Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар қандай келишилади?



 
  Расм манбаси : news.allelets.ru

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи билан Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Низомга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органларнинг марказий аппарати томонидан ташкил этиладиган текширувлар Бош прокуратура, уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказиладиган текширувлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари билан келишилади.

Текширув ўтказишни ваколатли орган билан келишиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали амалга оширилади.

Ягона тизим тўлиқ ишга туширилгунга қадар текширув ўтказишни келишиш билан боғлиқ бўлган ёзишмалар қоғоз шаклида расмийлаштирилиши мумкин.

Назорат қилувчи орган ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сири билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда бундай текширувлар ҳақидаги маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.

Муддати бир кун бўлган текширувларни келишиш вилоят прокуратураси томонидан, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширувларни келишиш фақат Бош прокуратура томонидан амалга оширилади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, хорижий корхоналар, шунингдек эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ўтказиладиган текширувларни келишиш фақат Бош прокуратура томонидан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари уларда ўтказилаётган текширув ҳақидаги ҳамда уларнинг фаолиятини текшираётган назорат қилувчи органлар тўғрисидаги маълумотни Бош прокуратура ёки вилоят прокуратураларидан ёзма шаклда ёки ахборот коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ягона тизимдан фойдаланган ҳолда электрон шаклда бепул олишга ҳақлидир.

Ўтказилган текширувдан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Назорат қилувчи органлар қуйидаги асослар мавжуд бўлганда:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар асосида ваколатли органга текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги назорат қилувчи орган томонидан дастлаб ўрганиб чиқилиши лозим.

Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширувни келишиш учун буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали вилоят прокуратурасига киритилади.

Муддати бир кундан ортиқ бўлган текширувни келишиш учун эса буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали унинг марказий аппарати томонидан Бош прокуратурага киритилади.

Назорат қилувчи органнинг туман (шаҳар) бўлинмаси ташаббуси билан ўтказиладиган текширувларни келишиш текширувга асос бўлган ҳужжатларни ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ушбу органнинг вилоят даражасидаги бўлинмасига тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Назорат қилувчи орган томонидан тақдим этилган текширувни келишиш тўғрисидаги буюртмада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

текширув ўтказувчи орган номи;

текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили;

текширув ўтказиш учун асос;

талаблари бузилиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисида маълумот;

текширув ўтказиш муддати;

текширув предмети;

текшириладиган фаолият даври.

Буюртмага жисмоний ёки юридик шахснинг қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаати нусхаси, “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича батафсил маълумот ҳамда текширув дастури илова қилинади.

Текширув дастури ушбу мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ёки “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилишлар доирасида тузилиши ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланиши шарт.

Буюртма ваколатли орган томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказиш келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.

Фавқулодда вазиятлар юзага келиши, шу жумладан инсон ҳаёти ва соғлигининг хавф остида қолиши, атроф-муҳит зарарланиши, жиддий моддий талафотлар келиб чиқиши ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича текширувларни келишиш тўғрисидаги буюртмалар бир иш куни ичида кўриб чиқилади.

Бош прокуратура томонидан қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг солиқ ва божхона соҳаларидаги қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш учун масъул ўринбосари, йўқлигида эса унинг ваколатини амалга ошириш юклатилган Бош прокурорнинг бошқа ўринбосари томонидан имзоланади.

Вилоят прокуратуралари томонидан қабул қилинган қарорлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари томонидан, улар йўқлигида эса вазифаларини вақтинча бажарувчи прокурор ўринбосарлари томонидан имзоланади.

Текширув ўтказиш келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисидаги қарор қабул қилингандан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан назорат қилувчи органга юборилади.

Назорат қилувчи орган текширувни ўтказиш келишилган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

Буйруқда текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси, назорат қилувчи органнинг текширувда иштирок этадиган масъул ходимлари таркиби, текшириладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, текширув мақсади, муддати ва текшириладиган фаолият даври кўрсатилади ҳамда текширув дастури илова қилинади.

Назорат қилувчи органнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан ўтказиладиган текширувга унинг бошқа таркибий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари жалб этилиши мумкин.

Назорат қилувчи органнинг юқори ташкилоти текширувни қуйи бўлинмаларига юклашга ҳақли.

2018-09-08 17:48:53  |  2843 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация