Урганч ҳокими тадбиркорнинг 6,5 млрд сўм кредит олиб қураётган меҳмонхонасини буздириб ташлади
Меҳмонхона тасдиқланган лойиҳа бўйича қурилаётган ва битиш арафасида эди. Умарбек Беков унга банк кредитидан 4 млрд, ўз ёнидан 1 млрд сўм сарфлаб бўлган...
Урганч шаҳрининг «Темир йўлчи» маҳалласи ҳудудида «Хоразм Беклари» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли меҳмонхона биноси, қурилиш якунланишига оз қолган пайтда шаҳар ҳокимининг оғзаки буйруғи билан, олдиндан огоҳлантиришсиз бузиб ташланган. Бу воқеа бўйича Кун.uz махсус суриштирув олиб борди.
Ўрганишларда маълум бўлишича, меҳмонхона қурилиши қонуний равишда ташкил этилган. 2017 йилнинг 17 ноябрь санасида шаҳар ҳокимининг қарори билан «Хоразм Беклари» МЧЖга тасдиқланган лойиҳага мувофиқ қуйи қавати ресторандан иборат кўп қаватли меҳмонхона биносини қуриш учун ер майдони ажратилади. Шундан сўнг лойиҳа бўйича рухсатнома ва хулосалар ҳам олинган.
Ўтган қарийб 1 йил давомида МЧЖ раҳбари Умарбек Беков қурилишга “Халқ банки”дан олган 6,5 млрд сўм кредитдан 4 миллиардини, шунингдек ўз ёнидан 1 млрд сўмни сарфлаган. Кун.uz суриштирувида айтилишича, меҳмонхона биноси деярли тайёр бўлиб қолган экан.
Бироқ, 2018 йилнинг 1 декабрида ҳудудга шаҳарнинг янги ҳокими Шуҳрат Абдуллаев келиб, битай деб қолган бинони ҳеч қандай огоҳлантириш ва ҳужжатларсиз, оғзаки топшириқ билан буздиришни бошлаган.
Бузиш жараёнида иморатга ишлатилган қурилиш материалларини зарар етказмасдан кўчириб олиш чоралари кўрилмаган. Бундан ташқари, ҳали ишлатилмаган материалларнинг бир қисми яроқсиз ҳолга келтирилиб, қолгани талон-тарож қилинган.
Кун.uz мухбири уч кун деганда ҳоким Ш.Абдуллаевнинг қабулига кириб, воқеа юзасидан изоҳ сўраган, лекин асосли жавоб ололмаган.
«Бу бино жойлашган ҳудуд бош режага кўра аҳоли дам олиш маскани бўлиши кўзда тутилган. Лойиҳа вилоят ҳокимлиги тасдиғидан ҳам ўтмаган экан. Эски ҳоким ерни бериб юборган. Топшириқ бўлди, бузиб юбордик.
Тадбиркорнинг ери, банкдан олган кредити ва зарарини қоплаш масалалари кўриб чиқилади», деган ҳоким.
Ҳоким Шуҳрат Абдуллаев. Kun.uz
Журналистнинг тегишли ташкилотларнинг рухсатнома ва хулосалари асосида қурилаётган объект нега битаёзган пайтда ноқонуний бўлиб қолгани, бинонинг бузиб ташланиши нега қонунда белгиланган тартибда амалга оширилмагани, бузиш ишлари бошланганидан кейин, орқа сана билан чиқарилган қарорда тадбиркорнинг кўрган зарарини қоплаш масалалари нега кўрсатилмагани ҳақидаги саволларига жавобан, жаноб ҳоким: «Буни ҳокимият юристидан сўраш керак», дея гапни қисқа қилган.
Ҳокимлик масъуллари «Хоразм Беклари» МЧЖга тегишли бинони бузилишига асосий сабаб сифатида кўрсатилаётган Урганч шаҳрининг бош қурилиш режасини ҳам танишиб чиқиш учун бермаганлар.
Кун.uz мухбирига кўра, бу ишлардан тадбиркор Умарбек Беков иқтисодий ночор аҳволда қолиб, руҳи тушиб кетган. У кредит фоизларини сўндириш учун ҳар ойда Халқ банкига 55 миллион сўмдан ортиқ тўлов қилмоқда. Тадбиркорнинг таъкидлашича, қарзларини ёпиш учун маблағ топиш масала жуда қийин кечмоқда, тез орада яшаб турган уйини сотишига тўғри келиши мумкин. У ҳолда ногирон отаси ва оиласи билан кўчада қолиши мумкин. Тадбиркорнинг кекса онаси эса, ўғлига кредитни тўлашга кўмаклашиш мақсадида шифокорлик билан шуғулланиб пул топиш учун Яман давлатига кетибди.
Мутасадди идоралар ҳозирча воқеа юзасидан расмий муносабат билдиргани йўқ.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш