«Сирдарёпахтасаноат» раҳбарига жиноий иш очилди. У давлатга 2,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказган
Давлатга 2 млрд. 643 млн. 770 минг 913,60 сўмлик моддий зарар етказган «Сирдарёпахтасаноат» ҳудудий бирлашмаси АЖнинг тугатиш комиссияси раҳбари в.б. Б.Д. га нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тақдим этган хабарга кўра, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Сирдарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор текширув ишлари ўтказилган.
Текширувларда аён бўлишича, Б.Д. биржа баҳоси 3 млрд. 993 млн. 770 минг 913,60 сўм бўлган 260 тонна пахта толасини тўғридан-тўғри сохта шартнома билан «Сарбонтекс» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонасига паст нархда, яъни 1 млрд. 500 млн. сўмга сотиб, жамият ҳисоб рақамига 1 млрд. 350 млн. сўм туширтирган ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда, яъни 2 млрд. 643 млн. 770 минг 913,60 сўмлик моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 10 сентябрь куни Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Б.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш: жуда кўп миқдорда), 228-моддаси 3-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш: ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш), 228-моддаси 1-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш: сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш