Малака сертификати барча юридик шахслар ҳайдовчилари учун мажбурий бўлди



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Мазкур ҳужжат тақдим этилмаганида ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорда жарима солинади

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 майдаги ЎРҚ-534-сон қонуни билан МЖтКнинг 135-моддасига («Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши») қўшимча киритилди, деб хабар берди Norma.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил сентябрдан мажбурий равишда ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш жараёни жорий этила бошлаган (ВМнинг 4.09.2017 йилдаги 693-сон қарорига қаранг). Сўнг у татбиқ этиладиган шахслар рўйхати ва ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилган субъектлар доираси ўзгарди.

Натижада айни пайтга келиб:

а) қуйидаги шахслар 2 йилда 1 марта малака оширишлари шарт:

юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарувчи шахслар, қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида автомобилни бошқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслар бундан мустасно;

автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар;

б) исталган давлат (рўйхатдан ўтказилган) ва нодавлат (лицензияга эга) таълим муассасалари ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Ҳайдовчиларнинг ёнида малака оширишдан ўтганлиги тўғрисида сертификат бўлиши ва ИИБ ходимлари текширган пайтда уни тақдим этиш мажбурияти Йўл ҳаракати қоидаларида мустаҳкамланганига қарамай, у ёнида бўлмагани учун жавобгарлик белгиланмаган эди (аввалбошдан жарималарни 2018 йил 1 июлдан жорий этиш режалаштирилган эди, таҳр.).

МЖтКнинг 135-моддасига киритилган тузатиш сабабли вазият ўзгарди. Юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати ёнида бўлмаганлиги учун жарима солинади. Бунинг учун санкция ЭКИҲ 1 бараварини ташкил этади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач жарималар қўлланила бошлайди.

Бунда ҳайдовчилик гувоҳномаси олинган пайтдан эътиборан 2 йиллик даврда жавобгарликка тортмайдилар (гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига бошқасини бериш ҳоллари бундан мустасно).

Қонун "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган, ўзгартиришлар 2019 йил 4 августдан кучга киради.

2019-05-06 17:12:33  |  2520 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация