Жамшид Кенжаев иши. Гувоҳлар нима дейди?



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Машҳур спортчининг шов-шувли ўлими бўйича бугунги суд мажлисида Ш. Турсунов, У. Ҳайитбоев, В. Смирнов, А. Адилов ва И. Фазлиддинов гувоҳлик берди

21 январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Суднинг биринчи мажлисида судланувчилар сўроқ қилинган.

Бугун, 23 январь куни суд жараёнида гувоҳлар тингланди.

«Kun.uz» хабар қилишича, Ш. Турсунов, У. Ҳайитбоев, В. Смирнов, А. Адилов ва И. Фазлиддинов гувоҳ тариқасида кўрганларини сўзлаб беришган.

«Ўша мудҳиш ҳодиса содир бўлган куни бошқа ресторанда туғилган кунимни нишонлагандик. У ерда бошқа дўстларимиз ҳам бўлган. Кейин зиёфатни давом эттириш учун «Aurum-898»га боргандик. Ўшанда Жамшид мендан сал олдироқда эди. Ёнида пичоқ бор эди. Ўзини ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрган. Чунки, ҳар хил ҳолатлар олдин ҳам бўлган.

Биз келганимиздан сўнг, тезда можаро бошланиб кетди. Жамшидни итариб юборишди. Биз ажратмоқчи бўлдик. «Бўлди, ўзингни бос» дегандим, Шодали пичоқ чиқариб қолди. Жамшид қўриқчилар тарафга қараб югуриб кетди. Ур-тўполон бўлиб кетди. Стуллар учди. Ажратмоқчи бўлганимда, менга ҳам мушт тушди. Жамшидни олиб кетмоқчи бўлганимизда олишимизга қўйишмади, ўраб олишган эди. Роса уришаётган эди. Мен ҳаммасини кўрдим. Шодали унинг устига чиқиб олиб пичоқ билан ураётган эди. Кейин ҳам Жамшидни беришмади. «Бўпти, оғайнимни олиб кетай» дедим, лекин беришмади. Менга ҳам пичоқ уришган эди. Иккита жойимдан яралангандим», деган Жамшид Кенжаевнинг дўсти Ш.Турсунов.

Ўша вақтда «Aurum-898» тунги клуби администратори бўлган А.Адилов эса воқеани қуйидагича сўзлаб берган: «Ўша куни кўчада турган эдим. Раҳматли Жамшид келди. Адашмасам, қўриқчилар уни ичкарига қўйишмади. Сабаби ёнида пичоғи бор эди. Унга тушунтирмоқчи бўлишди. Чап чўнтагидан пичоқни олиб Шерали аканинг кўкрак қафасига пичоқ билан урди. Кейин тўс-тўполон бўлиб кетди. Шодали унга пичоқнинг қини билан урганини кўрдим. Участка нозирларига хабар бердик. Тергов жараёнида бизга терговчи видеони қўйиб берди. Унгача унчалик тушунмай қолдик, очиғи».

Суд ишида бошқа гувоҳлар ҳам кўрсатма берган. Гувоҳларга нисбатан суд раиси, айбланувчиларнинг ҳимоячилари, давлат айбловчиси ҳолатни аниқлаштириш мақсадида бир неча саволлар беришган.

Суд гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглагандан сўнг, мажлисни давом эттиришни 28 январь куни соат 11:00 га қадар қолдириб, танаффус эълон қилган.

2019-01-23 21:35:02  |  2186 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация