Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатлари кенгайтирилди
Ҳукуматнинг 2018 йил 27 октябрдаги 878-сон қарори билан муомалада бўлиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатларига ўзгартиришлар киритилди.
Биринчидан, рўйхатлар кенгайтирилди: муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати 238 та позициядан 265 та позицияга, муомалада бўлиши чекланганларининг – 51 тадан 53 тага. Муомалада бўлиши чекланган психотроп моддалар 4 тага (81 та позициядан 85 та позицияга), прекурсорлар эса 3 тага (26 та позициядан 29 та позицияга) кўпайди, деб ёзади Norma.
Прекурсорлар – гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар.
Иккинчидан, I рўйхат (муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати, таҳр.) тузилиши ўзгартирилди. Унга киритилган моддалар гуруҳлар ва кичик гуруҳларга бўлинди. Масалан, синтетик каннабиоидлар гуруҳидаги гиёҳвандлик воситаларига анъанавий (дибензопиранлар), ноанъанавий (циклогексилфеноллар, циклогентеноллар, хинонлар), аминоалкилиндоллар (нафтоилиндоллар, фенилацетилиндоллар, бензоилиндоллар ва ҳ.к.), эйкозанойдлар (анандамидлар), бошқалар (нафтоилпиролллар, диарипиразоллар ва ҳ.к.) ва гибрид каннабиоидлар киради.
Шуни ёдда тутиш лозимки, Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни экиш, ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш ва қайта ишлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни ўтказиш ёки истеъмол қилишга жалб этиш билан боғлиқ қонунга хилоф ҳаракатлар жиноий тартибда таъқиб қилинади (Жиноят кодексининг XIX бобига қаранг). Юқорида кўрсатилган рўйхатлар муҳим аҳамиятга эга, сабаби улар билан боғлиқ жиноий жазо қўлланиладиган қилмишларни квалификациялашга таъсир кўрсатувчи гиёҳвандлик воситаларининг миқдорларини ҳам акс эттиради.
Шу ўринда 23 сентябрдан бошлаб гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари – юқорида кўрсатилган рўйхатларда расман мавжуд бўлмаган, бироқ инсон руҳиятига шунга ўхшаш таъсир кўрсатувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарлик жорий этилганини эслатиб ўтамиз.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 29 октябрдан кучга кирди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш