қусурлар, мантиқий қарама-қаршиликлар мақолада яхши ифода топган. Лекин ечим ва таклифлар йўқ. Ҳозирда Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муаммоси-бу кадрлар (мутахассислар) танқислиги деб ҳисоблайман. Ундан кейинги унсур бу илмсизлик, маданиятсизлик ҳамда билим ва тажрибани йўқлигидир. Энг замонавий латифалар келтириб чиқаётган идора бу Ҳокимликлар бўлиб қолди. Уларга қонун керак эмас. Камдан ками Ватанга, Президентга ва қасамёдига садоқатини сақлашга интилади. Масалан, мақолада Э. Турдимовнинг фаолиятининг бир қисми ижобий ифода этилган бўлса, шу ўринда мен Фарғона водийси раҳбарлари тўғрисида халқ ичида, жамиятни зиёлилар қатламида бўлаётган муҳокамаларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман: Наманган вилоят Ҳокими Ҳ. Бозоров тўғрисида жуда кўп ижобий фикрлар айтилиб, бу вилоятда коррупцияга қарши курашиш даражаси юқори деб баҳоланаётган бир пайтда, қўшни Андижон ва Фарғона вилоятлари раҳбарлари фаолиятидан халқни норозилиги кўпайиб бораётганини, ижтимоий тармоқлардаги фикрлар ва хулосалардан билиб олиш мумкин. Адвокат сифатида бу икки вилоятдаги муаммоларни ўрганишда, таниш-билиш, ошна-оғайничиликни кучайиб бораётгани, давлат идораларида раҳбарларнинг инсонлар тақдирига бефарқлиги, йўналтирилган мақсадларда ажратилган маблағларни манзили бўйича сарфламай, текин кучлардан фойдаланиб, "ўзлаштириш" лар ҳаракатида бўлаётгани, раҳбарларни оёғи ердан узилиб қолганини яққол сезиш мумкин. Мисол қилганда, маълум бир аҳоли пунктида яшайдиганларни намойишкорона "ҳаромхўрлар" деб аташ ва оқсоқолларни менсимаслик қайси раҳбар маданиятига тўғри келишини халқни ўзи баҳо бериб бўлганлиги кишини ҳайратда қолдиради. Наманган вилоят Ҳокимининг қабулидан мамнун бўлган жуда кўпчилик муҳтож оилалар ижобий фикрларини эшитганимда Президентимиз ".. мен Хайруллага ишонаман... " деб фикр билдирганларини бежиз эмаслигини тушундим. Кези келгагда ҳар бир раҳбар нима "... экса, ўшани ўради... ". Қалбдан чиққан ниятга қараб ризқ бўлинади. Таклифга келсак: 1.Мустақил ва холис суд корпуси, Сингапур тажрибаси асосида тузилмас экан, ҳали коррупцияга қарши курашиш сафсата ва эртак бўлиб қолаверади; 2. Давлат идоралари раҳбарлари ва мансабдор шахсларини, уларни яқин қариндошларининг даромадларини назорат қилиш механизми қонунга киритилмас экан, коррупцияга қарши кураш ҳали сафсата ва ҳали эртак; 3. Ишбилармон ва билимли кадрларни нози бўлади, шу инжиклигини кўтариб, ҳалоллигига таяниб ишлашни ўтганиш керак менимча. Чунки, жуда иқтидорли ва тажрибали муҳахассисларимиз четга чиқиб кетаётгани сир эмас.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация