Янги қонунда ҳам очиқ қолган саволлар бор...



 
  Расм манбаси : РБК-Украина

Амалиёт “Давлат божи тўғрисида”ги қонундаги айрим камчиликларни очиб берди

2020 йил 6 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги янги қонуни судларга давлат божи тўлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш борасида муҳим ҳужжат бўлди. Зеро, шу кунга қадар бундай муносабатларни тартибга солувчи яхлит бир қонун мавжуд эмас эди. Жумладан, судларда давлат божи тўлаш билан боғлиқ муносабатлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги “Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги 533-сонли қарори билан тартибга солинарди.

Янги қонунда аввало давлат божи тушунчасига батафсил таъриф берилгани, шунингдек, давлат божи турлари ҳам аниқ-тиниқ кўрсатилгани айни муддаодир. Қолаверса, ушбу қонун қабул қилининиши билан давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатлар ҳам тартибга солинди. Айниқса қонунда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга бериладиган ариза ва шикоятлардан ундириладиган давлат божларининг тоифаларга бўлган ҳолда номма-ном келтирилгани ҳамда давлат божи тўлашдан озод қилинган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати берилгани турли ноаниқликларнинг бартараф этилишини таъминлайди.

Шунга қарамасдан, қонунни амалда қўллаш жараёнида ундаги айрим бўшлиқлар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, қонуннинг судларда давлат божи ундиришнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаб берувчи 19-моддасида судлар томонидан ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини бериш билан боғлиқ амалиётда учрайдиган айрим ҳолатлар эътибордан четда қолган. Натижада бу муаммо давлат божи ставкалари белгиланган қонун иловасида ҳам такрорланади. Хусусан, ушбу илованинг биринчи бўлим, “и” бандида қарорлар, ҳукмлар, ажримлар ва бошқа суд ҳужжатларининг дубликатлари ва кўчирма нусхаларини, шунингдек тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра судлар томонидан ишлардан бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун – ҳужжатнинг ҳар бир бети учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши кўрсатилган. Амалиётда эса тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд ҳужжатларидан ўзларига тегишли замонавий технологиялар ёрдамида, жумладан тасвирга олиш йўли билан кўчирма олишларига рухсат сўраб ҳам мурожаат қилишади. Аммо қонунда мазкур ҳолатларда давлат божи ундирилиши ёки ундирилмаслиги масаласига аниқлик киритилмаган.

Шунингдек, қонуннинг маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи 10-моддасида бир қатор шикоятлар турлари берилган бўлиб, жумладан юридик ва жисмоний шахслар давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) берганида ҳам иш мазмунан кўриб чиқилгунга қадар давлат божи тўлашдан озод қилиниши назарда тутилган.

Аммо, маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 86-1-моддасига кўра давлат ижрочисининг нафақат ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), балки қарорлари устидан ҳам судга шикоят қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига кўра ҳам маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган ишлар қаторида давлат бошқарув органларининг, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар кўрсатилган. Қолаверса бундай ишлар маъмурий суд амалиётида энг кўп кўриладиган ишлар тоифасига киради. Улар орасида эса давлат ижрочисининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш талаби билан боғлиқ ариза (шикоят)лар ҳам кўплаб учрайди. Аммо “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда бундай ариза (шикоят)лар бўйича давлат божидан озод қилиш масаласи ўз ечимини топмаган.

Шунга кўра, мазкур қонунни такомиллаштириш масаласи кўрилаётганида юқорида саналгани каби амалиётда кўриниб қолаётган камчиликлар умумлаштирилиб, тегишли тузатиш ва қўшимчалар киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Салоҳиддин ТУРСУНОВ,

Наманган вилояти маъмурий суди раиси 

Умида НИШОНОВА,

Чуст тумани маъмурий суди раиси

2020-09-14 11:36:38  |  2444 |   0  | 

1 изоҳлар

Ноябрь 13, 2020  21:49

1.Умид

болам билан куришиш учун давлт божи канча рахмат



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация