Судьяларни тайёрлаш ва лавозимга тайинлаш тизими такомиллаштирилмоқда



 
  Расм манбаси : Norma

2019 йилги Давлат дастури лойиҳасида бу асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган

Президентнинг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4096-сон қарори эълон қилинди.

Судьяларни ўқитишга янгича ёндашув

Судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида Судьялар олий кенгаши томонидан Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга оширилади, деб ёзади Norma.

Булғуси судьяларни ўқитиш грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга оширилади. Бу тартиб шу йил 10 январдан жорий этилади.

Тайёрлаш курсларига қабул қилинган судьялик лавозимига номзодлар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади. Курслар тингловчилари судья ёрдамчисининг бир ойлик МҲТ миқдорида стипендия билан таъминланади.

Судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат бундай курсларда ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланади. Ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этганлар бутун ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб беради.

Судьяларни дастлабки муддатга тайинлашнинг амалдаги тартиби 2019/2020 ўқув йили тугагунга қадар сақлаб қолинади.

Судьяларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

2019 йил 10 январдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:

2 ойлик раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлгансудьяларни қайта тайёрлаш.  Ўқув дастури суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган.

Олий суд буюртмаси асосида 2 ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш курсларида  қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтирадилар, шунингдек касбий, жумладан, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга ёрдам берадилар.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига ўқиш давомида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

Судьялар олий мактаби  ташкил этилади

У Судьялар олий кенгаши ҳузурида Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази негизида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг 12 та штат бирлигини ўтказган ҳолда ташкил этилади.

Олий мактабга давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси мақоми берилади ва судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширади.

Ўқув юртида 5 та:  фуқаролик ҳуқуқи, иқтисодий ҳуқуқ, жиноят ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ ҳамда касбий кўникмалар кафедралари фаолият кўрсатади.

Олий мактабга Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига асосан Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Профессор-ўқитувчилар таркибига Олий суд судьялари учун, Олий мактабнинг бошқа ходимларига Олий суд аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Олий мактаб Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, 6-уйда жойлаштирилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 7 январдан кучга кирди.

2019-01-10 19:07:06  |  2370 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация