Коррупцияга қарши кураш: ривожланган мамлакатлар тажрибаси



 
  Расм манбаси : zmnvest.ru

Дунёдаги мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўзига хос тартиблар мавжуд. Ўзбекистондаги турли давлат ташкилотлари ҳам коррупцияга қарши ўзига хос тарзда курашиш йўлларини ишлаб чиқаяпти.

Бундан бир неча кун аввал “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси коррупцияга қарши кураш бўйича ўзгача йўл тутгани ҳақида хабар берган эдик. Қўмита чиқарган буйруққа кўра пора таклиф қилинганда олмаган ва бу ҳақда тегишли органга хабар бериб, ташаббус кўрсатган ва пора бермоқчи бўлган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳолатда ходимлар таклиф қилинган порадан кўпроқ моддий рағбатлантирилади.

Аммо, иштибоҳ туғиладики, ходим ёнига келган одамда пора беришга кайфият туғдириши ҳам мумкин-ку?! Бу узоқ таҳлил қилинадиган ҳолат.

“Finansist.uz” сайти жаҳондаги ривожланган мамлакатларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича тажрибаси ҳақида маълумот эълон қилди.

Нидерландия коррупция даражаси энг паст давлатлар қаторига киради. Нидерландияда коррупцияга қарши кураш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

- Коррупция ҳолати аниқлангач, коррупцион ҳаракатнинг оқибатлари муҳокама қилинади ва уларга қўлланган жазолар мунтазам равишда эълон қилиб борилади. Ички ишлар вазири ҳар йили коррупция фактлари ва коррупцияга алоқадор шахсларни жазолаш чоралари тўғрисида парламентга ҳисобот беради.

- Коррупцион амалиётлар юзага келиши мумкин бўлган “нуқта”ларни кузатиб бориш ва бу жойларда шахсларнинг фаолиятини назорат қилиш тизими ишлаб чиқилган.

- Расмий ахлоқ қоидаларининг бузилиши учун жавобгар мансабдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тизими яратилган.

- Коррупцион ҳаракатлар учун асосий жазо давлат ташкилотларида ишлаш ҳуқуқидан ва барча ижтимоий имтиёзлардан маҳрум бўлишдир. Шунингдек, жарима ва ўз вазифасидан вақтинча четлатиш жазоси ҳам қўлланади.

- Энг муҳим ташкилотларда, хусусан, вазирликларда ички хавфсизлик хизмати мавжуд бўлиб, уларнинг вазифаси амалдорларнинг хатосини аниқлаш, уларнинг қоидаларни қасддан ёки тасодифан бузишини аниқлаш ҳисобланади.

- Коррупция содир этиши мумкин бўлган лавозимларга шахсларни танлаш тизими яратилган.

- Миллий хавфсизлик тизимига тегишли бўлмаган, коррупцияга оид барча материаллар оммага эълон қилинади.

- Коррупциянинг зарарини тушунадиган мансабдорларни тайёрлашнинг махсус тизими яратилган.

- Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат хавфсизлиги тизими яратилган ва у коррупцияни аниқлаш учун катта ваколатларга эга.

- Барча даражадаги мансабдорлар ўзларига маълум бўлган коррупцияни рўйхатга олишлари шарт, бу маълумотлар ички ишлар ва адлия вазирликларига юборилади.

- Коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситалари катта рол ўйнайди. Чунки улар коррупция ҳолатларини фош этади ва улар ҳақида суриштирув олиб боради.

Сингапурда коррупцияга қарши кураш асосий йўналиши бўлган махсус орган мавжуд. У Коррупцияга қарши кураш бўйича тергов бюроси деб аталади. Ушбу мустақил орган Сингапур иқтисодиётининг давлат ва хусусий секторида коррупциянинг олди олинишини ўрганиб чиқади.

Бюро ҳукумат амалдорлари мансабини суиистеъмол қилган ҳолатларни текширади ва тегишли органларга зарур чораларни кўриш учун улар ҳақида хабар қилади. Бюро бошқарув тизимидаги камчиликларни аниқлаш учун давлат органлари иш услубларини ўрганади. Агар бундай бўшлиқлар коррупцияга ва суиистеъмолчиликка олиб келиши мумкин бўлса, бюро ушбу бўлинмалар раҳбарларига чора кўришни тавсия қилади.

Сингапурнинг коррупцияга қарши сиёсатининг асосий ғояси "инсонни коррупцияга ундайдиган ҳолатларни йўқ қилиш"дан иборат.

Бунга бир қатор принциплар орқали эришилади:

1) давлат хизматчиларининг иш ҳақини хусусий секторда муваффақиятли ишлаётган шахсларнинг ўртача ойлик иш ҳақи билан тенглаштириш; 2) давлат органлари мансабдорларининг мулки, активлари ва қарзлари бўйича йиллик ҳисоботларини назорат қилиш (хусусан, прокурор коррупцияга қарши қонунчиликни бузганликда гумон қилинган шахсларнинг ҳар қандай банк ҳисоб рақамларини, акцияларини текширишга ҳақли); 3) юқори лавозимдаги мансабдорларнинг маънавий юксаклигини таъминлаш; 4) иқтисодий ривожланишда дуч келинадиган маъмурий тўсиқларни бартараф этиш.

Германияда муайян функциялардан қатъи назар, давлат хизматчилари ўз вазифаларини бутун жамият манфаати учун холис ва адолатли бажаришлари шарт.

Германияда коррупцияга қарши курашнинг биринчи вазифаси расмий сирларни сақлашдан иборат. Давлат хизматчиси, шунингдек, ўз фаолияти давомида унга маълум бўлган маълумот ва ҳақиқатларни яшириши керак. Давлат хизматчиси рухсат олмасдан туриб гувоҳлик беришга, ҳатто судда ҳам баёнот беришга ҳақли эмас.

Давлат хизматчиси хизмат кўрсатишдан бошқа ҳар қандай иш учун олдиндан юқори даражадаги раҳбарининг розилигини олиши талаб қилинади. Давлат хизматчиси учун рухсатномалар фақат илмий муассасаларда ва ўқитиш ҳамда тадқиқотлар билан боғлиқ фаолият учун талаб қилинмайди.

Давлат хизматчилари бирон-бир тадбиркорлик фаолияти билан шахсан ёки ваколатли вакиллари орқали шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.

Федерал ҳукумат қонун кучига эга қарор чиқариш йўли билан давлат хизматчиларининг ўриндошлик асосида ишлаш тартибини белгилайди. Унда қайси фаолият давлат хизмати деб ҳисобланади ёки унга тенглаштирилади; давлат хизматчиси қўшимча иши учун ҳақ оладими; давлат хизматчиларининг қайси тоифалари рухсатнома олишга мажбур каби масалалар аниқлаштирилади. Ишчиларнинг турли тоифалари бир йилда оладиган энг кўп ҳақ миқдори ва уни ҳисоблаш тартиби белгиланади.

Агар хизматга оид муносабатлар тугатилгандан сўнг давлат хизматчиси ўзининг охирги беш йиллик хизмат фаолияти билан боғлиқ ишда ишласа, охирги хизмат жойида буни эълон қилиши керак. Унинг фаолияти, агар хизмат манфаатлари учун зарар етказиши мумкин бўлса, тақиқланади. Бу тақиқ давлат хизматининг энг юқори инстанцияси томонидан жорий этилади ва хизмат муносабатлари тугаганидан кейин 5 йил ўтгач тугайди.

Давлат хизматчиларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги оқибатлари батафсил тартибга солинади. Давлат хизматчиси (Федерал интизомий ҳуқуқ ҳақидаги низомга мувофиқ) ўз вазифаларини бажариш тартибини бузган деб топилса, жиноят содир этган деб ҳисобланади.

Давлат хизматига боғлиқ бўлган юқори талаб ва чекловларга яраша Германияда юқори маош ва бошқа тўловлар, иш жойининг барқарорлиги ва юқори турмуш даражасини таъминлаш кафолатланади.

Фурқат АЛИМАРДОНОВ

Turon24

2018-11-20 12:02:49  |  3744 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация