Kun.uz нашри O'zbekiston24 телеканалини айбсизлик презумпциясини бузишда айблади



 
  Расм манбаси : Лавҳадан скриншот. Kun.uz қайта ишлов берган

Ҳақли айблов: телеканал лавҳасида ҳали суд ҳукми эълон қилинмасдан шахс жиноятчига чиқарилган ва унинг юз кўриниши очиқ намойиш этилган

Kun.uz веб-нашри МТРК таркибига кирувчи O'zbekiston24 каналини айбсизлик презумпциясига хилоф иш тутишда айблади.

Хабарга кўра, телеканалнинг ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда тайёрланган лавҳасида жиноят иши судда кўрилаётган шахс Ҳ.Д.нинг исм-фамилияси тўлиқ айтилган, унинг шахсий маълумотлари эълон қилинган.

Шунингдек, лавҳада «Бели оғримасдан нон ейишни, ўғрилик ортидан даромад топишни касб қилиб олганлардан бири...» каби жумлалар билан, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлмагани ҳолда шахс жиноятчига чиқарилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонованинг Kun.uz'га маълум қилишича, Ҳ.Д.га нисбатан 2018 йил​ 28 декабрда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «​а»​ банди, 227-моддаси 2-қисми «​а»​ бандлари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан ​юритилган жиноят иши ўтган йилнинг 29 декабрь куни судга юборилган.

Олий суд расмий вакили Азиз Обидов эса Ҳ.Д.​ ишини судда кўриш ҳали якунига етмаганлигини тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Яъни ҳар ким, жумладан ОАВ ҳам айбсизлик презумпцияси тамойилига қатъий амал қилишга мажбур.

Дастлабки терговнинг ҳолатлари ва унга жалб қилинган шахслар ҳақида кенг жамоатчиликка турли талқиндаги хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгиланган айбсизлик презумпцияси қоидаларига зид ва бундай ҳолатлар ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиши мумкин.​

2019-02-07 12:26:21  |  2049 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация