КАРАНТИНДАГИ МАҲБУСЛАР ҲАМ ЭЪТИБОРГА МУҲТОЖ! Ёки бугунги шароитда эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаб туриш мақсадга мувофиқми?



 
  Расм манбаси : news.pn

Камина жиноят ишларига ихтисослашган адвокат бўлганим сабабли иқтисодиёт, хўжалик ва бошқарув тартибига қарши жиноятларни содир этганликда айбланиб 1-сонли тергов ҳибсхонасида (“Тоштурма”да) сақланаётган (сақланган) ҳимоям остидаги шахслар билан тез-тез учрашиб тураман. Шунда уларнинг аксарияти тергов ҳибсхонаси овқатлари сифатига қониқмасдан, уйидан овқат келтиришга мажбур бўлишларини билдирса, яна бошқалари ҳафтада бир кунгина китоб берилишидан, бериладиган китобларнинг эса айрим варақлари йиртилганлигидан норози (тасаввур қилинг, бир китобни ўқишни бошладингиз, энди қизиқиб ўқиётганингизда навбатдаги варақлари йўқ...), яна кимлардир эса парҳез таомлар, мунтазам малакали мутахассис кўриги ёки махсус дори-дармон ва муолажаларга эҳтиёж сезадиган қандли диабет ёки юрак етишмовчилиги хасталиклари бўлса-да, ҳибсхонада бунақа шароит йўқлигидан оғринади...

Албатта, бир томондан қараганда, ҳибсхона “курорт” эмас-ку, у ерда ким шароит қилиб беради, дейишимиз мумкин. Аммо, озгина мулоҳаза қиладиган бўлсак, у жазо муассаси ҳам эмас — бу ердагиларнинг айби ҳали суд томонидан тасдиқланмаган (Айбсизлик презумцияси эса бевосита Конституцияда белгиланган меъёр). Чунончи, дастлабки терговда айблов эълон қилинганлар ҳар доим ҳам айбдор бўлавермайди. Баъзан улар тергов хатоси билан айбланиб қолсалар, баъзан эса, сир эмас-ки, айрим нопок терговчилар гумон қилинувчи ёки айбланувчиларга нисбатан ҳам, ғайриқонуний тазйиқ ўтказишга шароит яратиш учун, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш пайида бўладилар...

Аммо ҳозир мулоҳазамиз бу ҳақда эмас. Айтмоқчи бўлганимиз ҳозирги карантин ва чекловлар даврида тергов ҳибсхоналаридагиларнинг аҳволи долзарб масалага айлангани хусусида. Бизку, ташқи муҳитдан узилсак-да, уйда вақтимизни қандай чоғ ўтказиш “дард”и билан овворамиз. Аммо уйдагилари билан алоқалари узилган, учрашувлар бекор бўлган шароитдаги маҳбусларнинг аҳволи қандай экан?

Ўзига шу саволни бериб кўрган ҳар қандай одам юртимиз бошига оғир синов тушиб турган шу кунларда ҳибсхоналарда сақланаётганларга ҳам инсонпарварлик кўрсатиш ҳақида оз бўлса-да ўйлай бошласа керак. Жумладан, маҳбуслар шароити ҳақида кўпроқ тасаввурга эга инсон сифатида, менга жамият учун катта хавф туғдирмайдиган айбланувчиларга нисбатан қўлланган ва қўлланилаётган эҳтиёт чорасини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган чоралар билан алмаштириш лозимдек кўринади. Шунда бу маҳбусларни қамоқда сақлаш учун ишлаётган ходим ва ресурсларни ҳам бошқа самаралироқ мақсадларга сафарбар этиш мумкин бўлади.

Шу ўринда “улар ростдан ҳам жиноят содир этганликда айбдор бўлиб чиқса-чи” деган савол ва ҳадик ҳам туғилиши мумкин кимлардадир. Тўғри, агар айбдорлиги тасдиқланган бўлса улар албатта жазоланиши шарт. Лекин пировард мақсадидимиз жазолаш эмас, балки инсонни тарбиялаш, тўғри йўлга қайтариш экан, ҳали айби исботланмаган юртдошларимизни ҳибсда сақлаб туришга шошилишимизга, айниқса бугунги шароитда, ҳожат йўқ деб ўйлайман. Қолаверса, уларга нисбатан инсонпарварлик принципини намоён қилишимизнинг ўзи улар учун энг таъсирли дарс, сабоқ бўлиши ҳам мумкин...

Абдумалик АБДУЛЛАЕВ, "Justice chamber" адвокатлик фирмаси адвокати

2020-04-16 12:11:53  |  2564 |   0  | 

9 изоҳлар

Август 20, 2020  14:01

1.Феруза

Гаров пулини ёки штрафини тулаб очикликда юрса буладику у ерда утиргандан фойда йук судгача акли кириб уйлаб чикар. Тугри йулга юрар. Ота онасига кийин. Уларни оркасидан продукта оббориб хисобига пул утказиб. Хеч кимни бошига тушмасин.

Апрел 17, 2020  09:51

2.Раджабов Алишер

Хамкасбларимнинг фикрига тулик кушиламан.. Химоямдаги ЖКнинг 109-моддаси 2-кисми билан судланган шахсга нисбатан 19.03.2020 й.куни 1 йил озоддикдан махрум килиш жазоси асоссиз тайинланган. Апелляция шикояти карантин сабабли курилмасдан турибти. Шундай холатда апелляция суди ишни судланувчининг иштирокисиз куриб, жазо чорасини узгартирса максадга мувофик булар эди..

Апрел 17, 2020  09:42

3.Озод Умаров

Жуда хам тугри таклиф!

Апрел 17, 2020  00:50

4.Азизова Наргиза адвокат

Дархакикат бугунги кунда хибсда сакланаётганларнинг ахволи аянчли холда. Сабаби уйдаги якинларидан хар 15кунда озик-овкат етказилиб туриларди. Айримлари хакикатан хам соглиги яхши эмас. Дори дармонга мухтож. Эркаклардан ташкари аёллар хам хибсхонада кам эмас. Уларнинг такдиричи?

Апрел 16, 2020  20:15

5.Зафар Таиров

Бизда хам санкция ажрими устидан берилган шикоят март ойи 16 числосидан кейинги числолардан бери курилмасдан турибди.

Апрел 16, 2020  18:41

6.Бахтиёр Аминов

Менда хам нотугри камок эхтиёт чораси кулланган шахс утирибди. Эхтиёт чораси узгартиришга улгурмадик. Карантин бошланиб колди. Тергов органи шароитдан фойдаланиб "ишламаётганлигига" ким кафолат беради. Карантиндан ишимиз мураккаблашади.

Апрел 16, 2020  13:53

7.Адв Усманов Х.

Жуда тугри фикир,кушиламан!

Дарҳақиқат ҳозирги айни вазиятда жуда ҳам долзарб ва тўғри масала кўтарилган. Карантин муносабати билан яқинда тергов давомида Тергов хисбхонасида ЖКнинг 104 моддаси 2 қисми "б", "е" бандлари билан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, сақлаб турилган ҳимоям остидаги айбланувчини эҳтиёт чорасини гаров эҳтиёт чорасига ўзгартиришга ва қамоқдан чиқаришга эришдик. Ҳозирги кунда ҳимоям остидаги айбланувчи уйида яқинлари билан бирга. Мамлакатимиз биринчилардан бўлиб инсонпарварлик тамойилларига таяниб мамлакатимизнинг барча тергов хибсхоналарида сақланаётган ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган, биринчи маротаба жиноят содир этган, вояга етмаган, аёллар, 60 ёшдан ошганларни, 1, 2 чи гурух ногиронларини, оғир касаллиги борларни, касаллиги уларни қамоқ шароитда сақлашга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган, тарбияланиш ва тузалиш йўлига ўтган, етказилган моддий зарарларни қоплаган юртдошларимизни эҳтиёт чораларини гаров ва бошқа турдаги эҳтиёт чораларга ўзгартириш орқали очиқликга чиқариш холатлари жорий этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация