Автомобиль олди-сотдисида молиявий пирамида ташкил қилган шахслар 8 йилга қамалди



 
  Расм манбаси : mynances.ru

Саминжон Умаралиев ва Шаробжон Арслонов фуқароларнинг 2 млрд 800 млн сўмдан ортиқ маблағини фирибгарлик билан қўлга киритган

Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судида 30 нафарга яқин фуқаронинг 2 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган Саминжон Умаралиев ҳамда Шаробжон Арслоновга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.

«Дарё» хабарига кўра, Саминжон Умаралиев фирибгарлик йўли билан моддий даромад орттириш илинжида Шаробжон Арслонов билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар фуқаролардан автомашиналарни пулини 30–40 кунда бериш шарти билан қимматроқ нархда сотиб олиб, бошқа фуқароларга арзон нархда нақд пулга сотиш билан шуғулланган.

Жумладан, улар Ю.Р. ўзига тегишли Spark автомашинасини сотмоқчи эканидан хабар топиб, у билан учрашган. Ю.Р.дан автомашинасини 5200 долларга, пулини икки ой ичида бериш шарти билан, сотиб олган ва бу ҳақида тилхат ёзиб берган. Сўнгра мазкур автомашинани дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсга 4800 долларга сотиб, пулларини муқаддам бошқа фуқаролардан қарзга сотиб олган машиналари ҳисобига тарқатиб юборган. Ю.Р.га ваъда қилинган 5200 долларни бермаган.

Фирибгарлар фуқаро А.И.нинг Lacetti автомашинасини 8000 долларга, пулини икки ой ичида тўлиқ тўлаш шарти билан, сотиб олган. Ушбу автомашинани ҳам бошқа шахсларга сотиб юбориб, орадан 2 ой вақт ўтишига қарамасдан, А.И.га ваъда қилинган 8000 долларни бермаган.

Яна бир ҳолатда Умаралиев ва Арслонов В.М. билан Captiva автомашинасини 22650 долларга сотиб олишга келишган. Captiva учун В.М.га 3000 доллар бериб, қолган 19650 долларни 40 кун ичида тўлиқ тўлашни ваъда қилган. Бироқ, орадан 40 кун ўтса-да, В.М.га 19650 долларни бермаган. Captiva’ни эса У.Т.га 18800 долларга сотиб юборган. Сотишгану, лекин автомашинани У.Т.нинг номига расмийлаштириб бермаган.

Устамон фирибгарлар шу «схема» орқали 30 нафарга яқин фуқарога 2 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказган.

Суд ҳукмига кўра, Саминжон Умаралиев ва Шаробжон Арслонов Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда) билан айбли деб топилиб, уларга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2019-02-18 15:46:38  |  834 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация