Суд бошқарувчилари фаолияти рейтинг асосида баҳоланади



 
  Расм манбаси : Uza.uz

Рейтинг тўпланган баллар умумий йиғиндисига нисбатан фоизда чиқарилади 

Суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси томонидан суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва уларнинг рейтингини юритишни йўлга қўйиш таклиф қилинган. Бунинг учун Ассоциация ҳузурида махсус комиссия тузилади.

Ҳисобот йилида банкротлик таомиллари якунланган корхоналар бўйича суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлиги қуйидаги мезонлар асосида баҳоланиши мумкин:

а) суд бошқарувчиси сифатида иш стажи;

б) суд бошқарувчиларининг профессионал малакасини ошириш курсини ўтаганлиги;

в) банкротлик таомиллари олиб борилган корхоналар сони;

г) банкротлик таомиллари олиб борилган корхоналарнинг кредиторлик қарздорликларини қоплаш даражаси;

д) тугатиш жараёнларининг олиб борилиши муддати;

е) суд бошқарувчиси ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги бўйича тушган эътирозлар (прокуратура органи тақдимномаси, иқтисодий суднинг хусусий ажрими ва бошқалар);

ё) суд бошқарувчилари аттестация комиссияси томонидан суд бошқарувчисига нисбатан кўрилган чоралар;

ж) сотилган мулк қийматининг (банкротлик жараёнида олинган бошқа даромадлар бирга) тугатиш харажатларига (суд бошқарувчисининг иш ҳақи ҳисобга олинмаганда) нисбати;

з) суд санацияси ва ташқи бошқарув жараёнларининг олиб борилиши (мавжуд бўлса);

и) банкротлик таомиллари орқали қарздор фаолиятини тиклаш чоралари;

й) банкротлик таомили олиб борилаётган корхоналарнинг учинчи шахслардаги мулкларини қайтарилиши;

к) сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш ҳолатларини аниқлаш.

Суд бошқарувчилари ҳисобот йили якунланган кундан кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар Ассоциацияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) суд бошқарувчиси сифатидаги иш стажини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

б) суд бошқарувчиларининг профессионал малака ошириш курсини ўтаганлиги тўғрисидаги сертификат нусхаси;

в) банкротлик таомиллари якунлари бўйича иқтисодий судга тақдим этилган якуний ҳисобот нусхаси;

г) банкротлик таомилларини якунлаш бўйича иқтисодий суднинг ажрими ва корхона юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси;

д) иқтисодий суднинг суд бошқарувчисини суд санацияси ёки ташқи бошқарувчи сифатида вазифага тайинлаганлиги тўғрисида ажрим нусхаси (мавжуд бўлса).

е) Ассоциация суд бошқарувчиси ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан прокуратура органи тақдимномаси, иқтисодий суднинг хусусий ажрими, суд бошқарувчилари аттестация комиссиясининг қарори ҳамда кўрсатмаси нусхалари (мавжуд бўлса) тегишлилиги бўйича зарур бўлган маълумотларни иқтисодий суддан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларидан, прокуратура органларидан, аудиторлик ҳамда баҳоловчи ташкилотлардан сўраб олиш ҳуқуқига эга.

Суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари тўпланган баллар умумий йиғиндисига нисбатан фоизда қуйидагича эътироф этилади:

кўрсаткич миқдори 50 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса – паст даражада;

кўрсаткич миқдори 51 фоиздан 75 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса – ўрта даражада;

кўрсаткич миқдори 76 фоиздан 85 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса – етарли даражада;

кўрсаткич миқдори 86 фоиздан 100 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса – юқори даражада.

2019-05-11 21:51:28  |  1768 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация