Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарлари йирик коррупция жиноятларида айбланмоқда
Норасмий маълумотларга кўра, Агентлик мансабдорлари Жанубий Кореяда ишлашга талабгорлардан 20 млн доллар пул йиғиб олишган
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг мансабдор шахслари оммавий равишда қамоққа олинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор мансабдорлик жиноятлари факти юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида 16 ноябрь куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги директори Равшан Ибрагимов, директор ўринбосари Улуғбек Назаров, шунингдек, бўлим бошлиғи А.А. ва шуъба мудири О.М.га айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Бош прокуратура тергов сири нуқтаи назаридан иш юзасидан бошқа маълумотларни ошкор қилмади.
Агентлик раҳбариятининг йирик коррупция можароси юзасидан жавобгарликка тортилгани ҳақида Бош прокуратура расмий маълумот беришидан бир неча кун олдин турли интернет-нашрларда хабар қилинган эди. Хабарларга кўра, мансабдорлар Жанубий Кореяга ишга борувчи кишилардан (ҳар бир кишидан 5 минг доллар миқдорида) жами 20 миллион доллар атрофида пул йиғиб олгани айтилмоқда. Айтилишича, Агентлик раҳбариятидан жами 20 киши Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан олиб кетилган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш