БОШИДАН САСИГАН БАЛИҚ ДУМИДАН ТОЗАЛАНАДИМИ?



 
  Расм манбаси : http://jackelliot.over-blog.com/

Ўқитувчи ва шифокор энди коррупцияга ҳам балогардонми?

Маълумки, 2019−2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишга киришилиши керак эди, қатор соҳаларда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган эди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг Бош прокурорлар бўлган аввалги учта раиси коррупционер сифатида қамалиб кетганидан сўнг, Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев комиссия раиси этиб тасдиқланди. Аммо у ҳам тез орада навбатдаги коррупцияда айбланган Республика прокуратураси раҳбари ўрнига Бош прокурор этиб тайинланди. Бу идорадаги масъуллар шу пайтгача “коррупцияга қарши курашни бошқариш" ўрнига коррупциянинг ўзини бошқаришни афзал кўришди.

Борис Ельцин даврида “Аргументы и факты” газетасида оддий халқнинг бир хатини ўқигандим: “Жаноб Президент! Мафияни жиловланг, йўқ қилинг! Агар йўқота олмасангиз, бизга ҳам рухсат беринг, бироз иштирок этайлик...”

Ниҳоят, мамлакатимизда мажбурий меҳнатга чек қўйилмоқда ва биз бунга қувондик. Акс ҳолда: “Раҳбар келяпти, кўча супуришга одам керак? Ўқитувчини топ!”, “Коммунал тўловдан қарз кўпайиб кетдими? Муаллимларни уйма-уй югуртир!”, “Пахта терилмай қоляптими, совуқ тушдими? Дўхтирларни далага ҳайда!”, “Мажлис бўладими, зални тўлдириш керакми? Тиббий ҳамшираларни чақир, касаллар кутиб туради,” – эди. Ҳар балога таълим ва соғлиқнги сақлаш балогардон эди.

Янги Бош прокурор Н.Йўлдошев ҳам “коррупцияга қарши кураш”ни таълим ва тиббиётдан бошлади. Энг катта коррупционерлар муаллимлар ва шифокорлар экан?!

“ҚАЛОВИНИ ТОПСАНГ, ҚОР ЁНАДИ”МИ?

2016 йилдан бери айтиб келинаётган “мансабдорларнинг даромадларини декларация қилиш" ҳали-ҳануз жорий этилгани йўқ. 2017 йилдан бери ваъда қилинадиган "Давлат хизмати тўғрисида"ги Қонун қабул қилингани йўқ. Ваъда қилинган “суд ҳокимиятининг мустақиллиги” (судлар қонунга эмас, ҳокимларнинг имо-ишорасига кўпроқ бўйсунмоқда), “давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш” (урилган-сурилганларни яна лавозимга келтириш авжида), “манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш” (ҳамма қўлга илинарлик бизнес ҳалигача амалдорлар ва уларнинг қариндошлари қўлида), “давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш” (ҳисоб эшитиш ва танқид қилиш ўрнига сиёсий партиялар сайлов пайтида ҳам ҳукуматни қўллаб-қувватладилар, “ҳокимиятга келсангиз, кимни ҳукуматга кўрсатасиз?” деган саволга жавобан иқтидордаги Бош вазир ва ҳукуматни кўрсатдилар, ҳокимиятни қабул қилишни истамасликларини айтдилар) орзулигича қолмоқда. “Фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш” сари бир қадам олдинга қўйилса, икки қадам орқага ташланмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш ҳам аксарият ҳолларда йиғилиш, семинар, тренинг ўтказиш ва чиройли расмлар билан матбуотда эълон қилиш даражасида турибди.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб “таълим муассасаларида ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар татбиқ этилиши” бошланди, “умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирил”ди, “Дастур”, Йўл харитаси”, “чора-тадбирлар режаси” ва ҳоказолар ишлаб чиқилди ва ҳоказолар ва шунга ўхшашлар...

Кўчада, ҳаёт дошқозонида кўҳна бозор авжида: “Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам куймасин”, “Йўлини топибдими, омадини берсин”, “Бизда ҳам қолиб кетмайди”, “Таниш-билишинг бор бўлса, юкинг ерда қолмас”, “Қаловини топиб қор ёғдириш мумкин”, “Хамир учидан патир”, “Ака-укачилик”, “Муомаласини қилиш”, “Хизмат бўлса шаймиз, ака”, “Сиздан угина, биздан бугина”...

Аён бўлдики, давлат идоралари, у тузган комиссиялари, ҳайъатлари ўз сафидаги коррупция билан, яъни ўзи-ўзи билан самарали кураша олмайди ва кураша олмаяпти. Бунга ўтган йиллар далилдир.

“Келинглар, ўртоқлар, бугундан ҳалол яшайлик!” – деган даъватлар ҳавода осилиб қолмоқда. Белгиланган чоралар “ҳозирча тайёр эмасмиз”, “яна бир-икки йил орқага сурайлик”, “дастурлар ва йўл хариталарини янада чуқурроқ ишлаб чиқайлик” деб ортга сурилмоқда. Коррупция билан боғлиқ бўлган монополияларга қарши чоралар ҳам шундай: “яна икки йил солиқ имтиёзлари тура қолсин”, “бизнинг маҳсулотни сотилиши учун рақобатчи хорижий маҳсулотлар яна бир-икки йил киритилмасин”, “маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хонавайрон бўлмасин, чет эл маҳсулотига каттароқ бож қўяйлик” каби баҳоналар билан бозор иқтисоди жорий этилмаяпти.

ДАРВОҚЕ...

Модомики, коррупцияни юқоридан бошлаб тугатиш самара бермаётган экан, уни пастдан бошлашга қарор қилинган кўринади.

Шунинг учун бугун қамоқда ўтирган бир катта Бош прокурор чиқиб: “Ўртоқлар, порахўрликка қарши кураш самарали бўлиши учун пастдагилар пора беришни тўхтатиши керак!” – деганди Олий Мажлис минбаридан. Албатта, саволлар юзага келганди: “Бермасак, иш битмаяпти-да”. “Бермасак, ҳатто қиё ҳам боқмайди-да...”, “Берсанг, қўйдай жовдираб туради. Бермасанг, бўридай ташланади...”

Коррупцияга қарши курашга халқни жалб қилиш учун “Жамоатчилик назорати тўғрисида” Қонун қабул қилинди ва жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва ҳатто ҳар бир фуқаро ҳар бир идорани ё муассасани текширишига изн берилди. Лекин халқ ҳали бунга киришгани йўқ. Қўрқув, ҳадик ва хавотирлар бор ҳамда улар бежиз ҳам эмас.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аниқ ва тиниқ даъват этдилар: “Жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида орқага қайтиш бўлмайди!”

Ахир, коррупция иқтисодни вайрон қилмоқда, халқни қашшоқлаштирмоқда, давлатни ҳам емирмоқда, дунёнинг олдида шарманда қилмоқда. Коррупция даражасига борасида Transparency International Халқаро коррупцияга қарши ташкилоти (Corruption Perception Index) рўйхатида Ўзбекистон 180 давлат орасида 158-ўринда қайд этилгани шармандали ҳолдир.

Миллат бир қалқиниб, уйғониши керак: наҳотки ҳалол яшай олмасак, “яна бир-икки йил” аввалгидай яшаб турайлик, десак. Мана, “Кун.Uz” мухбирига бир сенаторнинг сўзи: “Ўзбек жамиятидаги коррупция иллатини икки-уч йилда бирданига тозалаб ташлашнинг иложи йўқ... Бу иллатларнинг илдизини жамиятдан суғуриб ташлаш учун эса йиллар керак”. Сўрагинг келади: “Биз-ку кўрмаймиз, шекилли... Болаларимиз, невараларимиз кўрадими?!”

КОРРУПЦИЯНИНГ ИЛДИЗИ ЧУҚУР ВА ТАРВАҚАЙЛАГАНДИР...

Коррупция нима ўзи?

Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир​.

Афсуски, ижтимоий фикр сўралганда коррупция энг кўп тарқалган соҳалар сифатида тиббиёт ва таълимни айтишади, чунки прокуратура ёки милицияга ҳар кимнинг иши тушавермайди ва тушмасин ҳам, астағфуриллоҳ. Аслида коррупция ботқоғига ботмаган соҳа қолмаган. Бола туғиладиган туғруқхонадан то сўнги манзил бўлган қабристонгача коррупция бор – яхши пул бермасанг тузукроқ ердан қабр ҳам ололмайсан... Чегарадан ўтадиган божхонадан нолийди, судга борган судловнинг қаллоблигидан фиғон чекади, банкка борган кредитни порасиз олиб бўлмаслигидан додлайди.

Албатта, таълим ва тиббиёт ҳам коррупциядан холи эмас. Коррупциядан холи ер йўқ бу юртда....

ЎзАдаги хабарга кўра: “Масалан, тиббиётда бюджет маблағларининг 25-30% самарасиз кетмоқда. Кўплаб соҳаларда давлат харидлари ёпиқ ҳолда амалга оширилмоқда”. Ўзимизнинг тилга ўгирсак, бюджетнинг учдан бири - триллионлаб маблағлар ўмарилмоқда дегани ва бу давлат ахборот агентлигининг авайлаб айтган хабаридир.

Балиқ бошидан сасиган бўлса, бошидан тозаланиши тўғрироқдир. Акс ҳолда, коррупциянинг сабаблари билан эмас, оқибатлари билан курашамиз ва бу курашнинг охири бўлмайди.

Коррупциянинг кўламини ҳис қилиш учун порахўрлик, “откат” (бюджетдан маҳсулот харид қилишдан улуш олиш), ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, қавм-қариндошчилик ва таниш-билишчилик қайси соҳаларда эканига эътибор бериш керак.

Умрида паспорт алмаштириш учун бир неча бор милицияга борган, иши умуман судга ва прокуратурага тушмаган аксарият одамлар бу тизимлардаги коррупцияни билмаслиги табиийдир. Халқ мактаб ва институтга боради, мазаси қочса, поликлиника ва шифохонага югуради, сув, газ ва электр корхоналарига иши тушади. Шунинг учун фақат шу соҳаларда коррупция бор деб билади. Давлат ҳам бундан “унумли” фойдаланиб, одамларнинг эътиборини шу соҳалардаги коррупцияга қаратмоқда.

Аслида коррупция дарахтининг асл илдизлари узун ва – пастга эмас – юқорига қараб кетгандир, кетганда ҳам юқорилаган сари йўғонлашиб кетгандир.

Аслида бу соҳалардаги коррупция – юқоридаги улкан коррупциядан келиб чиқади – бу бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилмаслигидан, “йўлда” ўмарилиб, университет, мактаб, касалхонага етиб келмаслигидан юзага келган оқибатлардир.

Мактабда халқ нимадан нолийди: маош озлиги учун ўқитувчилар тез-тез пул йиғади: байрамга, муаллимлар кунига, синфни таъмирлашга, деразага парда олишга, мактаб фондига, кириб-чиқиш электрон тизимига... Бунга бюджетдан маблағ ажратилади-ку?!

Бюджет пули ҳали-ҳануз сўнги манзилига етаётгани йўқ!.

Тиббиётда халқ нимадан норози: ҳамма нарса пуллик, маош камлигидан малакали шифокорлар хусусий клиникаларга ишга ўтиб кетган, давлат поликлиникасига ёки шифохонасига борсанг, ташҳис ва таҳлил учун пуллик клиникаларга юборади. Савол туғилади: хусусий клиникадаги ўша оддий тадбиркор сотиб олган хорижий ташҳис ё таҳлил аппаратини бюджети триллионлаб бўлган давлат сотиб ололмайдими?!

Маоши озлиги учун икки жойдан ҳақ оладиган шифокор таҳлил учун таниш ва ҳақ олиб турадиган хусусий клиникага юборади ёки дори-дармон ёзиб берса, таниш аптекага йўллайди. Касалхонага ётсанг, тўшагингни ўзинг олиб борасан, дори-дармонингни ўзинг сотиб оласан, касалхонанинг овқатида уч кунда кўзинг тиниб, йиқилиб тушасан, шунинг учун овқатни ҳам уйдан ташишади. Бюджетнинг пуллари қайга кетади?!

Бу пуллар ўрталиқда – молия вазирлигида ва соҳа вазирликларида, вилоят, шаҳар ва таман бўлимларида, ҳокимиятларда “ҳазм” қилинади. Глобал коррупциядан келиб чиққан бу маиший коррупция – муаллимлар ёки шифокорларнинг коррупцияси халқнинг кўзига кўринади, одамларнинг назарида шифокорлар ёки муаллимлар асл айбдор бўлиб кўринади.

Мамлакатдаги тиббиёт ва таълим (бошқа соҳалар) учун аввал маошингдан солиқ тўлайсан, лекин ишинг таълимга ва тиббиётга (бошқа соҳаларга) ишинг тушса, яна сени (бу гал ноқонуний) пулга туширишади. Бир хизматга икки марта ҳақ тўлайсан.

ШУНДАЙ ҚИЛИБ...

Ишга қабул қилиш ҳам – коррупциянинг таркибий қисмидир, лавозимнинг “шапкаси” ноқонуний даромади борлигининг даражасига қараб белгиланади.

“Соққа қилиш” имкони юқори ўринларга миллионлаб доллар пора билан кирилади, “даромади” камроқларига камроқ пора берилади, таниш-билишчилик, ҳамюртлик, тўдачилик муносабатлари ишга тушади. Бу иллат бутун маъмурий ва ижтимоий соҳани қамраб олган.

Эшитиб қоламиз, боғчага, мактабга, шифохонага ишга киришга пора олаётганлар ёки бераётганлар қўлга тушади. Ҳайратли ҳол, лекин сабаби аниқ. 700 000-800 000 сўм (70-80 АҚШ доллари) маоши бор ҳамшираликка ишга киришга 1000-2000 АҚШ доллари пора сўрашади ва, қарз-қавола қилиб, берадиганлар бор?! Чунки бу ишда ҳам ҳаром “қўшимча даромад” бор-да.

Давлат амалдори қариндошлари ва ҳамтовоқларига корхона ёки фирма очиб беради ва давлат бюджетидан харид қилинадиган маҳсулотларга ёки амалга ошириладиган ишларга ҳеч бир тендерсиз-танловсиз ёхуд номигагина ўтказилган ёпиқ кўриклар орқали шу танишларга буюртма беради.

МИСОЛ КЕРАКМИ?

Ҳали ёдимизда ва, қолаверса, ўша вазир ва ўша ҳоким ҳануз иқтидорда, аудиоёзувлар борлиги, тартиблар ўша-ўша бўлгани учун айтамиз. Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарини "ифлос, ҳайвон, ҳезалак" деб сўккан аудиоёзув тарқалганди ва анчагина муҳокамаларга нишон бўлганди.

Ҳақоратлар оқимининг энг шиддатлиси Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмоновга нисбатан айтилгани англашилади. Вилоят ҳокими бошқарма бошлиғини “ифлос”, “ҳайвон”, “шакал”, “ҳезалак”, “карранда”, “маймун” каби сўзлар билан атаган. 2 соату 36 дақиқадан иборат аудиоёзув Избоскан тумани маркази Пойтуғда бўлиб ўтган мажлиснинг ёзуви экани маълум бўлди.

Бу мажлисда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов аёвсиз ҳақорат қилинади: “Нега менга бунақа ақл беряпсан, эй облздравнинг бошлиғи, ифлос, мараз, латта. Эй сени ўзи нимадан хабаринг бор, айтгин! Касалдан хабаринг бўлмаса, ундан хабаринг бўлмаса, анаву маразинг, вазирчанг ифлос, кеча менга кеволиб, кетимга пахта қўйиб, Андижондан чиққан, Генпрокурорга хат киргизибди. Шприцни унақа қилиб ўтказяпти, перчаткани мунақа қилиб ўтказяпти тендер қилмасдан. Сен маразсан, дудкасан сен, эрта-индин бошингни ейман, сен ифлосни. Генпрокурор менга айтяпти, Шуҳрат ака бориб вазир билан гаплашиволинг, мана бундай хат қиляпти, деб. Мен шприцни киргиздириб, катта холамникига олиб кетяпманми? Нимасига эътирозинг бор, сифатсиз деганмишсан, ифлос? Сен, как медик тушунадиган бўлсанг, нимаси сифатсиз уни?”

Икки соатлик бақир-чақирни эшитиш ҳам оғир, бу ерда келтириш ҳам мушкул ва ўқувчини ҳам асраш лозим. Лекин бу сўзларни эшитаркансан, ҳайратга тушасан. Бу бозордаги даҳанаки жанг ё чойхонадаги олифта жанжал эмас, ахир. Бу бир улкан вилоят ҳокимининг соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, зиёли шифокорга айтаётган гапларидир.

Бу қадар кучли бақириққа сабаб бўлган ходиса нима эди? Ҳоким соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига нисбатан айтган ҳақоратли гапларини бошқарма Андижонда ишлаб чиқарилган шприц ва тиббиёт қўлқопларини сифатсиз деб, Тошкентдаги фирмалардан сотиб олаётгани билан изоҳлайди: “Тошкентдаги битта ифлос, бир ердан импорт қилиб олиб келяпти, шприцни. Уни тепасида 15-20 фоиздан ҳаммаси ўтирибди. Энди, уларнинг ризқи қирқилди-да! Мен у ёққа пул ўтказмаяпман, ўзимникини оламан, деяпман...”

Аён бўладики, ҳоким билан бошқарма бошлиғи ўртасидаги жанжал аслида манфаатлар тўқнашувининг оқибатидир.

Вилоят ҳокими барча туманлардаги тиббиёт бирлашмаларига ажратилган бюджет пулларига фақат у таклиф қилган Андижондаги заводдан шприц ва перчатка сотиб олиш талабини қўйган. Врачлар эса, бу маҳсулотларнинг сифатли эмаслигидан, дорига ўтказилган пуллар ҳам заводга ўтиб кетаётганидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилишган. У ердан ишчи гуруҳ келиб, вазиятни ўрганган ва ҳоким нотўғри иш қилаётганини унга айтишган. Ана шундан, ҳокимнинг жаҳли чиқиб кетган ва бошқарма бошлиғини ҳақорат қилиб, мажлисдан ҳайдаб юборган. Бу ерда манфаатлар тўқнашган.

Элнинг оғзини ланг очдирган жанжалнинг асл сабаби аён бўлдики: гап соғлиқни сақлашга ажратилган пулларнинг тасарруф қилинишида экан. Ўзининг талабини икки томон ҳам бир қарашда ҳақли кўринган даъволар билан далиллайди ва қарама-қарши томонни тамагирликда айблайди.

Ҳоким ҳудудида фаолият юритаётган фирманинг тиббий ашёларини сотиб олиш лозимлигини, бу фирмада шу ерлик халқ ишлаётганини ва у маҳаллий бюджетга сезиларли солиқ тўлашини айтади ва қарши томондаги соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг юқоридаги вазирлигини ўзларига таниш фирма орқали давлат бюджети пулини сарфлаётганини, шундан манфаатдорлигини даъво қилади («Уни тепасида 15-20 фоиздан ҳаммаси ўтирибди. Энди, уларнинг ризқи қирқилди-да! (Эътибор беринг: гап давлат бюджети пуллари ҳақида кетяпти)).

БУ ЧОРАСИЗЛИКНИНГ ЧОРАСИ БОРМИ?

Ечим бор ва у шундоқ юзада турибди. Юзага келган вазият давлат бюджети маблағларининг тасарруф этилиши жараёни ҳали ҳам тор хоналарда ҳал этилаётганини кўрсатади. Соҳа томонида буни вазир ёки бошқарма бошлиғи ҳал қилади. Ҳокимликда ҳокимнинг айтгани-айтандир. Аслида ҳар икки томонни шубҳадан холи қилиш учун давлат харидлари соҳасини шаффофлаштириш, харидларни ошкора ва ҳалол тендерлар орқали амалга ошириш зарур. Бу Коррупцияга қарши курашга оид Давлат дастурида ҳам, ҳукумат қарорларида ҳам бевосита кўрсатилган. Ўша ҳокимият хайрихоҳ бўлган фирма ҳам, вазирлик хайрихоҳ бўлган диллерлар ҳам ошкора тендерда қатнашса, жамоатчилик соҳага қанча пул ажратилганини, қаёққа сарфланганлигини билса, матбуотда ошкоралик қарор топса, шу тахлит жанжаллар ва ўзаро айбловларга ҳожат қолмасди.

ВА НИҲОЯТ...

Улкан коррупция бюджетни тасарруф этадиган, моддий-молиявий оқимларни назорат қиладиган вазирликлар ва идоралар, жараённинг қонунийлигини назорат қиладиган идоралар, пул-маҳсулот оқимларини йўналтирадиган ва тўлов балансини шакллантирадиганлар томонидан амалга оширилади.

Албатта, улар ўз манфаатлари учун қонунчилик ва ижро ҳокимиятини ҳам ўз томонларига оғдирадилар ва бу ҳам “текин”га эмас. Керакли қонунлар ва қарорлар монопол соҳалар томонидан “сотиб олинади”. Коррупционерлар ҳуқуқ-тартибот идораларидан, судлов маҳкамаларидан қўрқмайди, чунки уларнинг ҳам “нафси, бола-чақаси” борлигини билади.

Коррупция ошкораликдан қўрқади, холос. Шунинг учун журналистлар, блогерлар таъқиб ва танқид нишонига айланган.

Бугунги энг зарур ислоҳот – сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш ва бозор иқтисодиётини жорий этишдир. Қишлоқ хўжалигини ва саноатни давлат монополиясидан чиқариш, ҳалол рақобатни ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш керак.

Ҳуқуқ-тартибот идораларини хўжалик ишларига жалб этиш коррупцияни кучайтиради. Пахта ва ғаллага давлат буюртмасини бекор қилиш – шу йўналишдаги инқилобий қадамдир.

Монополизм ва протекционизм – иқтисодий коррупциянинг ўқ илдизларидир. Улкан давлат лойиҳаларида очиқлик ва ошкораликка йўл очиш, чорак аср ҳукм сурган коррупцияни юзага келтирган шахслар ўрнига ҳалол ходимларни, “садоқатли” эмас, ақлли кадрларни амалга келтириш коррупция илдизига болта уради.

Коррупцияга қарши курашадиган “алоҳида идора”га етарлича ваколатлар бериш ва ҳалоллиги ва қатъияти шубҳасиз бўлган ходимлардан тузиш муҳимдир, чунки бу идоранинг ўзи ҳам парламент, жамоат ва матбуот назорати остида доимий туриши керак, чунки коррупцияга қарши идоранинг ўзи коррупциялашуви мумкинлигини кўп бора кўрдик.

Фақат маъмурий чора – давлат муассассасини ташкил этиш – етарли эмас, сиёсий чоралар ва сиёсий ирода керак – парламент, матбуот, судларга ҳаққоний эркинлик бериш, пастдан энг юқоригача - ҳамманинг даромадларини очиқ декларация қилиш, хўжалик субъектларига имтиёзлар беришни тўхтатиб, чинакам рақобатга йўл очиш ва молиявий оқимларни шаффофлаштириш шартдир.

Карим БАҲРИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши аъзоси

(Мақола муаллифнинг розилиги билан унинг FBдаги саҳифасидан олинди).

2020-02-26 10:05:42  |  1796 |   0  | 

2 изоҳлар

Ишни бюджет мпблагларини талон тарож килаетганлардан бошлаш керак,макола зур езилган.

Муаллифга рахмат,жуда чукур мазмунли макола езган,ишни бюджет маблагларини талон тарож килаетганлардан бошлаш керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация