1 ноябрдан бошлаб ЙҲҚни бузганлик учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилмайди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 20 октябрдаги буйруғи билан жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий жарималарни тўлашнинг биллинг тизими тажриба тариқасида ишга туширилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, мазкур ҳужжат билан республика миқёсида йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир маълумотларнинг ягона базасини ўз ичига олган, жарималар солиш тартиботи ва уларнинг тўланишини назорат қилинишини таъминловчи “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизими (КААТ) амалиётга жорий этилган.
Эндиликда “Маъмурий амалиёт” КААТдан фойдаланган ҳолда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши биринчи марта ёки такроран содир этилаётганлиги бўйича факт планшет телефонлар ёрдамида воқеа жойининг ўзида реал вақт режимида аниқланади.
Энг асосийси, биллинг тизимидан фойдаланишда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилмайдиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тўғридан-тўғри транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилишни назарда тутувчи моддасида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустаснодир.
Муҳим янгиликлардан яна бири, қоидабузарга жарима мобиль алоқа операторлари орқали биллинг тизимидан фойдаланган ҳолда SMS шаклда ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖ орқали юборилади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш