Суднинг адолати ҳаммага тенг эмасми?



 
  Расм манбаси : 

Ёки бир жиноий гуруҳнинг бошлиқларию етакчиларига топилган шафқат бошқалар учун раво кўрилмаслиги қонун талабларига қанчалик мувофиқ эканлиги тўғрисида адвокат мулоҳазалари

 

“Суд амалиётидаги баъзи ишларидан хабар топган одамнинг ҳафсаласи пир бўлади. Масалан, бир жиноий гуруҳ устидан жазо тайинланганида ўша гуруҳ раҳбарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо, гуруҳнинг бошқа аъзоларига 18 йил, 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганини эшитган одамнинг кўнглидан нима гап ўтади? — дейди Тошкент шаҳридаги “Адолат устиворлиги сари” адвокатлик ҳайъати адвокати Кадир Юлчиев биз билан суҳбатида. — Аммо, бу ҳам майли, орадан вақт ўтиб, гуруҳнинг айрим аъзоларининг шикоятига асосан уларнинг жазо муддати 18 йилдан 6-7 йиллик муддатга камайтирилсаю, шикоят ёзмаганларнинг жазо муддати 16 йиллигича қолиб кетса-чи?”

Табиийки, биз адвокатнинг бу саволларга жавоб бериш ваколатига эга эмасмиз. Шу боис унинг ўзидан бу гапларига қандай асос борлиги билан қизиқдик. Шунда у ҳужжатлари орасидан бир суд ажрими нусхасини топиб, қўлимизга тутқазди...

 

“Жазо тайинлаш қисмини адолатли деб бўлмайди...”

Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йилнинг 11 сентябрь кунги мазкур ажрими ЖИБ Тошкент вилоят судининг 2012 йил 3 августдаги ҳукми билан 18 йилга озодликдан маҳрум этилган ва ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 13 октябрдаги ажрими билан жазо муддати 12 йилга камайтирилган икки нафар маҳкум Э. ва А.ларнинг адвокатлари томонидан назорат тартибида берилган шикоятларига кўра чиқазилган (Ўқувчини зериктирмаслик учун жазоларнинг фақат озодликдан маҳрум қилиш қисминигина кўрсатяпмиз).

Ажримдан маълум бўлишича, маҳкум Э. бир корхонанинг норасмий раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб, ушбу корхонанинг бошқарувчиси ҳамда бошқа корхонанинг раҳбари лавозимида ишлаган А., шу корхона бош ҳисобчиси ва бошқа шахслар билан жиноий фаолият олиб бориш ҳақида олдиндан тил бириктириб, уюшган гуруҳ тузиб ва унга раҳбарлик қилиб, 2009 йил 10 октябрдан бошқа бир корхона раҳбари лавозимида ишлаган К. (шу шахсни эслаб қолишингизни тавсия қиламиз) ҳамда бошқалар раҳбарлик қилиб келаётган уюшган гуруҳлар билан жиноий уюшмага бирлашиб, жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, 2011 йил якунига қадар фаолияти давомида ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини талон-тарож қилиш, қонунга хилоф равишда жуда кўп миқдордаги валюта қимматликларини ўтказиш, солиққа доир қонунчлинни бузиш, такроран мансаб сохтакорлиги, жуда кўп миқдорда пора олиш ва бериш, юридик шахсларнинг қатъий ҳисобдаги ҳужжатлари, штамплари, муҳрлари, бланкаларини эгаллаш ва уларни нобуд қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган.

Энг эътиборга молик жиҳатлардан бири эса, адвокатлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, мазкур маҳкумларга доир жиноят иши бўйича жиноий уюшманинг ташкилотчиси ва раҳбари ҳисобланган шахсга ЖИБ Занигота туман суди 2018 йил 8 январдаги ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо — 4 йилу 4 ойдан ошиқроқ муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шу боис Олий суд ЖИБ судлов ҳайъати “Бундай ҳолатда, суд қарорларининг Э. ва А.ларга нисбатан жазо тайинлаш қисмини адолатли деб бўлмайди” деган хулосага келади.

Ажримдан кўчирма: “Биринчи инстанция суди Э. ва А.ларга нисбатан жазо тури ва меъёрини тайинлашда қайд этилган қонун талаблари ҳамда Пленум қарорларида берилган тушунтиришларини эътиборга олган бўлса-да, уларнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, А.нинг муқаддам судланмагани, жиноятларни содир этишдаги иштирок даражасини инобатга олмасдан уларга қилмишларига номувофиқ меъёрда жазо тайинлаган”.

Ажримдан яна кўчирма: “Кассация инстанцияси суди Э. ва А.ларга нисбатан тайинланган жазонинг содир этилган жиноятларнинг оғирлик даражасига ва судланганларнинг шахси ва қилмишига қанчалик мувофиқ эканлигини тўлиқ текширмасдан тайинланган жазони ўзгаришсиз қолдириш ҳақида барвақт хулосага келган”.

Шулар ва бошқа асосларга кўра Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ўз ваколатларидан келиб чиқиб ҳукмни ўзгартиради ва Э.га 6 йилу 8 ой, А.га 6 йилу 9 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлайди.

Албатта биз ушбу мақолада юқори инстанция судининг бундай қарорини муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Жиноий гуруҳ бошлиғи озодликни чеклаш жазоси билан жазоланган бир пайтда унинг аъзоларига 6-7 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган экан, демак шунга асос бордир. Зеро, ҳар ҳолда, 18 йил қаердаю 6-7 йил қаерда?

 

Олий суд хатони тан ола туриб ҳам тузатмасликка ҳақлими?

Адвокат суҳбатдошимизнинг эътирози эса сал бошқачароқ йўналишда:

“Агар эътибор қилган бўлсангиз, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати икки нафар шахснинг адвокатлари томонидан киритилган назорат тартибидаги шикоятлар асосида жиноят ишини ўрганар экан, биринчи инстанция суди томонидан мазкур жиноят иши бўйича судланганларга “қилмишларига номувофиқ меъёрда жазо тайинлаган” деб топган бўлса-да, фақат шикоят қилган икки нафар маҳкумга тайинланган жазоларнигина камайтириш билан чекланиб, “суд қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин” дея ажрим чиқарган. Оқибатда худди шу жиноят иши бўйича судланган жиноий гуруҳнинг ёппасига айбланган бошқа аъзоларига тайинланган ўша “қилмишларига номувофиқ меъёрда”ги кўп йиллик жазолар қолиб кетаверган. Уларга тегишли қисм нега ўзгаришсиз қолдирилмаганлиги эса асосланмаган.

Энди айтингчи, шу адолатга тўғри келадими? Қолаверса, юқори инстанция суди қуйи инстанция судларининг хатоларига нафақат ўзи кўрган жиноий ишда дуч келганида, балки бошқа қайсидир йўл билан ўзига етган далиллар асосида аниқлаганида ҳам уларни бартараф қилиши шарт эмасми? Олий суддек идора ўзининг қуйи тизимларида ноҳақликка йўл қўйилганини кўра-била туриб унга кўз юмиши мумкинми? Ваҳоланки, мавжуд қонунчиликка кўра Олий суд жиноят иши ҳужжатларини ўз ташаббуси билан ҳам назорат тартибида қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга”.

 

Ҳар хил шикоятга ҳар хил назар халқ ишончига путур етказади!

“Келинг, бунга ҳам кўз юмайлик, аммо, ҳеч бўлмаса, Олий суднинг бундай “марҳамати”дан хабар топган бошқа маҳкумларда ҳам умид пайдо бўлиб, худди шериклари каби мурожаат қилганидан сўнг бўлса-да масала адолатли ҳал қилиниши керак-ку, — дейди адвокат. — Бироқ, амалда кўриб турибмизки, ҳатто шундай шикоятлардан кейин ҳам хатолар тузатилмаяпти...

Хусусан, сиз кўрган мана бу ажрим билан жазоси енгиллаштирилганларнинг шериги сифатида қайд этилганлардан бири, яъни К.га тайинланган жазо ҳам (биринчи инстанция суди 16 йил, кассация инстанцияси суди 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайилаган) худди Э. ва А.га берилгани каби асоссиз равишда жуда ортиқча бўлганлиги боис уни ҳам қайта кўриб чиқишни сўраб адвокат Р.Далимов томонидан Олий судга мурожаат ёзилган. Аммо Олий суд судьяси З.Файзиев томонидан берилган “қисқа ва лўнда” жавобда мазкур шахсга нисбатан чиқазилган ҳукмнинг тўғри эканлиги айтилади, холос.

Бундай қуп-қуруқ жавоб эътироздан бошқа нарсани келтириб чиқармайди. Айниқса, мазкур жиноят ишида маҳкумлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфига ҳуқуқий баҳо берилмасдан, ёппасига деярли бир хил жазо тайинланган. Ҳеч бўлмаса айбланувчиларнинг иш лавозими ва вазифасига, қайси бири жиноий гуруҳ етакчисию, қайси бири оддий ижрочи эканлигига ҳам эътибор қаратмаган. Ҳатто жазонинг жарима қисми ҳам ҳаммаси учун тийин-тийинигача бир хил. Шу боис ҳам кассация инстанцияси Э. ва А.га берилган 18 йиллик жазоларни 12 йилга, К.га тайинланган 16 йиллик жазони 11 йилга камайтирган (Бошқа маҳкумлар бўйича ҳам жазолар шу каби деярли пропорционал қисқартирилган). Шундай бир ҳолатда юқори инстанция саналадиган Олий суд ҳайъати айрим маҳкумларга берилган жазо муддатларини кескин қисқартириб, бошқаларини ўзгаришсиз қолдирар экан, буни албатта асослаб бериши керак эмасми? Агар шундай тушунтириш берилмаса, адвокатни қўя турайлик, бошқа маҳкумлар, оддий халқ бундай турлича муносабатни қандай баҳолайди?..

Бунинг устига, яна аниқ мисолимизга қайтадиган бўлсак, Э. ва А.лар учун жазо муддатини енгиллаштиришга асос қилиб олинган “қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, муқаддам судланмагани, жиноятларни содир этишдаги иштирок даражаси”, етказилган зарарни тўлаганлиги каби жиҳатлар жазоси ўзгаришсиз қолган маҳкум К.да ҳам мавжуд. Қолаверса, К.нинг соғлиғи ҳам айни пайтда анча ёмон бўлиб, бир қанча оғир хасталикларга чалинган, ҳатто қамоқдалик пайтида оғир жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказгани боис юриш ва тик туриш имконидан ҳам маҳрум бўлиб қолган.

Хуллас, мен адвокат сифатида, ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда К. бўйича ёзилган шикоят мазмуни Олий суд судьяси томонидан ўрганиб кўрилмасдан, унга номигагина жавоб берилган деб ҳисоблайман. Чунки аксарият шикоятларга Олий суддан мана шунақа асослантирилмаган жавоб келишига ўрганиб қолганмиз.

Шуларни ўйласанг, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида ҳали ечимини кутаётган муаммолар жуда кўплигини тан олмасликнинг иложи қолмайди. Аммо, энг муҳими, уларни бартараф этиш бўйча қандай аниқ чоралар кўрилмоқда деган саволга, шахсан менда, жўяли жавоб йўқ...”

 

Олий суд раиси эътироф этган масъулият оқланяптими?

Таҳририят мазкур жиноят иши ҳужжатлари билан тўлиқ таниш эмас. Шу боис адвокатнинг бу масаладаги мулоҳазаларини ҳимоя қилиш фикридан ҳам йироқ. Умуман, бу ўринда келтирилган мисол кимнидир ҳимоя қилишни назарда тутмайди. Балки, асосий гап, битта жиноят иши ҳукми бўйича шикоят ёзганларга тегишли қисмини кўриб чиқиб, жазо муддатларни қисқартирган юқори суд инстанцияси ҳукмнинг қолган қисмни ўзгаришсиз қолдиргани, бу ҳам етмагандек, яна бошқа маҳкумлар бўйича тушган шикоятнинг ҳеч қандай изоҳсиз рад этилиши хусусида бўлгани боис уни мисол тариқасида эътироф этдик. Чунки, суднинг бу борадаги муносабати ҳар қандай одамда ҳам инсонлар тақдирига масъулиятсизликдек тассурот уйғотади. Эҳтимол, қонун ҳужжатларида бу масалада судьянинг масъулияти аниқ белгилаб берилмагандир, аммо фуқаролар орасида суднинг мавқеини тиклаш, судга нисбатан ишончни мустаҳкамлаш учун бу борадаги ҳушёрлик жуда ҳам муҳим. Зеро, яқинда Олий суд томонидан ОАВ учун ўтказилган очиқ мулоқотда Олий суд раиси Козимджан Камилов ҳам судьялар ўзларининг ҳар бир қарорлари мазмун-моҳиятини тушунтириб беришлари кераклигини, шунга ҳаракат қилинаётганлигини ва бу Президентимиз томонидан қўйилган талаб эканини таъкидлаб ўтди.

Шу нуқтаи назардан хулоса қиладиган бўлсак, агар юқоридаги мисолда ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилишига шарҳ берилганида ва кейинги шикоятларни рад этаётиб ҳам мазкур қарорнинг сабаби тушунтирилганида мақолада кўтарилгани каби норозиликлар, тушунмовчиликлар келиб чиқмаган бўлар эди.

 

“Олий суд раисига бормагунча иш битмайди!”

“Шу ўринда яна бир мулоҳазамни айтиб кетмоқчи эдим, — дейди адвокат. — Бугун шундан бир тизим шаклланиб қолганки, жазони енгиллатиш ёки оқлов чиқариш сўраб ёзилган шикоятлар одатда Олий суд раиси қабулига кирилмагунча ҳал бўлмайди. Жумладан, раис ўринбосарлари ҳам сизни гўё ҳаммасини тушунгандек жуда чиройли муомала билан қабулидан чиқазиб юборади, аммо орадан икки-уч ой ўтиб, шикоятингиз қаноатлантирилмагани тўғрисидаги икки жумладан иборат жавоб оласиз. Буни мен ўз тажрибамдан, таниган-билган ҳамкасбларимиз тажрибасидан келиб чиқиб айтяпман. Олий суд раисигача етиб бориш босқичларини ўтиш учун эса, барча босқичлар ўз вақтида амалга оширилган тақдирда ҳам, камида олти ой вақт керак. Энди тасаввур қилиб кўраверинг, биринчи инстанция судининг хатоси билан кимдир ноҳақ озодликдан маҳрум бўлиб қолса, у камида олти ой қамоқда ўтиришга мажбур...

Қолаверса, суд тизими ҳалигача Президентимизнинг иқтисодий жиноятлар бўйича берган кўрсатмаларига риоя этишдан чўчимоқда. Яъни иқтисодий жиноят билан судланганлар ўз қилмишига пушаймон бўлса ва етказилган барча зарарларни ва жарималарни тўлаб берса, уларни оиласидан ажратмаган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғинлари назоратига топшириш мақсадга мувофиқдир. Бунинг ижобий томонлари ҳақида Президентимиз ўз маърузаларида бир неча бор таъкидладилар, шу боис уни такрорлаб ўтирмоқчи эмасман...

 

“Балки хато қилган судьяларга жавобгарлик белгиланиши керакдир...”

Адвокат яна бир таклифни ҳам ўртага ташлади. Унинг айтишича, бугун Олий судда ҳамма ишлар жиддий кўриб чиқилмаётганлигига иш ҳажмининг кўплиги ҳам сабаб бўлмоқда. Буни ўша ерда ишлайдиганларнинг ўзлари ҳам айтишган. Шундай экан, асосий эътиборни тергов ва биринчи инстанция судларидаги хатоларни камайтириш, уларнинг масъулиятини оширишга қаратиш керак.

“Совет даврида бир тажриба бор эди, — дейди абвокат, — фуқароларнинг ноқонуний жавобгарликка тортилиши ҳолатлари аниқланса, Бош прокурор уларнинг ўзини жавобгарликка тортиш бўйича буйруқ чиқазар эди. Балки бизда ҳам қонунчиликка шу каби жавобгарлик масаласини киритиш мақсадга мувофиқ бўлар. Чунки ҳозир тергов давомида ва биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган қўпол хатоларнинг юқори инстанцияларда тузатилиши ҳолатлари кўп учрамоқда. Аввало қайси босқичда бўлса ҳам адолат қарор топаётгани учун бу жараёндан хурсанд бўлишимиз ҳам керак. Аммо ўша қўпол хато қилган терговчи, прокурор ёки судяларга кўрилаётган интизомий чоралар жуда енгил бўлгани боис улар ўз хатоларини такрорлашдан эҳтиёт бўлишмаяпти. Албатта бу менинг шахсий фикрим. Бу ҳақда биргалашиб ўйлаб кўришимиз керак. Мақсад — хатоларга имкон даражасида бошиданоқ барҳам бериш. Шундагина юқори инстанция судларининг ишлари енгиллашиб, ҳар бир ишни диққат билан ўрганишга фурсат топади. Бу эса жуда муҳим. Чунки, энг охирги инстанция адолатни таъминлай олмас экан фуқароларда суд-ҳуқуқ тизимимизга бўлган ишончни тиклаб бўлмайди!”

P.S.: Юқорида мисол келтирилган масала бўйича адвокат томонидан жорий йилнинг 18 январь куни Олий судга назорат тартибида такрорий мурожаат қилинган бўлиб, ҳалигача жавоб келмаган. Ваҳоланки, Жиноят-процессуал кодексининг 514-моддасида энг узоқ муддат 2 ой эканлиги кўрсатилган: “Назорат тартибидаги шикоят бир ойгача бўлган муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак”.

2019-04-06 13:48:41  |  2291 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

2 изоҳлар

Апрел 07, 2019  19:49

1.Зиёвуддин

Барака топинг, адвокат. Худди шундай холат электр тармоклари ва газ ходимларига нисбатан ёппасига куриб чикилган жиноят ишлари буйича хам кузатилади. Олий суд бундай ишларни урганиб чикиши учун у ерда ишлаётган судьяларда виждон ва окибат булиши керак, деб уйлайман.

Олий судда адолат хаммага тенг эмас! Чунончи, хали хам суд амалдаги жиноят хукуки ва жиноят-процессуал хукукининг принципларига катъий риоя килмайди. Менингча бу борада судялар ва адвокатлар уртасида укув тренинглар, семинарлар утказиб борилиши лозим. Унда прокуратура ва тергов органлари вакиллари, омбудсман вакиллари иштирок этсалар нур устига аъзо нур булади. Жиноят иши буйича жазо тайинлаш тизимини системалаштириш зарур. Инсон омили асосий эътиборда булиши керак. Юкоридаги адвокат келтирган мисоллар, муаммолик холатлар талайгина. Билмадиму, тахминан 50 йиллардан сунг ёшлар суд амалиёти тарихини урганиб, кулишса хам лаънатламасалар булгани.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация