Пропискада турганлик ҳақидаги манзил-маълумот ахборотлари қандай олинади?



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди, деб ёзади Norma.

Мазкур ахборотлар доимий пропискада турганлик, пропискадан чиққанлик, турган жойи бўйича ҳисобга олинганлик, вақтинчалик рўйхатдан ўтганлик, шунингдек маълумот мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Бундай ахборот учинчи шахсларга берилмайди.

Манзил-маълумотнома ахборотларини олиш тартиб-таомили кўп жиҳатдан параллель равишда қабул қилинган судланганлик/судланмаганлик ҳақида маълумотнома бериш бўйича маъмурий регламентдагига ўхшайди. Ҳужжат 2 хил усулда: Давлат хизматлари марказларига шахсан бориш йўли билан ёхуд масофадан туриб Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали олинади. Давлат хизмати учун йиғим миқдори – ЭКИҲнинг 10 фоизи (18 430 сўм).

Ариза бериш талаб этилади. Унда қуйидагилар кўрсатилади:

• Ф.И.О.;

• туғилган санаси;

• жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлганда);

• яшаш манзили;

• электрон манзили ва телефон рақами;

• манзил-маълумотлар бюросининг (ИИВ, вилоятлар ИИБ ва Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги манзил-маълумот бюролари) номи.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этганда аризани унинг ходими тўлдиради.

Давлат хизмати кўрсатишнинг мажбурий шарти – уни олувчида электрон рақамли имзонинг (ЭРИ) мавжуд бўлиши. Бу билан маълумотлар сир сақланиши таъминланади. Ушбу талаблар Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этиш ҳолларига ҳам, OneID сервиси орқали ЯИДХПда рўйхатдан ўтишга ҳам татбиқ этилади. Қулайлик яратиш мақсадида Давлат хизматлари маркази жойнинг ўзида 40 дақиқада ЭРИни расмийлаштириши мумкин, бироқ бунинг учун яна ЭКИҲнинг 10 фоизини тўлаш талаб этилади.

Маълумотномани расмийлаштириш учун масъул орган – ИИВ, вилоятлар ИИБ ва Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги манзил-маълумот бюроларига 1 иш куни берилади. Маълумотнома масъул орган томонидан ЭРИ ёрдамида тасдиқланади, шунингдек ҳужжатнинг QR-коди (матрицали штрих-коди) генерацияланади. Маълумотнома ариза берувчининг электрон почтасига юборилади. Бунда ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган ҳолдагина Давлат хизматлари маркази ўз муҳрини ва масъул шахс имзосини қўяди.

Изоҳ: Маъмурий регламент кучга кирганига қарамай, давлат хизмати кейинроқ ишга туширилиши мумкин. Ҳужжатда ваколатли органларга тегишли ишни ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилган.

Ҳужжат 2018 йил 5 октябрдан кучга кирди.

2018-10-10 12:39:54  |  2341 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация