Шофиркон тумани ҳокими суд қарорини бажаришдан бош тортмоқда
Бухоро вилояти Шофиркон туманида фуқаро Улуғбек Камолов маҳаллий давлат ҳокимияти органи устидан судга шикоят қилиб, унда ютиб чиқди. Фуқарога тегишли бўлган бино ва иншоотлар бузилгани учун товон тўлаб берилиши керак. Туман ҳокимлиги эса товон пулини тўламоқчи эмас. "Turon24" мухбири ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида суриштирув олиб борди.
Улуғбек Камоловга тегишли 402 кв. метр майдонга эга бино ҳамда 136 кв. метрли ертўла аралаш моллар дўкони сифатида ишлатиб келинган. Бироқ Улуғбекнинг айтишича, жорий йилнинг 10 март куни ушбу объект ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, иншоотнинг қиймати ҳам чиқарилмай, компенсация миқдори ҳам белгиланмай бузиб ташланган.
“Бузишдан олдин ҳатто ҳокимлик қарорини ҳам кўрсатишмади. Бино “Хўжа Ориф Ревгарий Моҳитобон” зиёратгоҳининг реконструкция қилиниши асосида бузиб ташланган. Иморатнинг менга тегишлилиги бўйича кадастр ҳужжати бор. Мен бу қонунсизликдан шикоят қилишга ва судга даъво аризаси киритишга мажбур бўлдим”, – дейди Улуғбек Камолов.
Вобкент туман маъмурий суди Шофиркон тумани собиқ ҳокими(Фурқат Турсунов)нинг жорий йилнинг 10 мартидаги Улуғбек Камоловга тегишли дўконни бузиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Суд қарорига кўра Шофиркон туман ҳокимлиги бир ой муддатда Улуғбек Камоловга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг бозор қийматини аниқлаб, мулк эгасига компенсация тўлаб бериши керак.
Шофиркон туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Шерзод Очиловнинг билдиришича, уяли телефон орқали бир неча марта огоҳлантирилишига қарамай, Улуғбек Камолов бинони ихтиёрий равишда бузиб олишдан бош тортиб келган. Бино узоқ йиллардан буён қаровсиз ётган. Антисанитар ҳолдаги, зиёратчи ва саёҳатчилар кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб келган бино тезкорлик билан бузиб ташланган.
Шерзод Очилов мулк эгасига огоҳлантириш беришга имкон бўлмаганини айтди. Бироқ туманнинг ҳозирги ҳокими Жаҳонқул Равшанов Улуғбек Камоловга 402 кв. метр ер майдони ўрнига 800 кв. метр ер ажратилиши ҳақида қарор чиқарганини маълум қилди.
“Суднинг қарорига асосланиб, беш кун ичида ушбу масала юзасидан туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи келишувига кўра, Улуғбек Камоловга товон пули тўлаш чора-тадбирларини белгилаймиз”, – деди туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Шерзод Очилов "Turon24" билан суҳбатда.
Шофиркон тумани ҳокими Жаҳонқул Равшанов эса аризачига фақат ер бериш билан чекланмоқда. Ҳокимнинг айтишича, Улуғбек Камолов ўзига тегишли бинонинг бузилишидан чиққан ярим яроқсиз қурилиш ашёларини 5 200 000 сўмга сотган, энди ундан қарздорлик қолмаган.
“Ўзига тегишли ернинг ортиқча қисмини сотиши ёки фойдаланиши мумкин”, – деди туман ҳокими.
Ҳоким ҳеч қандай компенсация тўланмаслигини билдирди. Суд қарорига кўра эса мулк эгасига компенсация тўлаб берилиши керак. Хулоса қилиб айтганда, туман ҳокими суд қарорини бажаришдан бош тортаяпти.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш