Эрта «қуриган» кўчатлар



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг Қашқадарё илмий-тажриба станциясида шу кунга қадар боғдорчиликни ривожлантириш борасида яхшигина тажриба мактаби яратилган бўлиб, соҳа ходимларининг ҳаракатлари самараси ўлароқ, мевали дарахт кўчатларини вилоятимиз иқлимига мослаштириш, касалликларга чидамли навларни яратиш ва кўпайтиришда салмоқли тажриба тўпланган.

Албатта, булар қувонарли жиҳатлар. Аммо, йўл қўйилган хатолар, ташкилот раҳбарияти томонидан станция маблағларини талон-торож қилиш каби ҳолатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. 2016 йилнинг май ойидан станцияда ҳам бош ҳисобчи, ҳам директор вазифасида ишлаб келган Тўра Тилововнинг бир йил давомида 78 млн. сўм маблағни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб юборганлиги фикримизнинг исботидир.

Гап шундаки, Т.Тиловов «жамоапарвар» раҳбар эканлигини кўрсатиб, маош ҳисоблаш китобини сохталаштириб, иш табелларига ҳақиқатда ишламаган шахсларга маош тайинлаб, пулларни бошқа бир одамнинг номига очилган плас­тик карточкага ташлаб, ундан ўзи фойдаланиб келган.

Бундан ташқари, у Касби туман ободонлаштириш бошқармаси билан 35 минг дона мевали ва манзарали кўчат етказиб бериш учун тузилган 35 млн. сўмлик шартнома шартларини ҳам қўпол тарзда бузади. Яъни бошқармага 17 млн. 500 минг сўмлик кўчат етказиб бериб, қолганини «туя» қилиб юборади. Айбини беркитиш учун эса кўчатлар тўлиғича етказилганлиги тўғ­рисида сохта ҳисоб-фактура тузиб, қолган кўчатларни номаълум шахсларга сотиб юборади.

Директор шунингдек, Қарши туманидаги «Покиза нурли келажак» хусусий корхонаси билан тузилган 35 млн. 75 минг сўмлик шартнома бўйича ўтказиб берилган пулларни ҳам ўйлаб ўтирмай талон-торож қилиб юборган. Унинг 16 млн. сўмини «2016 йил учун иш ҳақи», деб ўзига, 1 млн. 300 минг сўмини Г.Қўйлиевага, яна бир қисмини Ю.Жўраеванинг шартнома пулига ўтказиб бериб, бухгалтерия ҳужжатларини қалбакилаштириш йўли билан 23 млн. 132 минг 382 сўмлик маблағнинг талон-торож қилинишига йўл қўяди.

Раҳбарнинг тадбирсизлиги ташкилотни инқироз ёқасига келтириб қўйиши ҳеч гап эмас экан. Энг ёмони, раҳбар нафсига қул бўлса, бундан бутун жамоа жабр чекади. Қолаверса, ташкилотда қонунбузарлик авж олади. Т.Тиловов ана шу оддий ҳақиқат мағзини чақмаганлиги боис, кейинчалик ҳам кўп бор ноқонуний ишларга қўл урди. Ҳатто республика бюджетидан илмий тажрибалар ва изланишлар учун ажратилган 67 млн. 586 минг сўмлик маблағни ҳам тўғри тақсим қилмай, уларнинг ошиқча сарфланишига йўл қўяди.

Станцияга тегишли ер майдонларини ижарага олган фуқаролар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан тушган даромадлари ҳисобидан ижара учун 11 млн. 800 минг сўм миқдорида нақд пул тўлашади. Бу пуллар станция ғазнасига кирим қилинади. Бироқ, негадир пуллар шу ондаёқ ғазнадан ғойиб бўлади. Тергов жараёнида бу маблағ хўжаликнинг «Боғобод» участкаси бригадаси бошлиғи З.Ибатов ёрдамида директорнинг чўнтагига тушганлиги аниқланди. Буни қарангки, уддабурон раҳбар ўз айбини беркитиш мақсадида 11 млн. 800 минг сўм шудгорлаш, дала тозалаш ишлари учун сарфланганлиги тўғрисида сохта материал ҳисоботлари тузиб қўйган экан.

Т.Тиловов қанчалик уддабурон бўлмасин, ҳақиқат олдида бош эгишга мажбур бўлди. Келтирилган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари олдида ожиз қолди. Тергов бошлангач, станцияга етказилган зарарнинг бир қисмини қоплашига тўғри келди. Бироқ, бу унинг жазодан қутулиб қолишига имкон бермади.

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди томонидан мазкур иш атрофлича кўриб чиқилиб, Тўра Тиловов 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик фаолиятларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, унинг ҳисобидан станцияга етказилган 53 млн. 9 минг сўмлик зарарни қоплаш ҳам белгилаб қўйилди.

 

Меҳриддин ЖАББОРОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-11 19:23:51  |  2106 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация