ТУМАН ҲОКИМИ МАЪМУРИЙ СУДГА БОСИМ ЎТКАЗГАН(МИ)?..



 
  Расм манбаси : Qalampir.uz

— Биз бу фермернинг манфаатини туман судидан бошлаб ҳимоя қилиб келяпмиз, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров Qalampir.uz мухбирининг қуйичирчиқлик ери тортиб олинган фермер билан боғлиқ саволларига жавоб бера туриб. — Туман судида ҳаттоки далда ҳам бериб кўрдим. “Ҳурматли раислик қилувчи, сиз етарлича саволлар бермаяпсиз. Ишни мустаҳкамлаб олишга, қонуний баҳо беришга ҳаракат қилмаяпсиз”, деганимда туман ҳокимидан ҳадиксираётганини сездириб қўйди. Сўзининг охирида ҳаттоки туман ҳокимининг маъмурий судга босим ўтказганини сездирди. Бундан анча кўнглимиз чўкди. Биз туман ҳокимлари судьяларга босим ўтказаётгани ҳақида маълумотга эга бўлдик. Қонунбузарлик очиқдан-очиқ кўриниб турганда ҳам маъмурий судларимиз ҳокимдан ҳадиксиради.

 

Ч.Қодировнинг айтишича, 2019 йил 8 ноябрида Олий суднинг маъмурий ҳайъатидан фермер фойдасига қарор қабул қилинган. Аммо “Олий суднинг бу қарорини ижро қилиш учун қуйи тизимда кўп қаршиликлар бўлмоқда. Туман ҳокимлигининг ўзи биринчи навбатда тўсқинлик қилмоқда. Ҳаттоки, туман прокурори ҳам қишлоқ хўжалигидаги қонунлар назоратини таъминлаши лозим бўлса ҳам, ўзининг вазифасини бажармаяпти. Туман прокурорининг ҳам ваъда берган жойи бор. Олий суднинг қарорини олиб келса, даласига тегмаслигини айтган. 

Бундай ҳолатларда қонунчилик механизми яхши ишламаяпти. Аввало қонунларни ижро қилишни назорат қилувчи прокурор қўлини қовуштириб ўтирибди. Энг катта гап прокурорда... Олий суд қарори қабул қилинади-ку, бироқ ижро қилинмаса чора кўриш прокурорда-ку, ахир. Фермер прокурорга мурожаат қилиб турибди. Прокурор кўриб туриб, (кластерга) ён босиб ўтирибди. Кластерга прокурор ҳам ён босмоқда. Хизмат вазифасига бепарволик билан қарамоқда. Агар мен ўша прокурор ўрнида бўлганимда эди... Ўзимнинг ваколатим доирасида туман ҳокимига огоҳлантириш хати киритган бўлардим. “Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тўғрисида”ги қонунга кўра, ёзма равишда огоҳлантириш беришга прокурорда ваколат бор. “Олий суд қарорига ноқонуний равишда монелик қиляпсиз. Агар бундай ноқонуний тартибда давом этаверсангиз, сизга нисбатан қонуний чора кўрамиз” деган мазмунда ҳаракат қилардим. Ҳозир, аксинча, прокурор қонунбузарлар тарафига ўтиб олган. Қонунбузар ким? Ҳоким. Ҳоким тарафига ўтиб олган. Прокурор шундай вақтда қўлини қовуштириб ўтирадиган бўлса, туманда қонун таъминланадими?!”

Мутасадди ҳуқуқшуноснинг айтишича, ““Гулистон агро файз” фермер хўжалигига оид ишни биринчи кунлардан эшитганман. Бу ҳақда маълумотларга тўлиқ эгаман. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрида 974-сонли қарори қабул қилинган. Шу қарордан келиб чиқиб, “Toshkent cotton Textile cluster” МЧЖга Қуйичирчиқ туманидан 39 минг гектар ер майдони ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу қарорнинг ижросини таъминлаш жараёнида туман ҳокимиятидаги мутасаддиларимиз томонидан биринчи қадам нотўғри ташланган. Улар мансаб ваколатидан фойдаланиб, фермерлар манфаатларига путур етказадиган даражадаги ишлар билан шуғуллана бошлаган”. Жумладан, Қуйичирчиқлик фермер Акмалхўжа Турсунхоновга тегишли “Гулистон агро файз” фермер хўжалигининг кўпгектарли ери ноқонуний тортиб олинган.

Яъни мутасаддилар Ер кодексининг тегишли нормаларига риоя қилишмасдан, фермерлар ерларини ноқонуний тарзда кластерга бериш пайига тушиб, Ер кодексининг 6-моддаси, 36-моддаси талабидан четга чиққан... Чунки фермер еридан ихтиёрий тарзда воз кечмаган. Бундай ҳолатда эса ер ижара шартномасини бекор қилиш мумкин бўлмайди. Ердан самарасиз фойдалангани ёки бошқа мақсадда фойдаланган ҳолатлар топилганидагина ҳокимият фермернинг устидан судга даъво киритиб, суд қарори билан ерни кластерга бериши керак эди

2020-02-24 23:53:59  |  2435 |   0  | 

1 изоҳлар

Феврал 25, 2020  13:49

1.Юлдашов Ёқубжон

Мамлакатимизда Конституцияда қайд этилган ва қонунларда курсатилган хуқуқ ва эркинликларга хамма бирдек риоя қилиниши йулга қуйилмас экан,Қонун устиворлиги принципига кура иш юритилмас экан Адолатга эришиб булмайди. Адолат булмаса ишонч булмайди.Ишонч йуқ жойда тараққиёт булмайди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация