Мансабдорнинг инсонлар қадр-қимматини камситиши ижтимоий хавфли қилмишдир



 
  Расм манбаси : Facebook

Ижтимоий тармоқларда олти эркакнинг пахта даласидаги ариққа кийимлари билан тушган ҳолдаги сурат тарқалди. Уларнинг ариқда бу алфозда туриши қайсидир юқори турувчи мансабдорнинг талаби билан бўлгани ҳақида тахминлар айтилди. Ушбу ҳолатни ҳуқуқий нуқтаи-назардан қандай баҳолаш мумкин? Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткирбек Холмирзаевнинг фикрича, мансабдорларнинг инсон қадр-қимматини камситиши ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиши ва уларга шунга кўра чора кўрилиши керак.

ОАВда олтита эркакнинг пахта даласидаги ариққа кийимлари билан тушган ҳолдаги сурати тарқалди. Табиийки, ушбу ҳолат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилган бўлиши мумкинлигини англатади ва вазиятга ваколатли органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилишини тақозо этади. Чунки, бундай шаклдаги зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолатлари, яъни бошқарувни амалга оширишда мансабдор шахслар томонидан ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқишининг тизимли тус олиши кузатилмоқда. Бироқ мансабдор шахсларнинг бундай қилмишлари маъмурий ҳуқуқбузарлик деб малакаланиб, қилмишнинг ижтимоий хавфли эканлиги эътироф этилмаяпти.

Чунки, қонунларда инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланган бўлса-да, ҳуқуқлар жамият аъзолари, айниқса мансабдор шахслар учун реал олий қадрият сифатида тан олинмаяпти.

Биз мақолада ушбу суратдаги ҳолат юзасидан ўз фикримизни баён қиламиз ва ишнинг бошқа тафсилотларидан бехабар бўлганимиз учун вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни ваколатли органларга қолдирамиз. Суратдаги шахсларнинг норози ва мажбурликдан сувга тушган ҳолда туришидан уларнинг сувга мажбурлаб туширилганини тахмин қилиш мумкин.

Ҳар қандай сабаб билан, масалан, жазо тариқасида сувга мажбурлаб туширилган (ва бундай мажбурлаган шахс мансабдор шахс) бўлса, у ҳолда ушбу қилмишни ижтимоий хавфли деб топиш тўғри бўлади ва ҳолатда жиноят таркиби мавжуд дейиш мумкин. Бундай ҳаракатни маъмурий ҳуқуқбузарлик деб малакалаш тўғри эмас деб ҳисоблаймиз.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида айни биз кўриб чиқаётган вазиятдаги ҳаракат учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Назарий жиҳатдан суратдаги ҳаракатни ҳақорат қилиш (МЖтК 41-моддаси) ёки ўзбошимчалик (МЖтК 200-моддаси) деб малакалаш таклиф этилиши мумкин. Лекин, маъмурий ҳуқуқбузарликнинг зарурий белгиларига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликсодир этганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, ғайриҳуқуқий, айбли ҳаракат ёки ҳаракатсизликдир.

Бизнинг вазиятдаги ҳаракат айнан шу белгиларни ўз ичига олди-ку, дейишингиз мумкин. Аммо, яна бир муҳим белги – ижтимоий хавфлилик бу ерда алоҳида эътиборга молик. Чунки, мансабдор шахснинг фуқароларни совуқ сувга тушишга мажбурлаши билан боғлиқ ҳолат юридик атама билан айтганда айнан ижтимоий хавфли қилмишдир. Бу эса биз назарда тутаётган қилмишнинг жиноят эканлигини ҳамда қилмиш Жиноят кодекси тегишли нормаси билан малакаланиши кераклигини англатади.

Қилмишдаги ижтимоий хавфлилик мансабдор шахсларнинг ўз ҳокимият ва мансаб ваколатларидан четга чиққан ҳолда шахсларнинг конституциявий фундаментал ҳуқуқларини бузиши, айнан уларнинг қадр-қимматини камситувчи тарздаги тазйиққа дучор этишида ифодаланади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” деб белгиланган. Агар биз шахс конституциявий ҳуқуқларининг бу каби қўпол ва тизимли бузилишини ижтимоий хавфли деб баҳолай олмасак унда бу ҳуқуқларни нега энг муҳим ва олий қадрият деб Конституцияда белгиладик?

Қолаверса, бу каби ҳолатларда мансабдор шахслар ҳаракатлари нари борса маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланиб, жавобгарликка тортилмоқда ва айнан шундай талқин ҳамда қилмишни ижтимоий хавфли эмас деб ҳисоблаш оқибатида бу каби ҳолатлар тизимли такрорланиб келмоқда. Қилмишларнинг ижтимоий хавфи атайлаб эътиборга олинмаяпти. Ижтимоий хавфлиликка нисбатан эътиборсиз муносабат оқибатида одамларни урган, сўкиб ҳақоратлаган (ҳоким ва бошқа мансабдорларнинг ўз ходимларини сўкканлиги, ҳатто урганлиги ҳақида ишончли материаллар тарқатилган ва тан олинган) мансабдор шахслар адолатли жавобгарликка тортилмаяпти ва қонун нормалари нотўғри талқин этиляпти ҳам дейиш мумкин.

Ваҳоланки, бу ҳуқуқ ва қонун устуворлигини йўққа чиқараётган ва ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг энг муҳим ва фундаментал институтларига зарар берувчи қилмишдир.

Ҳуқуқ устуворлиги принципи ҳалигача жамиятимиз ҳаёти ва ҳуқуқни қўлловчи ваколатли органларимиз амалиётида қўлланмаяпти.

Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддасида белгиланган жиноят таркибини ҳосил қилади.

Ушбу жиноят таркибини ҳосил қилиш учун мансабдор шахснинг ўз ваколатларидан четга чиқиши фуқароларнинг ҳуқуқларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлиши керак. Бу вазиятда фуқаролар ҳуқуқларига жиддий зиён етганми? Жиноят кодексининг мазкур моддасига шарҳларга кўра, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг қўпол бузилиши фуқароларнинг ҳуқуқларига жиддий зиён етказиш деб топилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Биз кўриб чиқаётган вазиятда эса ариқдаги шахслар энг камида инсон қадр-қимматини камситувчи тарздаги тазйиққа дучор этилмоқда дейиш мумкин.

Демак, бизнинг вазиятда жиддий зиён ариқда совуқ сувда турган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини қўпол равишда (камситиш ва таҳқирлаш билан) бузишда ифодаланади. Фуқароларнинг бундай фундаментал ҳуқуқларининг бу шаклда бузишни жиддий зиён деб топмасликка асос йўқ.

Қисқаси, бу каби қилмиш маъмурий ҳуқуқбузарлик деб малакаланмаслиги, қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги эътироф этилиши ва жиноят деб топилиши ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб тегишли норма билан малакаланиши керак.

Жамият (давлат) фуқаролар, айниқса фермер – тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бу каби қўпол бузилиши ҳолатларида ижтимоий хавфлиликни кўрмаса, демак бундай ҳуқуқлар бу жамиятда қадрланмайди деган хулосага келиш мумкин бўлади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, қонун нормалари агар реал вазиятдаги муносабатларга нисбатан тўғри талқин қилинмаса бу ҳолат нормаларда белгиланган ҳуқуқлар жамият (айниқса, ҳокимият ва мансаб ваколатига эга шахслар) томонидан тан олинмаслигига, ҳуқуқларни менсимаслигига ва зўравонликларнинг давом этишига олиб келади. Жамиятда ҳуқуққа нисбатан менсимаслик (ҳуқуқий нигилизм), ишончсизлик кайфияти мавжуд экан, шахслар ўз ҳуқуқларидан фойдалана олишларига ишонишмайди. Бу эса ўз навбатида жамият бошқарув институтлари мувозанатини бузади, жамиятни бошқаришни имконсиз қилиб қўйишгача олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни келтириб чиқаради.

Баъзи кишилар биз кўриб чиққан вазият акс этган суратни олган ва тарқатган шахсни жавобгарликка тортиш масаласини ҳам кўтармоқда. Буни юқоридаги каби қилмишларни яшириш, уни тарқатган одамларни қўрқитишга уриниш деб баҳолаш мумкин. Лекин фикримизча, суратни олган ва тарқатган шахс ҳаракатлари ғайриҳуқуқийлиги жуда баҳсли ва деярли имконсиз. Зеро шахс суратни фуқаролар ҳуқуқи бузилишини ваколатли органлар ва жамоатчилик эътиборига етказиш мақсадида тарқатган бўлиш эҳтимоли катта. Гарчи бундай бўлмаган тақдирда ҳам бу ҳаракатнинг ғайриҳуқуқийлигини истисно қилиш мумкин.

Қолаверса, бу ҳолатнинг сабаблари алоҳида тадқиқ қилиниши керак. Зеро, фақат жиноий жавобгарлик билан ҳал бўладиган масала эмас. Фермер керакли агротехник тадбирни ўз вақтида амалга оширмаганми, демак бу ерда бозор механизмлари ҳам бузилган. Фермер худди колхоз учун ишлаётгандек, фақатгина тегишли мансабдор шахслар кўрсатмаси билангина агротехник тадбирларни амалга оширадими? Аслида бу тадбирларни ўз хоҳиши билан имкон қадар вақтида қилиши керак эмасмиди? Бунга нима тўсқинлик қилди ёки сабаб бўлди? Нимага ариққа тушириш ёки уришгача улар ўзлари манфаатдор бўлган ишларни қилишмайди? Бу алоҳида мақола мавзуси.

Ўткирбек Холмирзаев

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

Turon24

2018-10-29 18:57:55  |  2426 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация