Тадбиркорни 22 минг долларга туширган фирибгар қамоқдан қутулиб қолди



 
  Расм манбаси : ЎзА

Моддий зарар қоплангач, апелляция суди биринчи инстанция ҳукмини бекор қилиб, 8 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига жарима тайинлади  

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2018 йил 4 декабрдаги ҳукмига кўра, О.Очилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) содир қилган фирибгарлик жинояти учун 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди, деб хабар беради ЎзА.

О.Очилов илгари худди шу каби жиноятни содир қилгани учун судланган. У танишлари ва атрофдагиларга тендер ким ошди савдоси орқали ер-жой олишда ёрдам беришига ишонтирган.

Хусусан, таниши Анвар ва Жамшид исмли шахслар орқали Навоий шаҳрида қурилиш объектлари билан шуғулланувчи тадбиркор М.Олимов билан танишиб, унга Навоий шаҳар ҳудудида кўп қаватли уй-жой қуриш учун Тошкентдан тендер ким ошди савдоси орқали ер-жой олиб беришга ишонтиради. Олинадиган жой учун экологияга, ер майдони учун архитектурага, смета харажатларига, давлат божига, ҳокимиятни захира ер фонди ва шунга ўхшаш тўловлар учун 180.000.000 сўм пул тўланиши кераклигини айтади. Тендер ким ошди савдосида қатнашиб, жойни олганидан сўнг ҳужжатларни Республика архитектура бошқармаси ва бошқа ташкилотлардан расмийлаштириб, Навоий шаҳар ҳокимига юборишга ваъда қилади.

Шу тариқа 2018 йилнинг апрель ойида Навоий шаҳрига келиб, М.Олимовдан 180.000.000 сўмга ҳисоблаб, 22.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. 1 ой муддат ичида қурилишни бошлаши учун рухсат берилишини айтиб, С.Бекназаровга ҳеч қандай ер-жой учун ҳужжат расмийлаштирмасдан қўлга киритган пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Судланган О.Очилов ва унинг адвокати апелляция шикоятида судлов ҳайъати томонидан айби ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, унга нисбатан айблов ҳукми чиқарилгани, О.Очиловнинг ҳаракатларида фирибгарлик жиноятининг аломатлари йўқлиги ҳақида важлар келтириб, суд ҳукмини бекор қилишни ва оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Бироқ, судлов ҳайъати, О.Очиловнинг ушбу важларини танқидий баҳолаб, жавобгарликдан қутулиб қолиш, етказилган зарарни қопламаслик мақсадида судни чалғитиш учун ўйлаб топилган важ деб ҳисоблади.

Суд иш ҳолатларини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, судланувчининг шикоятини қаноатлантирмаган ҳолда суд ҳукмини ўзгартиришни лозим топди.

Боиси жабрланувчи М.Олимовга апелляция инстанцияси судида О.Очиловнинг яқин қариндошлари томонидан суд ҳукмида кўрсатилган 22000 АҚШ доллари миқдоридаги зарар суммаси тўлиқ қоплаб берилган ва М.Олимовнинг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, унга нисбатан тазйиқ бўлмагани ҳақида маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида мазкур тоифадаги жиноятлар учун – жиноят оқибатида етказилган моддий зарар қопланган тақдирда маҳкумга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг қўлланилиши истисно этилиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Шунингдек, жиноят қонунчилигида фирибгарлик жинояти учун, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати, 2019 йилнинг 20 февраль куни суд ҳукмини ўзгартириб, юқорида қайд қилинган Қонун ва Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, О.Очиловга 13.865.320 сўм жарима жазоси тайинлади.

2019-02-25 18:28:08  |  1925 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация