Адвокат «муваффақият гонорари» олиши мумкинми?



 
  Расм манбаси : 

Бутун дунёдаги каби бизда ҳам адвокатнинг сифатли хизмати гонорар ­билан рағбатлантирилади. Аммо, илмий таҳлилларимиз кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда ҳали адвокат гонорари билан боғлиқ муносабатлар етарли даражада ­ўрганилмаган. Жумладан, адвокатнинг «муваффақият гонорари» масаласи ҳам. Масалан, жиноят ишлари бўйича ҳимоячи сифатида иштирок этаётган адвокатлар учун муайян бир ишнинг натижасига боғлиқ ҳолда адвокат гонорари белгиланиши амалиёти бизда деярли мавжуд эмаслиги ҳам шундан далолат беради. Зеро, аслида бу миллий қонунчилигимизда тақиқланмаган...

 

Гонорар тушунчасининг қонуний таърифи борми?

Адвокатнинг «муваффақият гонорари» ҳақида мулоҳаза юритиш учун аввало «адвокат гонорари» масаласига ойдинлик киритиб олишимиз керак бўлади. Шу маънода қонун ҳужжатларидан жавоб излайдиган бўлсак, адвокатнинг ўз юридик ёрдами учун тўланадиган ҳақ миқдорини юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) (кейинги ўринларда – шартнома)да ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан келишган ҳолда мустақил белгилаш ҳуқуқига эга эканини кўрамиз. Бироқ, негадир, адвокатурага оид қонунчилигимизда, ҳатто Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан қабул қилинган ҳужжатларда ҳам «гонорар» тушунчаси назарда тутилмаган. Фақат Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 392-моддасида адвокатлар томонидан юридик ёрдам (хизмат) кўрсатганлик учун олинган гонорарлар суммаларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиниши белгиланган. Бу эса адвокатнинг «муваффақият гонорари» масаласини муҳокама қилишдан олдин Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги қонунида белгиланган «юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида тўланадиган ҳақ» ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида кенг тарқалган «адвокат гонорари» тушунчаларига аниқлик киритиб олишимиз лозимлигини кўрсатади.

 

«Адвокат гонорари» нима ўзи?

Бу тушунчани англаб олиш учун аввало гонорар сўзининг маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, у лотинча honorarium сўзидан тўғридан-тўғри таржима қилганда — хизмат учун мукофот. Шунингдек, бу атама муаллифлик мукофоти, яъни эркин меҳнат қилувчи касб эгаларига (ёзувчи, рассом, дизайнер, дастурчи, файласуф, адвокат) тўланадиган пул мукофоти маъносини ҳам беради. Кўриниб турибдики, гонорар турли соҳа вакилларига уларнинг меҳнатига бир йўла тўланадиган ҳақдир.

 «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида адвокатлик фаолиятининг турлари келтирилган бўлиб, жумладан, адвокатнинг жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиши белгиланган. Бу эса, биринчидан, адвокатлар томонидан нафақат юридик ёрдам, балки юридик хизмат ҳам кўрсатилиши мумкинлигини билдиради. ­Демак, адвокат гонорари нафақат юридик ёрдам, балки юридик хизмат кўрсатганлик учун ҳам тўланадиган ҳақ бўлиб чиқади.

Қисқа қилиб айтганда, адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, адвокат гонорари — бу ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс)га адвокат томонидан кўрсатилган юридик ёрдам ва хизмат учун тўланадиган ҳақдир.

Адвокатлик гоноранини белгилашнинг эса бир нечта, яъни соатбай, кунбай, ойбай ва ишбай (аккорд) усуллари мавжуд1.

 

Қонунда бор, амалиётда йўқ...

Ана энди биз бугун тўхталмоқчи бўлган асосий мавзу, яъни адвокатнинг «муваффақият гонорари» масаласига ўтсак бўлади. Зеро, у одатий гонорардан бирмунча фарқ қилиб, иш натижасига боғлиқ ҳолда тузиладиган шартнома асосида адвокат оладиган ҳақни билдиради. Яъни, шартномага кўра адвокат фақат ишда ютиб чиқсагина ўз хизмати учун ҳақ олади. Чунки бунда адвокат суд муҳокамаси якуни ишонч билдирувчи шахснинг фойдасига ҳал бўлиши шарти билан суд процессида вакиллик қилади2.

Бундай шартлар асосида шартнома тузишга мавжуд қонунчилигимиз ҳам изн беради. Жумладан, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари3га кўра юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномада ишнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) фойдасига ҳал бўлиш-бўлмаслигига қараб юридик ёрдам учун ҳақ миқдори белгиланиши ёки адвокатга қўшимча мукофот пуллари тўланиши мумкин. Аммо, юқорида қайд этганимиздек, бу тажриба амалиётда деярли учрамайди.

Бунга эса қонунчиликдаги бўшлиқлар сабаб бўлиб қолаётганлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Жумладан, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари 31-бандида адвокатнинг ўзига юридик ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсга ёки ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) топшириқни бажариш бўйича эришиладиган натижа бўйича асоссиз умидлар пайдо қилиши ёки бошқа усуллар орқали ишга таъсир кўрсатиш мумкинлиги юзасидан тассаввур ҳосил қиладиган ваъда ва кафолатлар беришга ҳақли эмаслиги кўрсатилган. Адвокатлар томонидан муваффақият гонорари белгиланишига журъат этилмаётганига ана шу каби меъёрларни тўғри тушунмаслик ҳам сабаб бўлиб қолаётган бўлиши мумкин.

 

Масала хорижда қандай ҳал этилган?

Хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили кўрсатадики, англосаксон ҳуқуқий тизими амал қиладиган мамлакатларда (Англия, АҚШ, Канада, Австралия) юридик ёрдам тўғрисидаги шартнома ҳар қандай шартларни, шу жумладан «муваффақият гонорари» ҳақидаги шартларни назарда тутиши мумкин. Аммо романо-герман ҳуқуқи оиласига мансуб мамлакатларда (энг аввало, Франция) эса адвокатлар меҳнати учун асосан соатбай ҳақ тўлаш тизими амал қилади. Бунда адвокатлар томонидан муваффақият гонорарини олиш имкони инкор этилмаса-да, бундай қоидалар ҳуқуқни қўллаш амалиётида кенг тарқалмаган.

Хусусан, АҚШда «муваффақият гонорари»ни белгилаш учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас. Аммо ҳар бир штатда Америка юристлар ассоциацияси (АВА) томонидан тасдиқланган намунавий қоидаларга асосланган адвокат касб этикаси қоидалари амал қилади. Намунавий қоидаларга кўра эса, фақат никоҳдан ажратиш, алимент ундириш ва жиноят ишларига тааллуқли бўлган ишларда ишнинг якунига боғлиқ ҳолдаги гонорарни (contingent fee) белгилаш тақиқланади. Бироқ фуқаролик ишларида «муваффақият гонорари» кенг тарқалган тўлов шакли бўлиб, амалиётда4 унинг фоиз ставкаси ўртача 25-30 фоиз атрофида, энг кенг тарқалган фоиз ставкаси эса мижоз оладиган пулнинг учдан бир қисмини ташкил этади5. Шу ўринда бир нарсани унутмаслик керакки, АҚШда адвокатлик фаолияти нотижорат фаолият деб баҳоланмайди.

Буюк Британияда, АҚШдан фарқли ўлароқ, адвокатлар асосан судьяларнинг ёрдамчиси вазифасини бажаришади. Шу боис ўтган асрнинг сўнггига қадар адвокатлар меҳнатига ҳақ тўлашда ишнинг якунига боғлиқ ҳолда шартнома тузиш тақиқланган6. Бундан ташқари, 1967 йилга қадар (criminal law act 1967) бундай мазмундаги шартномани тузиш нафақат майда ҳуқуқбузарлик, балки жиноят ҳисобланган. Бироқ 1990 йилда мазкур меъёр қисман либераллашди, 1999 йилда эса барча тоифадаги ишлар бўйича (жиноят ва оилавий ишлар бундан мустас­но) уларнинг натижасига боғлиқ ҳолда шартнома тузишга (унинг миқдорини чеклаган ҳолда) рухсат этилди. Хусусан, Джексон ислоҳотлари7га кўра, 2013 йил 1 апрелдан бошлаб, ютган тараф ютқазган тарафдан суд харажатлари билан биргаликда муваффақият гонорарини ҳам ундириб олиши мумкинлиги белгилаб қўйилди8.

Францияда адвокат гонорари миқдорини аниқлашда асосий миқдордан ташқари ишнинг ижобий натижаси асосида тўланадиган қўшимча мукофот ҳақидаги шарт ҳам шартномада назарда тутилиши мумкин. «Адвокатлик касби тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси учинчи бандида адвокатни мукофотлашнинг иккита шартномавий усули белгиланган: биринчиси, бажарилган иш учун мукофот, иккинчиси, ишнинг натижаси ёки кўрсатилган хизматга боғлиқ ҳолда қўшимча мукофот. Pacte de Quota litis деб номланувчи натижага боғлиқ ҳолда мукофотлаш — бу ишонч билдирувчи шахснинг суд процесси натижасида қўлга киритадиган мукофотининг бир қисмидан адвокат фойдасига воз кечиши, деб талқин қилинади9.

Германияда «Erfolgshonorare» (адвокатларнинг муваффақият гонорари) тақиқланган. Яъни, юридик хизматлар қонунда белгиланган ставкалар бўйича кўрсатилади. Шу билан бирга, агар иш ижобий натижа билан якунланса, тарафлар ўртасида мукофот белгиланиши мумкин10 (мисол учун, қонунда белгиланган ставкалар миқдорининг 2 ёки 3 баробари).

Германия Федерал адвокатлар палатаси адвокати, ҳуқуқ доктори Ю.Ф.Зельтманнинг таъкидлашича11, ишнинг натижасига қараб гонорарни белгилаш амалиёти Аргентина, Бразилия, Венгрия, Греция, Исроил, Исландия, Канада, ­Коста-рика, Нигерия, Польша, Словакия, Словения, Финляндия, Чехия, Чили, Эстония, Японияда мавжуд. Германия, Танзания ва Кипрда эса муваффақият гонорари тўғрисида келишув тузиш тақиқланган.

Айни пайтда, Россия Федерациясида ҳам «муваффақият гонорари» тақиқ­ланган. Аммо жорий йилнинг 10 январь куни Давлат Дума­сига адвокатларнинг «муваф­фақият гонорари»ни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамага киритилган. Унга мувофиқ, адвокат Адвокатлар Федерал палатаси Кенгаши томонидан белгиланган қоидаларга асосан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномада юридик ёрдам натижасига боғлиқ ҳолда ишонч билдирувчи шахс томонидан мукофот миқдори ва (ёки) тўлови амалга оширилиши мумкин.

 

Қонунга қўшимча ва ўзгартиш ­киритилиши керак!

Кўрганимиздек, бутун дунёда «муваффақият гонорари»га рухсат бериш анъанаси давом этмоқда. Бунинг сабабини эса Россияда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ташаббускорлари чиройли асослаганлар. Яъни, уларнинг фикрича, «муваффақият гонорари»га рухсат берилиши, айниқса, адвокат ёрдами учун ҳақ тўлашга қурби етмайдиган шахс­лар учун ҳам малакали юридик ёрдам олиш имкони яратилади. Бу эса масаланинг жиддий ижтимоий аҳамиятга эга эканлигидан далолат.

Шулардан келиб чиқиб, биз ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлаш учун ушбу амалиётни жорий этиш лозим деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун эса, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 91-моддасига юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномада адвокат томонидан кўрсатилган юридик ёрдам натижасига (жиноят ишлари бундан мустасно) боғлиқ ҳолда ишонч билдирувчи шахс томонидан мукофот миқдори ва (ёки) тўлови белгиланиши мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни таклиф этамиз.

Қолаверса, ҳали адвокат гонорари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни янада чуқурроқ ўрганиш, таҳлил қилиш ва тартибга солиш устида иш олиб бориш лозим. Зеро, бу фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масаладир.

Валишер ДАВЛЯТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент ­тадқиқотлари институти бош илмий ходими, ТДЮУ мустақил ­изланувчиси.

2019-06-26 10:04:48  |  160 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация