Самарқандда меҳнат ҳақини талаб қилган аёл икки эркак томонидан таҳқирланди



 
  Расм манбаси : Видеолавҳадан скриншот

Жабрланувчи аёлни у ерида ишлаган фермернинг укалари хўрлаган, воқеани видеотасвирга олишган

Янги йил байрами арафасида аёл кишининг жисмоний зўрлик билан таҳқирлангани акс этган видеотасвир ижтимоий тармоқларда катта шов-шув кўтарди. Унда бир эркак киши аёлнинг қўлларини қайирган ҳолда ерга юзтубан ётқизиб, елкасидан оёғи билан босиб тургани акс этган, шериги эса бу воқеани телефон орқали тасвирга олган.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида юз берган мазкур воқеа ҳақида энг аввал “Озодлик” ёзган эди. Хабар қилинишича, аёл унга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлган икки эркакка нисбатан арзимаган маъмурий жазо тайинлаган суднинг қарори устидан шикоят қилган. Видеотасвир “Озодлик”ка 28 декабрь куни келиб тушгани айтилади.

Маълум бўлишича, бу воқеа ўтган йилнинг октябрь ойи охирида содир бўлган, 35 ёшли Ф.У. (айрим мулоҳазаларга кўра аёлнинг исм-фамилиясини очиқламадик) ўз иш берувчисининг укалари томонидан таҳқирланган.

Прокуратура мазкур ҳолат бўйича иш қўзғатиб, суриштирув олиб бормоқда.

Аёлнинг "гуноҳи" нима эди?

Аёлнинг айтишича, у З.У раҳбарлигидаги «Қум ота бува» фермер хўжалигида кунгабоқар экишда ишлаган, кейин мош экилишида ёрдам берган. Лекин фермер унга иш ҳақини тўлиқ бермаган. У йил бўйи қилган меҳнати учун пулини ололмаётгани сабабли Оқдарё туман прокуратурасига фермер устидан шикоят қилган, натижада ҳақининг ярмини олишга муваффақ бўлган, қолганини хўжаликда етиштирилган мош ҳосилидан олиш таклифига рози бўлган.

Аёлнинг айтишича, 26 октябрь куни соат тахминан 04:00да у турмуш ўртоғи Ш.Э билан мош ҳосилини йиғиб олиш учун келган, лекин улар фермернинг укаларига дуч келишган. Жабрланувчининг айтишича, прокуратурага арз қилганидан аламзада бўлиб юрган фермернинг укалари уларни ўғриликда айблаб, шафқатсиз калтаклашган, аёлни таҳқирлашган ва зўрлаш билан таҳдид қилишган, унинг қўлларини боғлаб қўйишган.

Кейин уни «Мош ўғриси қўлга тушди», деган иддао билан участка нозирига топширишган.

Аёлнинг таҳқирлангани тасвирга олинган, видеоёзувни жабрланувчига жўнатишган ва агар ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилса, шарманда қилинишидан огоҳлантиришган.

4 декабрь куни Оқдарё тумани маъмурий суди ака-укаларни МЖтКнинг 34-моддасига асосан (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) жазонинг оғирроғи тариқасида узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, яъни 368.000 сўмдан жарима жазоси тайинланган. Ўз навбатида Ш. Э ва Ф.У.ни МЖтКнинг 61-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни (фермер иш ҳақи ўрнида берган мош ҳосилини йиғиб олишга урингани учун бўлса керак!..) содир этишда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, яъни 184.300 сўмдан жарима жазоси тайинланган.

Прокуратура зўравонларга қарши иш очди, жабрланувчиларга нисбатан маъмурий жазони бекор қилиш хусусида протест киритилди

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида эслаб ўтилишича, дастлабки мурожаатида аёл видеоёзувни тақдим этмаган.  

2018 йилнинг 24 декабрь куни туман прокуратурасига видеотасвирни тақдим этган ҳолда мурожаат қилган. Мазкур факт юзасидан вилоят прокуратураси томонидан тегишлича назорат ўрнатилган.

25 декабрь куни  Оқдарё туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ф.У.нинг аризаси юзасидан Жиноят Кодексининг 110-моддаси 1-қисми бўйича (Муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан Оқдарё туман маъмурий судининг 4 декабрь кунги қарори асоссиз бўлгани сабабли, уни бекор қилиб, ишни қўшимча суриштирувга қайтариш борасида 26 декабрь куни Самарқанд вилоят маъмурий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатига протест киритилган.

Айни вақтга келиб эса мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура назорати ҳам ўрнатилган.

Воқеани Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам ўрганмоқда. Қўмитанинг “Фейсбук”даги расмий саҳифасида маълум қилинишича, мазкур жиноят ишининг судда кўрилишида Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этади.

2019-01-05 15:46:51  |  2466 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация