“ПРОКУРАТУРА ЎЗГАРМАГАН – ЭСКИ ҲАММОМ, ЭСКИ ТОС”



 
  Расм манбаси : 

Сурхондарё вилоятидаги “Шеробод Адвокат жамоаси” адвокатлар ҳайъати адвокати Дилмурод Юсупов билан суҳбат

Дилмурод ака, билишимизча, илгари ички ишлар тизимида ишлаган экансиз. Адвокатура соҳасига келишингизга нима сабаб ёки туртки бўлган? Янги касбга мослашишингиз қандай кечган? Адвокатликнинг паст-баландларини кимлардан ўргангансиз?

Очиғини айтаман: адвокат бўлиш хаёлимда йўқ эди.

2003 йилда ички ишлар органларидан нафақага чиққан эдим. 35 ёшдаман, айни навқирон вақтим. Бекор юргим келмай, ўзим яшайдиган Шеробод туманидаги бир фермер хўжалигига юрист бўлиб кирдим. Хўжаликнинг ҳуқуқий ишлари юзасидан турли идораларга, судга қатнар эканман, бир-икки адвокат билан яқиндан танишдим, ҳамсуҳбат бўлдим. Адвокат бўлишни шулар маслаҳат беришди. “Суриштирув, тергов бўлимида ишлаган экансиз, процессуал тартиб-таомиллардан хабарингиз бор, тортиб кетасиз”, дейишди. Аввалига бу гапни жиддий қабул қилмадим, кечаги ички ишлар ходими бирдан адвокат бўлиб кетиши тасаввуримга сиғмади, рости. Аммо, кейин билсам, адвокатурада собиқ “мелиса”лар оз эмас экан. Шундан сўнг дадиллашдим, қизиқишим ортди ва Адвокатлар ассоциациясига бориб, муддаони айтдим. “Бўлди”, дейишди. Ҳужжатларни топширдим. Имтиҳонга қадар Тошбоев Жуманазар ака деган бир адвокатга стажёр қилиб бириктириб қўйишди. Ана шу стажировка асносида амин бўлдимки, ИИВ академиясида ва “орган”даги фаолиятим мобайнида олган билим ва кўникмаларим урвоқ ҳам бўлмас экан... Аввалги касбимда жиноий ва маъмурий ҳуқуқ билан чекланган бўлсам, энди ҳуқуқнинг барча соҳаларини ўзлаштиришим зарур экан... Инсонда иштиёқ бўлса, илмга шунча чуқур кириб бораверади: шу тариқа изланиб, ўқиб-ўрганиб, устозлар кўмаги билан адвокат бўлдик...

Устозлардан сўз очдингиз. Айтинг-чи, адвокат сифатида шаклланишингизда сизга кимлар кўпроқ кўмаклашган? Мустақил юритган биринчи ишингиз ёдингиздами?

Тошбоев Жуманазар акани юқорида эслаб ўтдим. Оламдан ўтганлар, Худо раҳмат қилсин. У киши адвокатликда менга биринчи муаллим бўлган. Фуқаролик ҳуқуқи, иқтисодий-процессуал ҳуқуқ соҳаларида “Нажот қўрғони” бюроси адвокати Зиёдулла ака Нормаматов устозлик қилганлар. Қолаверса, фуқаролик ишлари бўйича судларда узоқ йиллар судья бўлиб ишлаган дўстим ва тенгдошим Маннонжонни ҳам устоз деб биламан. Жиноят ишларида эса Ойимжон опа Якубовадан кўп нарса ўргандим – опа адвокатурага деярли мен билан изма-из келган бўлса-да, камида 20 йил суд раиси бўлгани сабабли жиноят ҳуқуқини мукаммал тушунади.

Биринчи ишимга келсак... узр, шу тобда хотирамдан кўтарилди. Алимент ундириш билан боғлиқ масала эди, чамаси. Аммо биринчи ютуғимни аниқ эслайман: Жиноят кодексининг 277-моддаси инкриминация қилинаётган одамни ҳимоя қилиб, иш 109-модда билан қайта малакаланишига, яъни жазо енгиллашишига эришгандим. Биласизми, “Қасддан баданга енгил жароҳат етказиш” билан “Безорилик” жиноятлари орасида нозик айирма бор, иккаласини фарқлаш, тўғри малакалаш тажрибасиз терговчиларга бирмунча қийинчилик туғдиради.

Кўпроқ қанақа турдаги низолар билан шуғулланасиз?

Бошида “ўтмишим таъсири” сабаб асосан жиноят ишлари бўйича юридик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланган эдим. Аммо сўнгги йилларда мол-мулк, ер, меҳнат низолари кўпайгач, “приоритет”ларим ўзгарди ва ўзим ҳам фуқаролик-иқтисодий муносабатларни ўрганишга қаттиқ киришиб кетдим. Ҳозир кўпроқ шунақа турдаги ишларни маъқул кўраман: бир ойда битта жиноят иши олсам, 2-3 та фуқаролик-иқтисодий иш оламан.

Бир ой ичида якунлаб улгурасизми ҳаммасини?

Йўқ, албатта. Тўғри, жиноят ишларида вақт чекланган бўлади – процессуал муддатлар бор. Аммо мулкчиликка оид низоларга ҳуқуқий ечим топиш учун ойлар, ҳатто йиллар керак бўлиши мумкин. Қамрови ниҳоятда кенг фаолият бу, ишни юритиш давомида ҳуқуқ соҳалари бир-бирига уланиб кетаверади. Адвокатдан катта меҳнат, изланиш талаб қилади, битта масала юзасидан ўнлаб қонунларни, кодекс ва қарорларни “титкилашга” мажбур қилади, “қонунлар тўқнашуви”га дуч келасиз. Шуниси билан қизиқ. “Азарт”га кириб олсангиз бўлди – касбимизнинг мазаси, завқи шу.

Адвокатлик эркин касб: у “мижоз” танлаш ҳуқуқига эга ва ҳар бир адвокатнинг бу борада ўз принциплари бор. Айтинг-чи, сиз фуқаро билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузишдан олдин нималарни ҳисобга оласиз?

Мен одам танламайман – ҳимояланиш ва юридик ёрдам олиш ҳуқуқи барчага баравар берилган, деган қоидага амал қиламан. Иш хусусида айрим талабларим бор, албатта. Барча инстанциялардан ўтган, “умидсиз” ишларни қабул қилмайман. Қарши тараф – бирон танишим ёки мен илгари ёрдам берган фуқаро бўлса ҳам ишни рад этаман. Умуман, манфаатлар тўқнашуви рўй берадиган ва адвокатлик этикасига зид ҳолатларда шартнома тузмайман.

Одам танламайман, дедингиз. Жамият назарида ўта оғир ва ахлоқан тубан жиноят содир этганларни ҳам ҳимоя қилаверасизми?

Ҳали айтганимдек, ҳимояланиш ҳуқуқи муқаддас ва дахлсиз ҳуқуқ. Қолаверса, мен адвокатман, менда қарор қабул қилиш ваколати йўқ. Ҳимоямдаги шахс жиноят содир этган бўлса ва айби исботланса, жазосини тортади. Менинг вазифам – процессуал тартиблар бузилмаслигини, ҳимоямдаги шахснинг ҳуқуқлари поймол этилмаслигини ва зиммасига ортиқча айб қўйилмаслигини таъминлаш...

Адвокатлик фолиятимда шунақа оғир, чиркин жиноят содир этган икки кишини ҳимоя қилганман, улардан бири педофилликда айбланган эди. Шу икки ҳолатдан бирида шартнома асосида ишлаган бўлсам, иккинчисида давлат томонидан тайинланган адвокат сифатида ҳимояда қатнашдим.

Инсон ишидан қониқиш ҳосил қилиши, касбий ривожланишига мотивация олиши учун меҳнати самарасини амалда кўриши керак. Мен фақат гонорарни эмас, руҳий жиҳат – одамларнинг розилиги, миннатдорлик изҳорларини ҳам назарда тутяпман. Айтинг-чи, сизга мурожаат қилган кишиларнинг ҳаммаси ҳам хизматингиздан мамнун бўлишадими? Ўзингиз фахр билан эслайдиган бирон ишни мисол қилиб келтира оласизми?

Рисоладаги адвокат ҳар бир ҳолатда қонун имкон берган қадар натижага эришади, иш мантиқий якун топгунига қадар курашади. Мен қанчалик рисоладаги адвокатман, билмадим, баҳони бошқалар берсин. Аммо шартнома имзолаб, зиммамга юридик ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олганимдан сўнг ишончни оқлашга, нонимни ҳалоллаб ейишга ҳаракат қиламан. Ҳарқалай, фаолиятимга нисбатан бирон марта жиддий эътироз ёки шикоят бўлмаган. Собиқ мижозларим билан кўча-кўйда учрашиб қолсак, илиқ салом-алик қилишади, раҳмат айтишади... Биласизми, алдам-қалдам ишласангиз, мақсад – “одамларнинг пулини олиш” бўлса, барибир узоққа бормайсиз. Айниқса, вилоятларда. Чунки адвокатнинг ёнига ўзича келадиганлар жуда кам бўлади, эшик тепасидаги “Адвокатура” деб ёзилган пешлавҳа эса шунчаки белги холос. Кўпчилик, агар адвокат керак бўлиб қолса, илгари адвокатга иши тушган таниш-билишлари орқали суриштиради. Кичик шаҳарларда ҳамма бир-бирини танийди: яхши адвокат бўлсангиз ҳам, ёмон бўлсангиз ҳам тез тилга тушасиз. Шу маънода, хизматингиздан рози бўлган ҳар бир киши сизнинг реклама агентингизга айланади... 

Фахрланадиган ишларим бор, албатта. Мисол келтириш шартми? Хўп. Уч-тўрт йил олдинги гап бу. Хонамга бир фермер келди. Узоқроқ таниш, шерободлик. Қўлида иккита суд қарори: бири маъмурий, иккинчиси фуқаролик ишлари бўйича судники. “Ўзбекистоннинг қонунларига тушуниб бўладими, йўқми!? Бу судларда адолат бўладими, йўқми!?” дея ҳасрат қилакетди ўтирар-ўтирмас. 80-90 гектарча ерига (ҳужжатларда иккита контур сифатида тилга олинган эди) бошқа бир фермер даъвогарлик қилиб, тортиб олаётган экан. Маъмурий суд унга ўша ерни бериш ҳақидаги ҳоким қарорини ноқонуний деб топиб, бекор қилган. Фуқаролик суди эса маъмурий суд қарорига таянган. Суд асос қилиб олган ягона ҳужжат – “Ўздавлойиҳа” ташкилотининг маълумотномаси эди. Масаланинг тагига етиш учун биргалашиб ўша ерга бордик. Ерга даъво қилаётган фермер хўжалигига доир ҳужжатларни “кўтардик”. Калаванинг учи дарров топилди: низо объекти бўлган ер 2011 йилгача нариги фермер балансида бўлган, ундан кейин икки марта қўлдан-қўлга ўтиб, охирида ҳоким қарори билан, қонуний асосда менинг “мижозим”га берилган экан. Давлат идораларидаги пала-партишлик туфайли “Ўздавлойиҳа” ер соҳиби алмашганини қайд этмаган ва судга эски маълумотни юборган...

Биз янги очилган ҳолат бўйича дарҳол маъмурий судга ариза бердик. Суд даъвогарнинг аризасини рад этиб, ҳоким қарорини бекор қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Янги қарор қонуний кучга кирганидан сўнг фуқаролик суди ҳам аризамизга кўра бизнинг фойдамизга қарор чиқариб берди. Иш узил-кесил ҳал бўлиб, суддан чиққанимизда фермер қўлимдан қўшқўллаб тутди-да жуда мутаассир бўлиб, самимий оҳангда: “Раҳмат, ука. Тўрт йилдан бери мени сарсон қилаётган муаммони ҳал қилиб бердингиз. Елкамдан тоғ ағдарилди! Энди билдим ҳақиқий адвокат қанақа бўлишини!” деди.

Прокуратураси ва суд органлари ҳақида фикрингиз қандай? Шу ўтган 4-5 йилда улар фаолияти қанчалик ўзгарди? Адвокатлар касб мажбуриятларини бажариш чоғида ушбу органларда қанақа тўсиқларга дуч келишмоқда?

Прокуратура ўзгармади: услуб, ёндашув ўша-ўша. Эски ҳаммом, эски тос. Адвокатура ва умуман, суд-ҳуқуқ тизими муаммоларининг илдизи шу ерда. Айниқса жиноят ишлари юритувида прокуратурага жиддий саволлар бор.

Прокурорни энг аввало терговчининг қарорини бекор қилиш ваколатидан маҳрум этиш керак, деб ўйлайман. Энг ўткир муаммолардан бири шу. Терговчи билан ишлаш ҳам осон эмас, лекин ҳарқалай, яхши гап билан тушунтириб, керак бўлса, талаб қилиб уни процессуал тўғри ўзанга солиш, ҳимоянгиздаги шахснинг фойдасига хизмат қиладиган жиҳатларни ишга тиркатиш имкони бор. Анчагина тер тўкилади, албатта. Аммо кейин прокурор терговчининг қарорини бекор қилади-қўяди! Арзимаган баҳона билан! Шунча меҳнат елга учади. Қизиғи, адвокат терговчининг қарори устидан шикоят қилиб борганида прокурорлар оёқ тираб туриб олади ва унча-мунчага қарорни бекор қилдирмайди. Лекин ўз ташаббуси билан хоҳлаганини қилади. Терговчининг процессуал мустақиллиги қоғозда қолиб кетяпти.

Биринчи галда терговчини прокурорнинг маъмурий бўйсинувидан озод қилиш лозим. Терговчининг қароридан норози бўлса, марҳамат, судга протест киритсин. Суд ҳал қилсин.

Гап даромадингиз ИИВ ҳамда прокуратурадан тергов функциясини олиб қўйиш, ягона ва алоҳида тергов идораси тузишга келиб тақаляпти...

Худди шундай. Терговчининг процессуал мустақиллигини таъминлаш учун айнан шу нарса керак. Айблов хулосасини ҳам тергов идораси бошлиғи тасдиқласин ва судда ҳимоя қилсин. Прокуратура эса, агар айблов позициясига қўшилмаса, суддан оқлов сўрасин. Шунда адолатли ва оқилона тартиб ўрнатилган бўлур эди. Амалдаги жиноят-процессуал қонунчилик ҳам прокурорга оқлов ҳукми сўраш ваколатини беради, лекин, ҳозирги айбловчилик мақомида бу ваколатидан қандай фойдаланади? Қани бу ерда мантиқ?

Прокуратуранинг ваколатлари жуда шиширилган. Назорат, дастлабки тергов, суриштирув ва мажбурий ижро – тўртта энг муҳим ваколат битта идора қўлида жамланиши тўғри эмас. Мувозанат бўлиши керак. Прокуратурага ўзининг классик функцияси – қонунчилик назоратини қолдириш кифоя, деб ўйлайман.

Судлар фаолияти ҳақида нима дейсиз? Ўзгариш бўлдими? Судьялар мустақил бўла олдими?

Суд органлари ҳақида фикрим деярли ижобий. Ҳар ҳолда суд прокуратура билан қиёслаганда хийла инсонпарвар идора. Шахсга потенциал жиноятчи деб қарамайди, уни нима қилиб бўлса ҳам жазолаш пайида бўлмайди. Қолаверса, ислоҳотлар доирасида қатор хайрли янгиликлар жорий этилди. Хусусан, санкция бериш, эҳтиёт чорасини танлаш ваколати судларга берилганининг ўзи одил судлов учун катта ютуқ бўлди.

Ҳудудий бошқарма ҳузуридаги малака комиссия раиси экансиз. Айтинг-чи, комиссияга адвокатлар устидан асосан қанақа мазмундаги шикоятлар тушяпти? Касб этикасига оид эътирозлар кўпми?

Комиссияга келаётган шикоятларнинг аксари – иш бўйича қарши томондан бўлади. Ютқазиб қўйиб, аламдан ёзишади. Бу жиддий муаммо, билишимча, барча вилоятларда мавжуд. Биз қўлимиздан келганча бу тенденцияга қарши курашяпмиз. Шикоят орқасида кўп ҳолларда ўз ҳамкасбимиз туриши адвокатура шаъни, обрўси учун уят.

Яна бир тоифа ҳамкасбларимиз борки, ўз зиммаларига ортиқча масъулият юклаб, кейин эплай олмай, одамларни норози қилишади. Тажрибамдан биламанки, битта адвокат учун бир ойда бештадан зиёд иш – ортиқча. Бешдан ошса, иш сифати бузилади. Инсоннинг жисмоний, руҳий имкониятлари чекланган, қолаверса, мўлжалдан анча кўп вақт ҳамда энергия сарфлашга тўғри келиши мумкин, ахир. Судга, терговга ўз вақтида етиб бора олмасангиз, ишонч билдирган фуқаро зарар кўради ва ҳақли равишда сиздан норози бўлади. Инсон пул, обрў кетидан қувиб ўзини ёмонотлиқ қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Йиғинларда, ҳамкасблар билан учрашувларда бу ҳақда бот-бот эслатаман.

Адвокатларни қўполликда, қўрс муомалада айблаш ҳолатлари илгари тез-тез учраб турарди, анчадан бери бунақа мазмундаги шикоятлардан тинчиганмиз.

Гоҳида прокуратура ва ИИБ терговчиларидан тақдимнома келади. Одатда нохолис, ғаразли тақдимномалар бўлади. Ишнинг айблов позицияси бўйича “силлиққина” кетишига халал берадиган “қайсар” адвокатлардан шу йўл билан ўч олмоқчи бўлишади. Биз буни биламиз ва шунга яраша муносабат билдирамиз.

Адвокатларни касб этикаси қоидаларини бузгани учун жазолаш тартиб-таомиллари хусусида фикрингиз қандай? Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш масаласи маъмурий суд орқали ҳал этилиши сизнинг назарингизда қанчалик тўғри?

Касб этикаси билан боғлиқ сабабларга кўра адвокатлик лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш малака комиссияларининг мутлақ ваколати бўлиши керак. Чунки адвокатура мустақил, ўзини ўзи бошқарувчи ташкилот. Тугатишга келсак, бу ерда суд охирги, яъни Олий малака комиссияси қарори устидан шикоят қилинадиган инстанция сифатида қолиши мантиқан тўғри бўлур эди. Шунда ҳам судга ҳудудий малака комиссияси қарори тақдим этилиши лозим, деб ҳисоблайман.

Касб этикасини бузган адвокатларни жазолаш тартибида бошқа камчиликлар ҳам бор. Назаримда, тегишли низомларга ўзгартишлар киритиб, жазоларни икки турга ажратиш ўринли бўлур эди. Меҳнат қонунчилигига кўра, иш берувчи меҳнат интизомини бузган ходимга “ҳайфсан”, “огоҳлантириш” ва “жарима” каби жазоларни қўллашга ҳақли. Касб этикаси билан боғлиқ енгилроқ айб қилган, масалан, суд ёки терговга кечикиб борган, Палата бошқармасининг қонуний кўрсатмаларини бажармаган адвокатларга нисбатан шунақа жазолар тайинлаш мумкин. Касб этикаси қўпол тарзда бузилган ҳолларда эса лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш масаласи кўрилиши керак.

Дарвоқе, малака комиссияси лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш билан бирга, уни муддатидан аввал тиклаш ваколатига ҳам эга бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Адвокат олти ой ишсиз қолгач, оиласини қандай боқади? Шуни ҳисобга олиб, маълум шартларни жорий қилган ҳолда унинг жазо муддатини қисқартириб, касбига қайтариш имкониятларини қолдиришни таклиф қилган бўлардим.

Ёш ҳамкасбларингизга тилакларингиз.

Ёшидан қатъий назар, барча ҳамкасбларга тилагим: ҳеч қачон ўқиш-ўрганиш, изланишдан эринмасинлар. Ўз устиларида бетиним ишласинлар, билмаганларини сўрашдан, ҳамкасблар билан фикр алмашиш ва маслаҳатлашишдан ор қилмасинлар, зеро, илмда чек-чегара деган нарса йўқ.

Ва албатта, адвокатлик шаънига гард юқтиришдан эҳтиёт бўлсинлар.

Ойбек МЎМИНОВ суҳбатлашди.

2022-09-04 00:07:39  |  1037 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация