Тиланчилик – ҳуқуқбузарлик: МЖтК ва Жиноят кодексига тегишли моддалар киритилди
Маъмурий жазо – ЭКИҲнинг 3 бараваригача жарима ёки 15 суткагача қамоқ. Иккинчи мартасида бу жиноий жавобгарликка айланади. Тиланчиликка мажбурлаганлик учун янада жиддийроқ жазолар белгиланган
Янги қонун билан эндиликда Ўзбекистонда тиланчилик ва тиланчиликка мажбурлаш ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Бу қилмиш биринчи мартада – маъмурий, маъмурий жазога тортилгандан сўнг такроран содир этилганида эса жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексига янги моддалар қўшилди.
Иккала кодексдаги моддалар диспозициясида ҳам тиланчиликка бир хилда:
Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш,
деб таърифланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 188-3-моддасига мувофиқ, тиланчилик қилиш ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этганлик учун эса ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима ёки 15 суткагача қамоқ белгиланган.
Жиноят кодексига киритилган янги 127-1-модда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини кўзда тутади.
Юқорида санаб ўтилган шахсларни жалб этган ҳолда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Тиланчиликка жалб этиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 30 ноябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 13 декабрда тасдиқланган эди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш