Нотариуслардаги навбат кутишлар қачон йўқолади?



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Шу йил 30 октябрь куни телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналида Адлия вазирлиги бутун мамлакатимиз бўйлаб жами 138 та янги нотариуслик ўринларига танлов эълон қилгани ҳақида хабар берилди.

Хабарга кўра янги нотариус штат бирликларининг тақсими қўйидагича:

Тошкент шаҳрида – 28 та

Тошкент вилоятида – 17 та

Самарқанд вилоятида – 15 та

Фарғона вилоятида – 13 та

Сурхондарё вилоятида – 12 та

Андижон вилоятида – 9 та

Қашқадарё вилоятида – 9та

Хоразм вилоятида  – 9 та

Бухоро вилоятида – 6та

Жиззах вилоятида – 6 та

Навоийда – 5 та

Наманганда – 4 та

Қорақалпоғистон Республикасида – 3 та

Сирдарё вилоятида – 2 та бўш нотариус лавозимига  танлов ўтказилади.

Адлия вазирлиги республика бўйича 138 та янги нотариус ўринларини очар экан, бу нотариуслардаги турли муаммоларни ҳал қиладими?

Фикримча – йўқ.

Ҳозир мамлакатимизнинг исталган ҳудудида жойлашган нотариусга боринг, узундан-узун навбатларга гувоҳ бўласиз. Одамлар бир-икки кунлаб идора эшигида навбат кутиб, қимматли вақтини йўқотишмоқда. Энди ана шу навбат кутишлар вақтидаги асаббузарликларни, жанжалларни гапирмай қўя қолай.

Эрталаб борасиз, нечанчидир навбатни оласиз, аммо ҳеч сизнинг навбатингиз кела қолмайди. Чунки сиз кутиб ўтирганингизда нотариуснинг ҳузурига навбат олмаган қанча одам кириб, ишини битириб чиқади. Сиз эса кутишда давом этаверасиз. Навбатсиз кириб-чиқаётганлар устидан нотариусга шикоят қилмоқчи бўласиз, аммо фойдаси йўқ. «Булар ҳужжатларини кеча, кечадан олдинги кун (ва ҳоказо, буёғи хоҳлаганча муддатни қўйиб айтади) ташлаб кетишган. Ишингиз шошилинч бўлмаса, сиз ҳам ташлаб кетинг, эртага келасиз. Шошилинч бўлса, кутинг», деган жавобни эшитасиз ва асабийлашиб, кутишда давом этасиз.

Нотариуслардаги узундан-узун навбатларга нотариуслар сонининг аҳоли сонига таққослаганда анча камлиги сабаб бўляпти. Жойларда нотариуслар аҳоли мурожаатларига шунчаки улгура олмаяптилар. Бунинг оқибатида эса навбатлар юзага келаяпти.

Охирги 3–4 йилда Тошкент, Пайшанба (Каттақўрғон туманига хизмат қиладиган нотариуслар шу шаҳарчада фаолият кўрсатади), Ургут шаҳарларидаги нотариусларга турли ишлар билан бордим. Ҳаммасида навбатлар, асаббузарликлар, ўрин талашиб бир-бири билан жанжаллашган одамлар, навбатсиз кириб чиқаётган турли «уддабурон»лар...

Нотариуслар билан боғлиқ коррупцион ишлар, белгилангандан кўпроқ пул олишлар, узундан-узун навбатлар ҳақида охирги 2-3 йилда кўп гапирилди, хўп танқид қилинди. Аммо шу йилнинг 29 – 30 август кунлари яна ишим тушиб Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани 1-сон нотариал идорасига бориб кўрдимки, аҳвол умуман ўзгармаган. Айнан шу нотариал идорага охирги марта 2014 йилда кириб, роса навбат кутиб, арзимаган ишимни икки кунда зўрға битириб чиққан эдим. Бу йил аҳвол олдингидан ҳам бадтар. Учта нотариус ишлаётганига қарамасдан, уларнинг ҳар бири олдида ўнтадан зиёд одам навбатда турибди. Буёқда эса навбатсиз кириб чиқаётган «уддабурон»лар дегандай, ҳаммаси бетартиб бўлиб ётибди.

Муаммонинг ечими борми?

Нотариуслардаги узундан-узун навбат билан боғлиқ муаммонинг фикримча иккита ечими бор.

1) Хусусий нотариусларга рухсат бериш.

Мамлакат бўйлаб ҳозирги нотариуслар сонига тенг бўлмаса ҳам, камида уларнинг 60-70 фоизича бўлган миқдорда хусусий нотариуслар фаолиятига рухсат бериш керак. Ана шунда хусусий ва давлат нотариуслари рақобатда ишлашади. Буни ортидан эса нотариуслар томонидан кўрсатиладиган хизмат сифати ошади. Навбатлар камаяди. Бунда давлат бюджетидан ҳам, Адлия вазирлигидан ҳам ҳеч қандай харажат бўлмайди. Хусусий нотариуслар ўзларига керак бўладиган бино учун жойни ўзлари топадилар ва бошқа керакли жиҳозларни ҳам ўзлари оладилар.

2) Нотариуслар сонини кескин ошириш йўли билан.

Адлия вазирлигининг мамлакатимиз бўйлаб 138 та янги нотариуслик ўринлари ташкил этиши етарли эмас. Вилоятлар бўйлаб қилинган тақсимот рўйхатига қарасангиз, янги нотариуслик ўринлари кўпгина вилоятларда ҳатто бир туманга биттадан ҳам тўғри келмаётганини кўрасиз. Бошқа айрим вилоятларда бир туманга биттадан нотариус ўринлари, Тошкент шаҳрида эса ҳар бир туманга иккитадан янги нотариус ўринлари тўғри келади ва бу янги ўринларнинг очилиши нотариуслардаги узундан-узун навбатларни бартараф этиш учун етарли бўлмайди.

Масалан, Самарқанд вилоятида 15 та янги нотариус ўринлари очиш мўлжалланган. Бу вилоятдаги ҳар бир туманга биттадан янги нотариус ўрни очилади дегани. Хўш, Каттақўрғон ва Ургут туманларида биттадан янги нотариус иш бошлагани билан бу туманлардаги нотариусларда узундан-узун навбатлар барҳам топадими? Бошқа туманлардачи? Фикримча йўқ. Чунки навбатларнинг узунлигини ҳар бир туманда битта янги нотариус ўрни очиб, бартараф қилиб бўлмайди. Навбатларни бартараф қилиш учун камида ҳозирги ишлаб турган нотариусларнинг 50-60 фоизи миқдорича янги иш ўринлари очилиши лозим.

Умид қиламиз, Адлия вазирлиги бу масалани чуқурроқ ўрганади ва келажакда янада кўпроқ янги нотариуслик ўринлари очади ёки хусусий нотариусларга ҳам фаолият юритишларига рухсат берилади.

P.S. Нотариуслар сонини салмоқли ошириш ва узундан-узун навбатларни бартараф этиш кераклигига асосий урғуни қаратаётганим сабаби, бу ердаги коррупцион ҳолатлар асосан ана шу навбат кутишлар ортидан келиб чиқмоқда. Бу ҳақда яқин кунларда янги мақолада батафсил тўхталиб ўтаман.

Ғайрат ЙЎЛДОШ,

блогер

Xabar.uz

2018-11-12 17:23:04  |  2114 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация