Суғориладиган ерни ноқонуний эгаллаб олишга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланганди
ЖКга қўшилган янги модда ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачининг жиноий ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун тайинланади. Оғир ҳолатларда судья 3 йилгача озодликдан маҳрум этиши мумкин
Олий Мажлис Сенати ўн саккизинчи ялпи мажлисида “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқуллангани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик, Ер ва Солиқ кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодекси «Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик» деб номланган қуйидаги мазмундаги 197-1-модда билан тўлдирилмоқда:
Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Сенатор Турғун Искандаровнинг Kun.uz’га изоҳ беришича, мазкур моддада қилмишни енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам назарда тутилган: жиноятни биринчи маротаба содир қилган шахс, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш