Халқ таълим вазири “XXI аср” газетаси ва журналист Маҳмуд Саъдийни судга берди



 
  Расм манбаси : asr.uz сайтидан скриншот.

Шерзод Шерматовнинг даъвоси ФИБ Миробод туманлараро судида кўрилади

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов "XXI аср" газетасини судга берди. Бу ҳақда бугун “Озодлик” хабар берди, даъво қўзғатилганини маҳаллий журналистлар ҳам тасдиқламоқда.

Даъво Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судида кўрилади. Биринчи суд мажлиси эртага, 3 апрель соат 11:00 га белгиланган.

"XXI аср" газетасининг 2019 йил 17 январь сонида тажрибали журналист Маҳмуд Саъдийнинг "Вазир матбуот эркинлигини қандай тушунади?" сарлавҳали мақоласи эълон қилинган ва унда халқ таълими тизимидаги барча матбуот нашрларини “Халқ таълими нашриётлари” ДУК деб номланажак ташкилот остида бирлаштириш назарда тутилган қарор лойиҳаси “матбуот ва сўз эркинлигига қарши ҳаракат” сифатида танқид қилинган, вазир Шерзод Шерматов эса газета ўқимасликда, журналистлар фаолиятини назорат қилишга уринишда айбланган эди.

Маълумотларга кўра, Шерзод Шерматов юқоридаги мақола билан унинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказилганини иддао қилиб чиққан ва маънавий зарар ундириб беришни сўраган. Унинг даъвосига асосан, муаллиф Маҳмуд Саъдий билан бирга, мақолани чоп этган нашр ҳам судга тортилган.

– Ўша ëзганимдек, вазир газета ўқимайди ва журналистлар фаолиятини назоратда тутишни истайди. Бу гапимдан қайтмайман. Вазирни президент олиб бораëтган ошкоралик сиëсатининг душмани деб ҳисоблайман¸– деган журналист “Озодлик”ка берган интервьюсида.

Журналист Суҳроб Зиёдовнинг фикрича, вазир Шерзод Шерматов мажбурий обуна билан мутлақо муросасизлиги туфайли анча тилга тушгани сабабли, омма унинг халқ таълимига оид барча нашрларни бирлаштириш орқали расмий цензура ўрнатишга уринаётганини етарлича илғамаяпти.

– “Ўқитувчиларни мажбурий обуна қилдиришга барҳам берганим учун журналистлар менга тиш қайраяпти”, деганга ўхшаш фикр бор вазирда. Ҳолбуки Ғарбда таълим олган киши сифатида эркин матбуотнинг жамият ривожидаги ролини биздан кўра у тузукроқ англаши керак эди, – дейди С.Зиёдов.

2019-04-02 18:59:29  |  2849 |   0  | 

3 изоҳлар

Апрел 04, 2019  13:17

1.Таҳририят

Ҳурматли Озод Хушназаров! Фикрларингизни жамлаб, мақола тарзида баён қилиб берсангиз сайтимизда чоп этар эдик. Аввалдан раҳмат!

Апрел 04, 2019  13:14

2.хушназаров озод

Менимча хозир мажбурий обуна хам керак ухшайди.Негаки одамларимиз хеч нарсага кизикмай куйди..Хозир кайси ёш кизни каранг кучада хам икки кузи уяли телефонда улар ундан нимани куришаяпти...

Апрел 04, 2019  13:10

3.хушназаров озод

вазир шерматовга уят ! Нега мана шунака одамлар вазир булади хайронман..Уларинг газета укишига ишонмайман



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация