“Судьяларнинг юкини енгиллатиш шарт”



 
  Расм манбаси : 

дейди “энг кўп ўлим ҳукми чиқарган” собиқ судья ва кўп йиллик адвокат Саломат Маматова

Хоразмлик Саломат опа Маматова вилоятдаги энг кекса адвокатлардан бири: у соҳада фаолиятини ўтган асрнинг 1970-йиллари ўрталарида бошлаган. Кейинчалик кўп йиллар нотариус ва судья лавозимларида ишлагач, 2007 йилда нафақага чиқиб, илк касбига қайтган. Опа аллақачон 70 дан ошган бўлса-да, “дам олиш”ни ўйламайди.

“Суягим меҳнатда қотган, бекор ўтиролмайман. Судья бўлиб ишлаган йилларимда ҳам ишдан ортиб уйда мол боқардим, экин экардим, боғ қилардим. Аввалги куч-қувватим йўқ, лекин ҳолимга қараб ишлаяпман барибир”, дейди суҳбатдошимиз.

Саломат опа, умр йўлингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Қайси олийгоҳда ўқигансиз? Касбга кириб келишингиз қандай кечган?

Мен асли Бухоронинг Қоракўл туманиданман, Хоразмга келин бўлиб тушганман.

1971 йилда ТошДУ юридик факультетига ўқишга кирган бўлсам, келаси йили тўйимиз бўлди: мен иккинчи, турмуш ўртоғим тўртинчи курс эдик. Тўйдан кейин кундузги бўлимда ўқишни давом эттириб, бирин-кетин битирдик.

У пайтлар битирувчилар тақсимот бўйича йўлланма билан ишга юбориларди. Мени янги юртим – Хоразмга, аниқроғи вилоят адвокатлар коллегиясига стажёр-адвокат қилиб жўнатишди.

Бир йиллик стажировкадан сўнг эса Хива тумани юридик маслаҳатхонасига ўтказишди ва тез орада ушбу муассасага мудир қилиб тайинландим.

Қарийб 9 йил юридик маслаҳатхонани бошқардим. 1984 йилда Хивада нотариус ўрни вакант қолгач, бу лавозимга мени ўтказишди. Шу тариқа 5 йил нотариус бўлиб ишладим.

Суддаги фаолиятим 1989 йилда Урганч шаҳар судига стажёр-судья бўлиб келишимдан бошланади. Бир йиллик муддатдан сўнг мени судьяликка сайлашди ва шаҳар судида ишлаб юрдим.

1996-2002 йилларда вилоят судида жиноят ишлари бўйича судья сифатида фаолият олиб бордим.

2002-2007 йилларда эса бир муддатга Урганч туман судида раислик қилиб, пенсияга чиқдим.

Ўшандан бери адвокатлик билан шуғулланаман...

Ҳеч қачон бирон лавозимга талабгор бўлмаганман, фалон жойга мени қўйинг, деб бировга бевосита ёки билвосита илтимос қилган эмасман. Фақат юқори – раҳбарлар ўзи танлаб, сайлаб лавозим беришган. Судьялик чоғимда ҳам энг оғир, олий жазо белгиланадиган жиноят ишларини менга юклашарди...

Ҳа, айтганча, ҳамкасбларингиз сизни “вилоятимизда ўлим жазосини энг кўп қўллаган судья” деб таърифлашди. Шу ростми? Қайси йиллар, қанақа жиноятлар учун олий жазо тайинлагансиз?

Ҳа, бу бор гап. 1996-2002 йиллар вилоят суди судьяси эканман, 11 та ҳукмда ўлим жазосини қўллаган эдим.

Биласиз, “ўтиш даври”да мамлакатимизда вазият анча қалтис эди. Давлат органлари у қадар кучли бўлмагани сабабли оғир жиноятлар кўп бўларди. Қолаверса, жиноят қонунчилиги ҳали либераллашмаган бўлиб, Жиноят кодексида, адашмасам, 9 та модданинг санкция қисмида олий жазо назарда тутилганди.

Мен асосан айбни оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлган қасддан одам ўлдириш жинояти (97-модда) учун олий жазо берганман. Барчаси гуруҳ бўлиб содир этилган жиноятлар эди. Масалан, бир йили Янгибозор туманида беш киши ўлдириб кетилди – асосий айбдорларни қўшни давлатлардан тутиб келиб, жазога тортдик. Яна бир ҳолатда Қўшкўпирда бир оилани (эр-хотин ва уч бола) ўлдириб юборган қотилларга олий жазо берганим ёдимда...

Терроризм жиноятлари ҳам бўлганми амалиётингизда?

Ҳа, битта шунақа иш бўлган. Бир неча киши бир бадавлат хонадонга бостириб кирган ва оила аъзоларини уриб-калтаклаб, қўл-оёқларини боғлаб ташлаган. Сўнгра пул, қимматбаҳо буюмларни олиб чет элга қочиб кетмоқчи бўлишган. Ва бунинг учун самолётни олиб қочишга уринган чоғида қўлга олинганлар...

56 ёшда судьяликдан бўшаган экансиз, ўз хоҳишингиз билан кетдингизми? Ахир бу истеъфога чиқиш учун унчалик катта ёш эмас-ку?

Судьялик ниҳоятда оғир иш. Одамни ҳам жисмонан, ҳам руҳан толиқтириб юборади. Масъулият катта, инсон тақдири устида ҳукм юргизиш керак. Сурункали чарчоқ одамни ишдан бездириб, ақлни ўтмаслаштиради. Беихтиёр вазифангга панжа орасидан қарай бошлайсан. Мен ҳатто охирги пайтларда муддатим қачон битаркан, дея кун санайдиган бўлиб қолгандим, календарда ўтган ҳар бир санани белгилаб қўярдим. Бунақа аҳволда ишни давом эттирадиган бўлсам, ўзимни қийнаганим каби бошқалар устидан ноҳақ ҳукмлар чиқариб қўйишим мумкин эди. Шуларни ўйлаб “етар энди, дам олишим керак”, дедим...

Дам олмабсиз-ку барибир, бўшаганингиз заҳоти адвокатликни бошлаб юборибсиз-ку?..

Дам олиш учун ҳам эски касбимга қайтдим-да!.. Уйда ўтириб қолиш хаёлимга ҳам келган эмас, бунга ўрганмаганман. Қимирлаб турмасам бўлмайди. Серфарзанд, оддий оилада туғилганман. Суягимиз меҳнатда қотган. Отам саҳар соат 5 дан кейин ухлатмасдилар, раҳматли. Ёшимизга, кучимизга яраша бирон иш топиб берарди. Шу йўсин бўш ўтирмасликка одатландим. 13 ёшимдан колхозда кетмон чопдим. Қишлоқ аҳлининг тирикчилик юмушлари – мол боқиш, деҳқончилик, боғдорчиликни яхши кўраман. Ҳозир-ку қариб қолдим, ҳам янги уйимизда шароит йўқ, аммо илгари судьяман деб “оқбилак” бўлиб ўтирмасдим: 10 бошдан зиёд мол боқардим, учталаб сигир соғардим, 30 сотих ер олиб боғ қилгандим. Мен етиштирган узуму анжирларга унча-мунча миришкор боғбонлар ҳавас қиларди. Раҳматли турмуш ўртоғим сира ёрдам бермасди, қайтага бошида кўп қаршилик қилган, “зиёли оиламиз, судья Маматова деган номинг бор, бунақа ишлар сенга ярашмайди” деб. Аммо мен билганимдан қолмасдим. 

Адвокатликка келсак, бу эркин касб – бировга ҳисоб бермайсан, ҳолингга қараб ишлайверасан, ўзингга ўзинг хўжайинсан. Судьялик юкидан ҳориб кетган мен учун ҳордиқ чиқариш бўлди бу қайтага. Ғайратим қўзиб, ўз адвокатлик бюромни очдим ва енг шимариб иш бошладим...

Ҳа, ўз исмингиз билан бюро ташкил қилиб, 10 йилча юритган экансиз. Лекин кейин нега бюрони ташлаб, “Жалоладдин Мангуберди ҳимоячилари” адвокатлик ҳайъатига кирдингиз?

Кексалик енгиб қўйди охири. Бюро алоҳида тузилма, ўзига яраша маъмурий ташвишлари бор: вақти-вақти билан солиқ, статистика ва бошқа идораларга бориш, ҳисобот топшириш керак. Куч-қувватинг борида сезилмайди, аммо ёшинг ўтгандан сўнг малол келар экан. Ўзимни аядим, ҳайъатда эркинроқ бўламан, дедим-да.

Жиноят судида кечган ўтмишингиз таъсирида жиноят ишлари билан шуғулланишни маъқул кўрсангиз керак?

Судьяликдан олдин нотариус бўлиб ишлаганимни ҳам унутманг. Нотариуслик тажрибаси ҳам адвокатлик фаолиятимга таъсир этган – мол-мулкка оид низолар, айниқса мерос, ҳадя, олди-сотди билан боғлиқ ишларни ёқтираман. Тўғри, мен нотариус бўлиб ишлаган даврда ҳуқуқнинг бу соҳаси анча енгил эди, чунки совет тузумида хусусий мулк бўлмаган. Ҳозир мол-мулк масалалари жуда мураккаблашган, ҳам фирибгарлар кўп – ҳушёр бўлиш керак. Шунга қарамай, нотариуслик менга катта мактаб бўлган барибир.

Умуман, бошида танлаганим йўқ – жиноятми, фуқароликми, олиб ишлайвердим. Аммо ҳозир ойига нари борса учта иш оламан, бундан кўпига қувватим етмайди. Тергови шаҳар ИИБ ёки прокуратураси томонидан юритилган жиноят ишларини умуман қабул қилмайман, чунки ўғлим прокурор – айблов хулосаларини тасдиқлайди. Мен аралашсам, манфаатлар тўқнашувига ўхшаш ҳолат юзага келиб, холисликка шубҳа оралаши мумкин...

 

Опа, суд идораларида аҳвол қанчалик ўзгарди? Сиз совет даврида ва мустақиллик йилларида судья бўлиб ишлагансиз, таққослай оласиз: суд органида қанақа жиддий муаммо мавжуд, назарингизда?

Судьяларда юклама ҳаддан зиёд. Тегирмон тошини эзиб юборадиган зўриқиш билан ишлашяпти улар. Айниқса, фуқаролик суди судьялари.

Совет даврида, ҳатто 90-йиллардан кейин ҳам аҳвол бунчалик эмасди. Биз процессга тайёргарликсиз чиқмасдик, яъни “дело”ни олдиндан батафсил ўрганардик. Ҳозир эса суд мажлиси бошланганидан сўнг судья бошлаб даъвогарга сўз бериб, ўзи материалларни ўқишга киришади. Бунақа босим ва зўриқиш иш сифатига таъсир қилмай қолмайди, албатта.

Илгари шаҳар судида йилига 1200-1400 та фуқаролик ва 400 тага яқин жиноят ишлари кўриларди. Аниқ рақамни билмасам-да, ҳозирда фуқаролик ишларининг ўзи 5 мингдан кам эмас, деб ўйлайман...

Судьяларнинг юкини енгиллатиш шарт.

Ҳар гал вилоятларга чиқиб, адвокатлар билан учрашганда бир саволни берамиз: Судларда адвокатларга, унинг процессуал вазифаларига нисбатан муносабат ўзгаряптими? Кўпчилик бунга “бир нави, чидаса бўлади”, деб жавоб беришади.

Сиз нима дейсиз?

Бу яқин йилларда вилоят судларида адвокатларнинг профессионал фаолиятига халал бериш ёки тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўлганини эслолмайман, очиғи.

Кейинроқ шу саволни Палатанинг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Руслан ака Анназаровга берганимизда ундан шундай жавоб олдик:

“Худога шукр, суд идоралари фаолиятидан адвокатларимиз хурсанд. Бирон муаммога дуч келсак, Telegram орқали тўғридан-тўғри вилоят суди раиси Баҳодир Полвоновга чиқамиз. У адвокатларни жуда ҳурмат қилади. Ўзи ташаббус кўрсатиб, Telegram’да гуруҳ ташкил қилган: вилоятдаги 160 дан зиёд адвокатнинг барчаси аъзо. Муаммо ҳақида ёзилиши билан раис хабар топади ва дарҳол “реакция” билдиради. Бундан ташқари, баъзан шахсан ўзи адвокатларга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашга ҳам фурсат топади...”

(Руслан аканинг сўзларини кейинроқ даврада ўтирган ҳамкасблари тасдиқлашди. Бир адвокат йигит эса яқинда, туғилган кунида вилоят суди раиси телефон қилиб, табриклаганини айтди. Яхши тажриба экан. Шунақа кадрлар кўпаяверсин!..)

Жорий йилда адвокат бўлиб ишлашни хоҳловчилар учун юридик соҳада камида икки йил стажга эга бўлиш талабини бекор қилиш кўзда тутилган. Ушбу ташаббус борасида жамоатчилик фикри иккига бўлинган: бир тарафдан соҳага ёш, янги кадрлар керак, аммо ҳолва деган билан оғиз чучимаслигини ҳам ҳисобга олишимиз лозим – университет партасидан туриб келган ёш мутахассис соҳанинг паст-баландини ўрганиб олгунича олти ой – бир йил вақт ўтади. Хўш, ўшанга қадар унинг моддий таъминоти нима бўлади? Сабри чидамай, кўнгли совиб адвокатликни ташлаб кетса-чи?..

Ўринли мулоҳаза. Шунақа ўзгариш бўлар экан, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тузатиб олишимиз лозим ва бунда давлатнинг ёрдами жуда-жуда зарур.

Ўтмишдаги фойдали тажрибаларни қўллаш вақти келди. Биласизми, собиқ СССР даврида стажёр-адвокатларга давлат стипендия тўларди. Шахсан мен ҳам бир йил давомида 95 сўм ойлик стипендия олганман – у пайтлар ўртача иш ҳақига яқин сумма эди бу. Адвокатурага “янги қон” зарур экан, “устоз-шогирд” анъаналари асосида тузилмаларда ҳар бир ёш кадрни тажрибали адвокатга бириктирган ҳолда унга давлат бюджетидан ойлик тайинланиши мақсадга мувофиқ. Адвокатлар палатаси, Адлия вазирлиги билан бирга шу таклифни юқори идораларга етказса ва қаттиқ туриб амалда жорий этилишига эришса жуда яхши бўларди.

Дастлабки тергов якунланганидан сўнг жиноят иши материалларини ҳимоячи фикри билан бирга судга топшириш амалиёти ҳам жорий этилиши режалаштирилган. Бу одил судлов тизимини ислоҳ қилишда қанчалик самара беради, деб ўйлайсиз?

Ҳимоячи, яъни адвокат мавқеини ошириш, унинг айблов томони билан процессуал тенглаштириш мақсадида қилиняпти бу иш. Ният эзгу. Қанчалик самарали бўлишини эса вақт кўрсатади. Лекин, менга қолса, ҳимоячи фикрини ишни юритган терговчига эмас, балки тўғридан-тўғри судга топширишни таклиф қилган бўлардим. Чунки терговчи ҳимоя фикридан айблов томони манфаатлари йўлида фойдаланиши, унинг қўлидаги “қарта”ларни билиб олиб, судда ўзига қарши қўллаши шубҳасиз.

Ўғилларингиздан бири – Ойбек Қурёзов ҳам адвокат экан. Онаси изидан боришни ўзи хоҳладими?

Ўғлим прокуратура тизимида ишлаган. Истеъфога чиққанидан сўнг менинг маслаҳатим билан адвокатликка киришди. Етти йилча бўлиб қолди, шекилли. Янги касбда аравасини тезда тортиб кетди, баъзан мен устозлик қилдим. Ҳозир ҳамкасблари орасида ўзига яраша обрўси бор. Яқинда жиддий бир жиноят ишида оқлов ҳукми чиқарилишига муваффақ бўлди. Омадини берсин! Ўғлим касбимни давом эттиришидан жуда хурсандман. Яна икки ўғлим “орган”ларда хизмат қилади, улар ҳам бир куни адвокат бўлиб кетишса ажаб эмас!..

Ҳар қандай инсон гоҳида ўз виждони билан ёлғиз қолиб, ўтмишини тафтиш қилади: билиб-билмай қилган хатолари ҳақида ўйлайди, бировга ноҳақ озор етказганини эсласа – сиқилади, кўнгли безовта бўлади. Айтинг-чи, сизда бунақа ҳолатлар қандай кечади?

Э-ҳе, виждонга ҳисоб берган вақтларим кўп бўлади. Айниқса, инсон ёши ўтган сайин қайта-қайта ўзига сўроқ берадиган бўлиб қолар экан...

Адвокатлик фаолиятимдан кўнглим тўқ: менга мурожаат қилган ҳар бир фуқарога қонун йўл берган энг сўнгги нуқтага қадар ёрдам бердим, адвокат ўлароқ қўлимдан нима келса, қилдим. Худога шукр, биров норози бўлиб, устимдан шикоят қилган эмас.

Судья бўлиб ишлаган давримни хаёлан жуда кўп бора текшираман. Баъзан уйқуларим қочиб кетади ҳатто. Суд идорасида ўтган ҳар бир кунимни, мен судья сифатида кўрган, қарор чиқарган ҳар бир ишни эслаб, такроран тарозида тортиб, соатлар овора бўламан... Ва, Худога минг қатла шукрки, ҳар сафар ўзимдан кўнглим тўлади. Тўғри ишладим, оқни қора, қорани оқ демадим, деган хулосага келиб, таскин топаман.

Ҳозир баъзи судьялар маъмурий босимдан шикоят қилганини эшитиб қоламан. Қайдам... Мен тамоман мустақил эдим, неки қарор чиқарган бўлсам, суд раиси ёки бошқадан кўрсатма олмадим, фақат қонунга қарадим. Тўғри, ҳалол бўлганим учун ҳам оғир жиноят ишларини кўришни менга топширишгандир?..

Ҳеч кимнинг қош-қовоғига қарамаганим учун ҳам ҳурмат қилишгандир?..

2003 йилда “Шуҳрат” медалига муносиб кўришди. Ҳолбуки мукофот тама қилмагандим. Буни ҳам холис хизматимдан деб билдим.

Умр бўйи ҳашаматга, ҳою ҳавасларга қизиқмадим.

2004 йил эди чамаси, менга хизмат автомобили беришди – яп-янги “ВАЗ-2107”. Вилоятда бирон судьянинг хизмат машинаси йўқ эди. Лекин шуни ҳам “эплолмадим”: ўзим минай десам, ҳайдовчилик гувоҳномам йўқ, ҳайдовчи ёллайдиган бўлсам – унинг ойлиги ва ёқилғига ўз ёнимдан тўлашим керак эди. Хоҳламадим, эл қатори автобусда қатнаб юрдим. Машинани эса бир неча йилдан сўнг иш билан бирга янги раисга топширдим...

Ойбек МЎМИНОВ суҳбатлашди.

2023-07-07 11:53:37  |  1249 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

2 изоҳлар

Июль 08, 2023  21:47

1.Анвар

Ассалому Алайкум Саломат опа Сизнинг айблов хулосага Адвокат фикри буйича билдирган фикрингиз жуда тугри Адвокат узининг фикрини баен этиш билан кулидаги картани очиб куяди бу терговчига камчиликларини тугрилашга катта имкон беради Айбловни тасдиклайдиган прокурорга хам Кул келади макул булади. Сиз айтганингиздек Адвокат фикрини тугридан тугри судга топширса жуда тугри ва алолатдан булади. Катта Рахмат Сизга опажон маноли сухбатингиз учун!

Июль 08, 2023  10:41

2.Алтиев Раззоқ

Жуда мазмунли суҳбат бўлибди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация