Олий суд Пленуми қарори: ОЧИҚЛИК ТОМОН ЯРИМ ОДИМ...



 
  Расм манбаси : UzNews.uz

Олий суд Пленумининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинганидан хабарингиз бордир, албатта. Зеро ҳужжат лойиҳа босқичидаёқ хийла шов-шув уйғотган эди.

Бу, бир чеккаси, қарордан бевосита манфаатдор томон – ОАВнинг ўзи экани ва, иккинчидан, ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган тажрибали журналистларнинг муҳокамаларга кенгроқ жалб этилгани билан боғлиқ.

Хусусан, журналист Турсунали Акбаров лойиҳани кўриб чиқиш жараёнида Олий суд ОАВ вакиллари томонидан билдирилган конструктив фикр-мулоҳазаларни беэътибор қолдирмаганини, лойиҳадаги ҳар бир банд улар иштирокида таҳлил қилинганини айтади. “Менинг ўзим ҳам қатор таклиф берган эдим, биттаси тўлиқ, бир нечтаси қисман қабул қилинибди”, дейди у.

Қонун кучига эга норматив ҳужжат – Пленум қарорининг қабул қилиниши жараёнини демократик тарзда ташкил этган экан, бунинг учун Олий суд раҳбарларига раҳмат!

Энди ҳужжатнинг ўзига келсак.

Биласиз, Пленум қарорларида қонунчиликда мавжуд нормалар юзасидан судларга қўшимча изоҳ ва тушунтиришлар, муайян меъёр айнан қайси ҳолатларда татбиқ этилиши бўйича кўрсатмалар берилади, шунингдек, асосий қонунларда йўл қўйилган бўшлиқлар “суваб юборилади”.

Янги қарорда ҳам шундай бўлди, қарийб: ЖПК, ФПК, МСИЮтК, ИПК ҳамда айрим қонунларда мавжуд нормаларнинг амалда қўлланиши билан боғлиқ жиҳатлар (сал-пал) аниқлаштирилди.

Ҳужжатнинг камёб ютуқларидан бири – журналистларнинг очиқ суд мажлисларига жисмонан кириш имкониятини бирмунча реаллаштирганидир. Зеро, сўнгги пайтларда ОАВ ходимлари вақти-вақти билан очиқ суд мажлисларида қатнашишда тўсқинликларга дуч келишмоқда эди. Қарор бу каби ҳолатларни тўлиқ бартараф этмаса-да, сезиларли даражада камайтиришидан умидвормиз. Ҳужжатнинг 6-бандида, жумладан, шундай дейилади:

“Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.

<...>

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди”.

Бундан ташқари, ишнинг ёпиқ тарзда кўрилишидан ОАВни олдинроқ хабардор қилиш, журналистларнинг қисман ёпиқ кўриладиган ишларда қатнашиши билан боғлиқ ва ҳоказо масалалардаги зиддиятли жиҳатлар бартараф қилинганини ҳам тан олиш жоиз.

Бироқ энг долзарб мавзуда ўзгариш йўқ. Яъни, ОАВ ходимининг ўз “иш қуроллари”ни судга олиб кириши ва улардан фойдаланиши борасида:

“Очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:

фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;

жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин”.

Хуллас, Пленум қарорини ҳозирча очиқлик томон ярим қадам сифатида қабул қилиш мумкиндек. Шунда ҳам, агар муҳтарам судьялар ўзларига берилган ваколатларни ОАВга нисбатан суиистеъмол қилмасалар...

2020-02-27 22:56:47  |  2379 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация