Янги Солиқ кодекси Қонунчилик палатасидан ўтди. Адвокатурага доир моддаларда ўзгариш йўқ



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Лойиҳа энди 14 декабрь куни Сенатнинг ялпи йиғилишида кўриб чиқилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари кеча, 10 декабрь куни Солиқ кодексининг янги таҳририни қабул қилди. Қонунчилик палатаси Давлат бюджети бошқармаси мутахассисининг айтишича, адвокатлар ва адвокатлик тузилмаларини солиққа тортиш тартиб-қоидалари тўғрисидаги моддаларга ҳеч қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмаган.

Хабарингиз бор, Кодекс лойиҳаси жорий йилнинг сентябрь ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, ўшандаёқ ҳужжатнинг адвокатурага доир қисми соҳа вакиллари орасида норозилик уйғотган эди. Айниқса, адвокатлик фирмалари ва бюроларининг солиққа тортишда тадбиркорлик субъектларига тенглаштирилгани жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Адвокатлар палатаси таклиф этилаётган янги тартиб билан келишиб бўлмаслигини билдириб, ўз эътирозларини Конституция ва қонунларда белгиланган нормалар билан асослаб берди. Адлия вазирлиги бу масалада Палатанинг позициясини қўллаб-қувватлаб, адвокатлик фирмалари ва бюроларига тадбиркорлик субъектлари билан баб-баравар солиқ солиниши мақсадга мувофиқ эмаслигини маълум қилди.

Таклиф этилаётган тартиб адвокатура институтининг ривожланишига яна бир тўсиқ бўлади, деган хавотирлар бор. Зеро, бу адвокатлик тузилмаларига солиқ юкининг ошишига олиб келади, натижада эса, фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига профессионал юридик ёрдам кўрсатиш сифати пасайиши ҳамда тергов ва суд иши юритишда малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини таъминлашда қийинчиликлар туғлиши, юридик ёрдам кўрсатиш қиймати ошиши ва аҳоли учун ортиқча сарф-харажатлар вужудга келиши мумкин.

Аниқлашимизча, Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳужжатга 70 дан ортиқ таҳририй ва концептуал ўзгаришлар киритилган, Кодекс бир оз ихчамлаштирилиб, якунда моддалар сони 479 тани ташкил этган (дастлаб 489 моддадан иборат эди).

Янги Солиқ кодекси лойиҳаси 14 декабрь куни чақирилган Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган бўлиб, шу мажлисдаёқ қабул қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат Сенат тасдиқлаганидан сўнг Президент томонидан имзоланади.

PS. Кодексдаги адвокатурага тегишли икки моддани лойиҳа вариантидан телефон орқали Қонунчилик палатасидаги манбамизга сўзма-сўз ўқиб бериб, ҳеч қандай ўзгартиш киритилмаганини тасдиқлатиб олган эдик. Бироқ хабар эълон қилинганидан сўнг бизга бошқа манба орқали келган маълумотга кўра, депутатлар узоқ тортишув ва муҳокамалардан сўнг адвокатурани солиққа тортишнинг амалдаги тартибини қолдиришга қарор қилишган эмиш. Мазкур версия эса маълумот юзасидан қўшимча текширув ўтказишни талаб қилади. Начора, давлатнинг олий идоралари фаолияти шаффоф бўлмас экан, ахборот маконида англашилмовчиликлар келиб чиқаверади...

2019-12-10 17:50:16  |  2520 |   0  | 

3 изоҳлар

Декабрь 11, 2019  14:59

1.Адвокат Тохирбек

Адвокатлар палатаси ўз норозичиликлари билан Конституциявий судга чиқсин.

Декабрь 10, 2019  20:46

2.Дилмуроджон

Хар доимгидек адвокатлар езаверади, натижа булмайди. Адвокатларни муносабатларига эътиборсизлик хаммани суяк-суягига сингиб кетган.

Агар шундай бўлса, адвокатлик фаолиятида кескин қисқаришлар бўлиши аниқ... Афсус, бу давлат сиёсатига, қонунга, президент стратегиясига зид!!! Минг афсус.... биз ана шундай депутатлар билан бир ҳаводан нафас оляпмиз...(?), Афсус.....!



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация