Имтиёзлар кўп, саволлар ҳам бор...



 
  Расм манбаси : 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига киритилган адвокатура соҳасига дахлдор қўшимча ва ўзгартишлар ҳақидаги мулоҳазалар

 

2018 йилнинг 11 октябрида Ўзбекистон Республикасининг “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мамлакат Президенти томонидан имзоланиб, эртаси куни матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди. Нотариат ва адвокатура тизимига оид амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Уй-жой, Солиқ Кодекслари ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Журналимиз аудиториясини ҳисобга олган ҳолда биз мазкур Қонун билан адвокатура соҳасига киритилган янги нормалар ва уларнинг бугунги кундаги долзарблик даражаси тўғрисидаги мутахасис мулоҳазаларини журналимизнинг келгуси сонларида чоп этиш учун тайёрладик.

Қуйида мақоладан айрим иқтибослар:

***

Нафақат адвокат сўровига жавоб ёки ҳужжат бермаслик, балки уни кечиктирганлик ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот (ҳужжат) берганлик учун ҳам энди маъмурий жавобгарлик бор.

  •  

Ўз адвокатлик сўровига жавоб ололмаган адвокатнинг бу ҳақда кимга мурожаат қилиши ва бу ҳолатни қандай расмийлаштириши механизми шу пайтга қадар қонунчиликда белгиланмаганлиги боис бундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тизими амалиётида деярли ишламаётганди.

  •  

Стажировка ўтамасдан малака имтиҳонини топшириш имтиёзига эга бўлган шахслар рўйхати бор, аммо улар ўз лавозимларидан озод этилганларидан кейин қанча муддат ичида бу имтиёздан фойдаланишлари мумкин эканлиги белгиланмаган...

***

Маълумки, шу пайтга қадар қонунчиликда адвокатлик тузилмалари фаолият кўрсатаётган жой ҳақидаги нормалар, шунингдек, адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъатининг мамлакатимизда ва хорижда ўзининг алоҳида бўлинмаларини ташкил этиши ва бу ҳақда тегишли органни хабардор қилиш тўғрисидаги ҳолатлар мавжуд эмас эди. Қонуннинг янги таҳририга кўра эса, жумладан, адвокатлик бюросида ишлайдиган адвокат ўзига тегишли бўлган (мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда) турар жойда фаолият юритиши мумкин. Бунда ундан тураржойни нотураржойга ўтказиш талаб этилмайди. Аммо бу имтиёз фақат адвокатлик бюросигагина тегишли бўлиб, адвокатлик тузилмасининг бошқа ташкилий шакллари, яъни адвокатлар фирмаси ва адвокатлар ҳайъати жойлашган ер яшаш учун мўлжалланмаган жойда бўлиши керак.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур нормада белгиланган ҳолатлар унга қўшимча ойдинлик ва аниқлик киритишни талаб этмоқда. Чунки қонун ижодкорлиги техникаси нуқтаи назаридан қараганда савол туғилади — “Яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифаси” дейилганда нима назарда тутилган: у нотураржой (нежилой) тоифасига ўтказилган жойми ёки ўтказилмаса-да офис шаклига келтирилган яшаш учун мўлжалланмаган жойми? Зеро, айрим хорижий давлатлар тажрибасидан биламизки, уларда якка тартибда фааолият кўрсатадиган адвокатлар ўз яшаш жойларидан офис сифатида фойдаланишлари мумкин. Аммо бундай тоифадаги адвокатлар учун адвокатлик бирлашмалари томонидан қатъий қоидалар ишлаб чиқилган. Масалан, адвокат офис сифатида фойдаланётган уйда мижозни қабул қилиши учун алоҳида кириб чиқадиган эшик бўлиши, адвокат ишлайдиган хона офис жиҳозлари (офис мебели, оргтехник воситалари ва ҳ.з.) билан жиҳозланган бўлиши, бу хонада уй ҳайвонлари сақламанслиги, офис шовқин суронлардан холи бўлиши, уй деворлари офисга монанд бўлиши, адвокат қатъий иш формасида бўлиши шарт ҳисобланади ва ҳоказо.

***

“Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига киритилган яна бир ўзгартишнинг мазмун-мохияти шундан иборатки, бундан буён адвокат “ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан махфийлик таъминланадиган шароитларда (шу жумладан уни қамоқда сақлаб туриш даврида) учрашувларнинг сони, давомийлиги чекланмаган ҳолда ҳамда ишни юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз холи учрашиш” ҳуқуқига эга бўлди. Ўйлаймизки, ушбу янгилик адвокатларнинг баъзида қамоқда сақланаётган мижози билан учраша олмасдан (бунинг учун жиноий ишни юритаётган давлат органларининг мансабдор шахсларидан бирон-бир рухсат ёки тасдиқ хат олиш талаб этилар, бунақа рухсат олиш эса осон эмасди), сарсон-саргардон бўлиб юришлари каби ҳолатларнинг олдини олади. Аслини олганда мазкур модданинг эски таҳририда ҳам адвокатнинг ҳимояси остидаги шахс билан  (у қамоқда сақланаётган бўлса ҳам) махфийлик таъминланган ҳолда ва сони, давомийлиги  чекланмаган ҳолда учрашишга ҳақли эканлиги  белгиланган  ва  баъзи ҳолатларни инобатга олмаганда адвокатлар бу ҳуқуқдан фойдаланиб келаётган эди. Фақат учрашув жараёнида махфийликни таъминлашда   амалиётда айрим муаммолар мавжуд эди.  Шу муносабат билан ҳамда Ўзбекистон  Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги  “Адвокатура  институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш  чора-тадбирлари  тўғрисида”ги  ПФ-5441-сон Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тегишли идоравий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиди ва унга кўра энди жазони ижро этиш муассасида адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашганида муассаса ходимининг суҳбатни эшитиб турадиган масофада бўлиши ва бундай жойларда аудио ва видео техника жиҳозлари ўрнатилиши мумкин эмаслиги  белгиланди.

***

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан қонунчиликка киритилган деярли барча қўшимча ва ўзгартишлар соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва мамлакатимизда адвокатура тизимини мустаҳкамлашга йўналтирилган. Аммо, бизнинг наздимизда, уларнинг амалда кутилганидек ишлаб кетиши ҳуқуқий нормалар билан мустаҳкамлаб берилган ваколат, дахлсизлик, имтиёзлардан энг аввало адвокатларнинг ўзлари қанчалик тўғри ва оқилона фойдалана олишларига боғлиқ. Зеро, адвокат қонунда белгиланган ҳуқуқий нормаларга аввало ўзи риоя қилиши, кейин эса унинг бажарилишини мутасадди шахслардан талаб қилиши лозим. Шундай экан, янги ҳуқуқ ва имкониятлар адвокатларнинг фуқаролик жамияти олдидаги масъулиятини янада оширади.

Баҳром САЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий-маслаҳат кенгаши раиси, юридик фанлари доктори

2018-11-16 10:56:30  |  2549 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация