Қамоқхоналар устидан омбудсман назорати ўрнатилади



 
  Расм манбаси : ombudsman.uz

Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонун Ўзбекистонда “миллий превентив механизм” институтининг жорий этилишига замин яратади

Омбудсман қамоқхоналар ва шахс ўз эрки билан тарк эта олмайдиган бошқа жойлар устидан назорат олиб боради. Қонунчилик палатаси депутатлари 25 декабрда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманга тегишли ваколатларни берадиган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар, деб хабар беради Turon24.

Қонун лойиҳасида Омбудсман қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

– қамоқда сақлаш жойларига кирганида у ерда сақланаётган шахслар сони ҳақида маълумот олиш;

– уларни сақлаш шароитини ўрганиш;

– қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар билан холи учрашиш;

– бундай жойларда шахсни сақлашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиш;

– қамоқда турган шахсни тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилиш;

– қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг қонунга зид ҳаракати (ҳаракатсизлиги)нинг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўриш;

– шахсларни қамоқда сақлашнинг шароити ҳақида ўз хулосасини тайёрлаш ва уни тегишли органларга юбориш;

– қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш.

Шунингдек, қамоқда сақлаш жойларидан ташқари, шахснинг ўз эрки билан тарк эта олмайдиган бошқа жойларга ҳам Омбудсман кириб бориши мумкин. Бундай жойларга шахсни суд ёки бошқа ваколатли орган қарори билан жойлаштириладиган турли интернат муассасалари, ижтимоий хавфли касалликларга чалинган шахсларни даволаш ва сақлаш муассасалари, психиатрия муассасалари ва бошқалар киради.

Омбудсман Котибиятида қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олишда Омбудсманга кўмаклашиш шуъбаси тузилади. Омбудсман эксперт гуруҳи аъзолари ва Котибият ходимларига қамоқда сақлаш жойларига кириш бўйича йўлланмалар беради.

Бундан ташқари, қонунда мансабдор шахсларнинг Омбудсман олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 197-4-модда киритиш ва унда Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Ушбу қонун Ўзбекистонда “миллий превентив механизм” институтининг жорий этилишига замин яратади. Яъни, Омбудсман томонидан доимий равишда қамоқда сақлаш жойларига кириш йўли билан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш чоралари кўрилади.

2018-12-28 14:48:47  |  2250 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация