Аёлларни маиший зўравонликдан ҳимоялашнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда
Ўзбекистонда “Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўз Facebook саҳифасида маълум қилишича, бу қонун орқали аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асоси яратилади, дея хабар беради Turon24.
“Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди. Зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда. Кундалик ҳаётимизда аёллар қанчалик бу турдаги муаммо билан тўқнашмоқда? Афсуски, саволга жавоблар қувонарли эмас. Ушбу муаммо билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида “Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида” қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда”, дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси.
Танзила Норбоеванинг айтишича, Хотин-қизлар қўмитаси 1146 ишонч телефон рақамларини ишга туширган. "Ишонч телефон"лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Энг асосийси, бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади. Ушбу ишонч телефонлари синов тариқасида ишламоқда. Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган Ижтимоий мослашув марказларига (шелтерларга) жойлаштирилади.
"Фурсатдан фойдаланиб, агар Сиз атрофингиздаги ана шундай аёллар тақдиридан хабардор бўлсангиз, бефарқ бўлмаслигингизни сўраймиз, бизга мурожаат қилинг ва биз биргаликда муаммонинг ечимини топамиз!" – дея мурожаат қилади Бош вазир ўринбосари.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш