Президент: Қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиш керак
Шавкат Мирзиёев қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиб, тўғридан-тўғри қўлланадиган қонунлар қабул қилиш кераклигини айтди
"Мисол учун, ҳозирги вақтда хорижий инвестициялар соҳасида 8 та қонун, 14 та фармон ва 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари мавжуд. Лекин маҳаллий ва чет эллик инвесторларга бизда нечта фармон ёки қарор борлиги эмас, балки уларнинг аниқ ва самарали ишлаши учун яхлит тизим мавжудлиги муҳим", деди президент Конституция кунига бағишланган йиғилишда сўзлаган маърузасида.
Давлат раҳбари депутатлардан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда шунчаки кузатувчи ёки эксперт эмас, балки ташаббусни ўз қўлларига олиб, бевосита лойиҳа ташаббускори ва ижодкори бўлишларини сўради.
"Бу борада зудлик билан ўз аҳамиятини йўқотган қонунлар рўйхатини шакллантиришимиз, амалдаги мавжуд муаммоларни чуқур ва танқидий равишда ўрганиб, энг илғор халқаро тажрибалар асосида тўғридан-тўғри амалиётга қўлланадиган қонунлар қабул қилишимиз лозим", дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари қонунлар ижроси устидан парламент назоратини ташкил этишда туб ўзгариш сезмаётганини айтди. 2018 йилда давлат органлари ва мансабдор шахсларга Сенат бор-йўғи 2 та, Қонунчилик палатаси эса 3 та парламент сўрови юборгани қайд этилган.
"Халқ вакилларининг қатъий позицияси қаерда қолди? Мисол учун, қайси сенатор ёки депутат Солиқ сиёсати концепцияси ижроси билан қизиқиб, Молия вазирлиги ёки Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларига сўров юборди?" дея савол берди президент.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ҳали-ҳануз ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айланмаганини асосий камчилик сифатида келтирди. Шу муносабат билан давлат раҳбари Олий Мажлис палаталарида қонунлар ижросини кўриб чиқиш, раҳбарлар ҳисоботини эшитиш билан чекланмасдан, бевосита жойлардаги аҳволни тизимли равишда ўрганиш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш зарурлигини айтди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш